Иқтисодиёт

Тошкентнинг янги туманида металлургия заводи ишга тушди

Шавкат Мирзиёев ушбу мажмуа очилишини “тарихий воқеа” деб атади.

Тошкентнинг янги туманида металлургия заводи ишга тушди
Фото:president.uz

Шавкат Мирзиёев яқинда ташкил қилинган Янгиҳаёт туманида  барпо этилган Тошкент металлургия заводининг очилиш маросимида қатнашди. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар берди.  

 

Давлат раҳбари Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу мажмуа очилишини “тарихий воқеа” деб атади.

 

Ушбу завод қурилиши 2017 йил февралда бошланган эди. Президент 2018 йил августда бу ерга келиб, бунёдкорлик ишларини кўздан кечирганди. 

 

Шавкат Мирзиёев бунга ҳисса қўшган лойиҳачи ва қурувчиларга, хорижий ҳамкорларга ташаккур изҳор этди.

 

– Биз инновацион иқтисодиётни шакллантириш, замонавий саноат, қулай сармоявий муҳитни яратиш, хорижий давлатлар ва етакчи компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор бермоқдамиз. Бугун ҳар жиҳатдан ноёб бўлган Тошкент металлургия заводининг ишга туширилиши бу борадаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир амалий намоёнидир, – деди Президент.

 

Қайд этилишича, мамлакатда қора металлургия ривожланмагани сабабли саноат корхоналари кўп муаммога учрар эди. Энди Тошкент металлургия заводида йилига 500 минг тонна рух ва полимер қопламали металл листлар ишлаб чиқарилади. Бу қурилиш материаллари, маиший техника, электротехника ва озиқ-овқат саноатидаги юзлаб корхоналарнинг эҳтиёжини таъминлаш имконини беради. Илгари бундай маҳсулотлар асосан четдан олиб келинарди.

 

Келажакда ушбу завод автомобилсозлик ва қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналари эҳтиёжини ҳам қоплашга хизмат қилади.

 

Мазкур мажмуада биринчи босқичда импорт ўрнини босадиган маҳсулот ишлаб чиқариш ҳисобидан 400 миллион долларга яқин маблағ тежалади. Маҳаллийлаштириш даражаси сезиларли ошади.

 

Мажмуада 700 га яқин киши ишлайди. Лекин, турдош тармоқлар билан бирга ҳисоблаганда, 5 мингта янги иш ўрни ташкил этилиши мумкин.

 

Тез орада янги корхона Бекободдаги металлургия комбинати билан яқин ҳамкорликда фаолият юритади. Бугунги кунда Бекободда қиймати 800 миллион доллар бўлган лойиҳа амалга оширилмоқда – 1 миллион тонна маҳсулот чиқариш қувватига эга қуюв-прокат мажмуаси барпо этиляпти. Унинг маҳсулотлари Тошкент металлургия заводи учун хомашё бўлади. Шунинг ўзи рух ва полимер қопламали листларнинг маҳаллийлаштириш даражасини 90 фоизга етказиш имконини беради.

 

– Ҳаракатларимизнинг асосий мақсади яқин йилларда яхлит, “нолдан тайёр маҳсулотгача” бўлган металл ишлаб чиқариш кластерини яратишдан иборат, – деди Шавкат Мирзиёев ўз чиқишида.  

 

Келгуси йил апрелда Тошкент шаҳрида “Иннопром” халқаро инвестиция ва саноат кўргазмаси ўтказилиши янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.

 

Россиянинг “Метпром” компанияси директорлар кенгаши раиси Станислав Лазуткин, Италиянинг “Даниели” компанияси бош директори Жакомо Марески Даниели, меҳнат фахрийлари, ёшлар сўзга чиқди.

 

Тошкент металлургия заводи фаолиятига старт берувчи рамзий тугма босилди.

 

комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ