1 USD = 10490.65 1 EUR = 12513.25 1 RUB = 140.52
БРВ = 245 000 сум МРОТ = 747 300 сум
1 USD = 10490.65 1 EUR = 12513.25 1 RUB = 140.52
БРВ = 245 000 сум МРОТ = 747 300 сум
Жамият
14 декабря 2020 г. 586 0

Конституцияга қандай ўзгартиришлар киритилаётгани ҳақида маълумот берилди

Маълум қилинишича, мазкур ўзгаришлар Президентнинг 2020 йил 24 июлдаги ПФ 6034-сонли Фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиққан.

Конституцияга қандай ўзгартиришлар киритилаётгани ҳақида маълумот берилди
Фото: Халқ таълими вазирлиги

Жорий йил 11 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтадиган сана ва ялпи мажлис кун тартибида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги масала ҳам кўрилиши ҳақида маълум қилинган эди.  

Ушбу хабар ортидан жамоатчилик томонидан Конституцияга айнан қандай ўзгартиришлар киритилаётганлиги ва унинг асослари нималардан иборатлиги ҳақида саволлар пайдо бўла бошлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевнинг таъкидлашича, бу ўзгаришлар, аввало, Президентнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ 6034-сонли Фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиққан бўлиб, унга кўра 2021 йил 1 январдан бошлаб:  

– вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;

– маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши назарда тутилган.

Шунингдек, Фармонга асосан, 2021 йил 1 январдан суд тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилаётганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Конституциясининг 107-моддаси биринчи қисмини қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф этилмоқда:

“Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистан Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, жиноят ишлари буйича туман (шаҳар) судлари, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судларидан иборат”.

“Бу ўзгаришлардан мақсад  фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришига барҳам бериб, уларнинг муаммосини бир жойда ҳал қилиш, суд тизимини бошқариш масалаларини такомиллаштириб, вилоят ва унга тенглаштирилган судларни ташкилий, молиявий ва моддий-техник таъминлаш ишини яхшилашга эришишдан иборат.

Шунингдек, миллий қонунчилигимизда рус тилидаги “законодательство”, ва “акты законодательства” тушунчалари ўзбек тилида “қонун ҳужжатлари” деб, рус тилидаги “закон” ва “законодательный акт” тушунчалари ўзбек тилида бир хил “қонун” деб ишлатилган.

Миллий норматив-ҳуқуқий базада давлат тилидаги “қонунчилик” тушунчаси қонунларда ишлатилмаган.

Шу боис, “Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиришлар киритиш билан бир вақтда Конституцияда ҳам ушбу сўзларни тўғри қўллаш мақсадида “законодательство - қонунчилик”, “акт законодательства – қонунчилик ҳужжати”, “законодательный акт – қонун ҳужжати” кўринишида бериш таклиф этилмоқда.

Шу муносабат билан, давлат тилидаги Конституциянинг 7-моддаси иккинчи қисмига, 33-моддага, 85-модда тўртинчи қисми 8-бандига, 86-модда бешинчи қисми 8-бандига, 93-модда биринчи қисми 16-бандига, 98-модда учинчи қисмига, 100-модда саккизинчи хатбошисига, 117-модда саккизинчи қисмига ўзгартиришлар киритилмоқда.

Нима бўлганда ҳам бу ўзгаришлар фақат ва фақат фуқароларнинг фойдаси йўлига хизмат қилишига қаттиқ умид қиламиз”, дейди Расул Кушербаев.

Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей
Весь топ обсуждаемых статей