Жамият

“Uzbekistan GTL” заводидаги тартибсизликнинг асосий сабаблари айтилди

Касаба уюшмалари федерацияси расмийси асосий сабаблар сифатида карантин ва ишчилар билан ўрнатилган муносабатни кўрсатди.

“Uzbekistan GTL” заводидаги тартибсизликнинг асосий сабаблари айтилди
Фото:Bugunuz / Telegram

Кеча, 9 ноябрь куни Тошкентда Касаба уюшмалари федерациясининг 2016–2020 йиллардаги фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.  

 

Федерация раиси ўринбосари – меҳнат инспекцияси бошлиғи Қобилжон Қирғизалиев 21 октябрь куни Қашқадарёнинг Ғузор туманидаги “Uzbekistan GTL” заводида юз берган оммавий тартибсизлик сабабларини маълум қилди, деб ёзмоқда Kun.uz.  

 

Раис ўринбосарининг маълум қилишича, ташкилот томонидан ишчи гуруҳ тузилиб воқеа жойига борилган ва уч кун давомида тўполон сабаблари ўрганилган. 

 

Оқибатда жанжал келиб чиқишининг бир нечта сабаблари аниқланган. Қобилжон Қирғизалиев карантин шароитида ишлаш режими ўзгарганини асосий сабаб сифатида келтириб ўтди.

 

“2016 йилда Қашқадарёда йирик химия комплексини қуриш бўйича қарор қабул қилинган. Маълум сабаблар билан қурилиш дастлабки йилларда сал сустроқ кечган. Кейинги 1 йилдан ошиқ вақт давомида жуда катта қурилиш-монтаж ишлари бажариляпти.

 

Умумий олганда, қурилишда 17 мингдан ошиқроқ одам ишлаши керак. Ҳозирда 13500дан ортиқ ишчи ишлаяпти. Бунинг 10 мингдан кўпроғи – маҳаллий ишчи-ходимлар, қолганлари хорижлик қурувчилар.

 

Воқеа бўлганидан кейин биз катта гуруҳ туздик-да, ўша жойга етиб бордик. 14 та саволдан иборат анкета тузиб, 3 кун давомида 1500 га яқин ишчи билан мулоқот ўтказдик. Тўлдирилган анкеталарнинг ҳаммаси бор. Муаммо ва камчиликларни аниқлашга ҳаракат қилдик.

 

Энг катта муаммо – у ерда ходимлар илгари 22 кун ишлаб, 8 кун дам олиш режимида ишлаган, лекин пандемия туфайли ўша режим бузилган. Улар ишда 60–70 кун қолиб кетишган. Тасаввур қилинг, иш жойининг атрофи ўралган. Ҳеч қаерга чиқиш мумкин эмас. Тўртта пост бор. Ҳеч кимни киргизмайди ҳам, чиқармайди ҳам.

 

Ишчи-ходимларни автобусда олиб киради. Яшаш учун 13400 кишилик шаҳарча қурилган. У ерда ҳам тўртта пост бор. Кириш-чиқиш мумкин эмас. Лекин ичида барча шароитлар яратилган. Автобус яшаш жойидан ишга, ишдан яшаш жойига олиб боради. 60–70 кун давомида одамлар шу шароитда яшашган. Иложи йўқ, ҳаммага келган тўй. Ўша ерда қолиб кетишган.

 

Бундан ташқари, 14 кунлик карантин жорий қилинган бўлиб, улар ҳам шунча вақт карантинда сақланган.

 

Компания ишчи-ходимлар соғлиғини муҳофаза қилиш учун 5 млрд сўм сарфлаган: ишчиларга тест топшириш учун шароит яратилган; енгил шаклдаги касаллар ўша ерда, оғирроқлари шифохонага олиб борилиб, компания ҳисобидан даволанган. Яшаш жойида ҳам, иш жойида ҳам катта поликлиника бор.

 

130 га яқин автобус уларга хизмат кўрсатади. Ётоқ жойидан ишга олиб боради. Баъзиларини тушликка ҳам ётоқ жойига олиб келади.

 

Шунда 30 тага яқин автобусни ичида шароит озгина оғирроқ. Масалан, кондиционер ишламайди ёки ўриндиқлар яроқсиз ҳолга келиб қолган ва ҳоказолар. Бу ҳам уларнинг руҳиятига таъсир қилган.

 

Учинчидан, 10 та овқатланиш корпуси – ошхоналар бор. Буларга моноблок деган нарса ўрнатилган экан. Бунда карта берилади. Ишчи келади. Моноблокка қўяди. У ердан чек олинади. Чекни олиб бориб ошпазга узатилади. Кейин у овқатини беради.

 

Тасаввур қилинг, мингта одам овқатга навбатда турибди. Ҳар биттасини қўлида моноблок. Шу нарса одамлар 30–50 дақиқагача навбатда қолиб кетишига олиб келган.

 

Эрталабдан бетон қуйган инсон 50 дақиқагача қони оч қолиб кетса, бу албатта унинг руҳиятига салбий таъсир қилади”, – деди Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари.

 

Қирғизалиевнинг сўзларига кўра, озиқ-овқат ва иш ҳақи билан боғлиқ муаммо кузатилмаган. У бундай бузғунчилик келиб чиқишига иш жойида ўзаро аҳил муҳитнинг яратилмагани ҳам сабаб эканини қайд этди.

 

“Яна бир асосий сабаби – инженер-техник ходимлар билан ишчилар ўртасидаги ўзаро муносабат ҳам етарли даражада ижобий ташкил этилмаган.

 

Жанжал юз берган куни эрталаб соат 7:30 да 500–600 нафар ишчи овқатлангани келган. Моноблок бузилиб қолган. Навбат узоқ чўзилган ва шу сабр косаси тўлишига охирги томчи бўлган.

 

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар бу масала билан шуғулланишяпти. Ким шунга даъват этганини аниқлаш ишлари кетмоқда. Буни аниқлаш шарт.

 

Қонунда белгиланган тартибда ўзининг эътирозини айтиш керак эди. Биз бориб кўзимиз билан кўрдик: 7–8 та ошхона ичидаги ҳамма нарсани пачоқлаб ташлашган; компьютерларни, совутадиган жиҳозлар, ҳаттоки ўзларига тиббий ёрдам кўрсатадиган тиббиёт пунктини ҳам деразаларини синдириб ичкарига киришган. Ҳамма буюмларни дабдала қилишган. Иш бу даражага етишига сабаб бўлган қанақадир даъватчилар бўлган.

 

Биз ўша ошхонанинг овқатидан еб кўрдик. Бунақа овқатни уйда ҳам кўпчилик одамлар емайди. Биринчи, иккинчи овқатлар ва ҳоказолар бор. Тўполондан кейин яна ош ҳам қўшиб берилди. Овқатдан нолийдиган жойи йўқ.

 

Кейин иш ҳақи. Бориб ҳужжатларни кўриб чиқдик. Ҳозир меҳнат вазирлиги буни ипидан игнасигача текширяпти. Сентябрь ойининг иш ҳақи ҳам бериб бўлинган экан.

 

Иш ҳақи ёки овқатдан норозилик йўқ уларда.

 

Биз ўзимиз қилган иш ҳақида икки оғиз гапирсам. Биринчи навбатда 20 та янги автобус олдириб, эртасига олиб бориб қўйдик ўша заводга. Моноблокни бекор қилдик. 22 кун иш, 8 кун дам олиш режимига қайтди. Ишчилар яшаш жойида бир ҳафта – ўн кунда савдо комплекси қуриладиган бўлди. Спорт билан шуғулланиш учун қўшимча зал ҳам қилинадиган бўлди.

 

У ерда ишлаётган 10 мингдан ортиқ одамнинг 4-5 мингтаси касаба уюшмалари аъзоси экан. Ўша ерни ўзида заводни касаба уюшмасини ҳам туздик. Ҳозир фаолият олиб боряпти. Мулоқотдамиз. Вазият яхши. Одамлар ишлаяпти, меҳнатини қиляпти. Шароитдан рози”, – дейди Қирғизалиев.

 

Эслатиб ўтамиз, оммавий тартибсизликларда иштирок этган бир гуруҳ ишчиларга қарши жиноий иш очилган.  

 

Намойиш оқибатида хизмат хоналарида ўрнатилган 19 турдаги 14 млн 320 минг сўмлик кузатув камералари, 9 дона ҳар хил турдаги жами 4 млн 365 минг сўмлик ёзув столлари, 33 дона жами 27 млн 777 минг сўмлик кондиционерларга, жами 480 млн сўмлик жуда кўп миқдордаги мол-мулкларни яроқсиз ҳолатга келтирилган.

комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ