Жамият

Прокуратура биноси олдида ўғлига қўйилган айбловлардан норози аёл ўзини ёқиб юбормоқчи бўлди

Унинг ўғли бир фуқарони 3 йил муддат текинга ишлатиб хизмат ҳақини бермаган. Шунингдек, унинг нафақаларини ҳам олиб ишлатиб юборган.

Прокуратура биноси олдида ўғлига қўйилган айбловлардан норози аёл ўзини ёқиб юбормоқчи бўлди
Фото:UzNews.uz

Тошкент вилоят прокуратураси ўғлига нисбатан очилган жиноий иш ва эҳтиёт чорасидан норози бўлиб Оҳангарон тумани прокуратураси олдида ўз жонига қасд қилишини айтган аёл юзасидан расмий муносабат билдирди.

 

Маълум қилинишича, аёлнинг ўғли Б.М. 2017 йил март ойида фуқаро В.М.ни яшаш учун бошпанаси йўқлигидан фойдаланиб, уни хонадонига олиб келган. Унга бошпана берганлиги учун ўзига қарам қилиб, текинга ёлланма ишчи сифатида ишлатиб келган ва унинг шахсига оид барча ҳужжатларини олиб қўйиб, хизмат ҳақи бермаган. 

 

2020 йил 15 сентябрдаги фуқаролар Х.Н. ва В.М.ларнинг аризаси юзасидан 2020 йил 23 сентябрда Оҳангарон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан ЖКнинг 105-моддаси 1-қисми, 227-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

 

2020 йил 24 сентябрда туман прокурорининг тинтув ўтказиш ҳақидаги санкцияси билан видео тавсирга олинган ҳолда, Б.М.нинг яшаш хонадонидан В.М.нинг фуқаролик паспорти, жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси, нотариал тартибда расмийлаштирилган ишончнома, иш ҳақи тўғрисида маълумотномалар ва “кўкнори” ўсимлигига ўхшаш ўсимлик бошоқлари топилиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилиб олинган.

 

Шунингдек, аёлнинг ўғли Б.М. фуқаро В.М.нинг ишончига кириб, уни алдаб, номига пенсия учун АТ “Халқ банки” Ангрен филиалидан пластик карточкаси расмийлаштириб, ушбу ҳолатларни В.М.дан яшириб келган. Шунингдек, 2018 йил 1 сентябрдан 2020 йил 21 сентябрга қадар фуқаро В.М. номига ҳисобланган жами 10 миллион 987 минг 167 сўм миқдоридаги пенсия пулларни пластик карта орқали олиб, ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

 

2020 йил 25 сентябрда Б.М.га нисбатан туман ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 2-қисми “в,г,и”бандлари, 168-моддаси 1-қисми, 227-моддаси 2-қисми “а” банди ва 105-моддаси 1-қисми билан айблов эълон қилинган ва шу куни “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси танланган.

 

Лекин фуқаро С.М. ижтимоий тармоқларда ва Оҳангарон туман прокурори номига ёзган мурожаатларида укаси Б.М. Оҳангарон туман прокурори ўринбосари ва терговчиси билан уришиб қолганлиги сабабли, укасига нисбатан ноқонуний равишда қўзғатилган жиноят иши бўйича қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилганлигини маълум қилган. Шунингдек, Б.М.нинг онаси 2020 йил 7 октябрь куни туман прокуратурасига келиб, туман прокуратураси ходимларини ҳақоратлаб, ўғли Б.М.га нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини ўзгартириб, уни озодликка чиқаришни, акс ҳолда туман прокуратураси темир панжарасига рўмоли ёрдамида ўзини осишини ёки ёқиб юборишни таъкидлаб, провакацион ҳаракатларни амалга оширган. 

 

Б.М. доимий равишда терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларига белгиланган тартибда чақиртирилганда ўзини агрессив тутиб, прокуратура ходимларини ҳақоратлаб, уларга туҳмат қилиб, шаъни ва қадр-қимматини камситиб келган.

 

Тошкент вилоят прокуратураси Б.М. ва онасининг юқорида келтирилган ҳақоратли мурожаатлари ва видеолавҳалар мавжудлигини таъкидламоқда.

 

Тошкент вилоят ИИББ томонидан берилган маълумотномага кўра, Б.М.нинг онаси ва опаси С.М.лар муқаддам Ўзбекистон МЖтКнинг 183-моддаси ҳамда 194-моддаси 1-қисми билан маъмурий ҳуқуқбузарликка тортилганлиги кўрсатилган.

 

Б.М.нинг онаси ва опаси С.М.ларнинг туман прокурори ўринбосарига туҳмат қилиб, ҳақоратлагани юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасига кўра, уларнинг хатти-ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмаганлиги сабабли, уларга нисбатан 2020 йил 5 ноябрда ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига кўра, жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш, уларнинг ҳаракатларида МЖтКнинг 40-моддаси ҳамда 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги сабабли, уларга нисбатан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилган.

комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ