Бангладешдан қарийб 900 нафар меҳнат мигрантлари Ўзбекистонга олиб келинади. Уларни Қаршидаги инжиниринг компанияси ёллаган. Аммо айнан компания номи келтирилмаган. Бу ҳақда Бангладешнинг Daily Star нашри маълум қилди.
Нашр маълумотларига кўра, бангладешлик 239 нафар ишчини олиб келган биринчи самолёт Ўзбекистонга қўнган. Юқори малакали ишчиларнинг қолган қисми яқин вақт ичида иккита рейс билан етиб келади.
Бангладеш меҳнат бозорини таҳлил қилаётган мутахассислар Ўзбекистонни ушбу мамлакат фуқароларини иш билан таъминлаш учун яхши имконият, деб баҳолашмоқда. Бангладеш ҳукумати учун ҳозирги кунда янги меҳнат бозорларини излаб топиш ўта муҳимдир. Чунки турли сабабларга кўра Форс кўрфази мамлакатларида хорижий ишчиларга бўлган талаб сезиларли даражада камайган.