Жамият

UzAuto Motors иши бўйича Олий суд тушунтириш берди: "томонлар суд қарори устидан шикоят қилишмаяпти"

Олий суд Матбуот хизматига кўра, иш автокомпания фойдасига ҳал бўлганидан сўнг томонлардан апелляция шикояти ёки протест киритилмаган.

UzAuto Motors иши бўйича Олий суд тушунтириш берди:
Фото:МҚКҚ, UzAuto Motors АЖ

Олий суд Матбуот хизмати UzAuto Motors АЖ ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўртасида бўлиб ўтган суд иши юзасидан тушунтириш берди.

 

Маълум қилинишича, 2020 йил 30 октябрда Тошкент шаҳар маъмурий судининг UzAuto Motors АЖнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси Махсус комиссиясининг 21/31-сонли иш бўйича 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинган.

 

«Ушбу қарор қатор оммавий ахборот воситалари ва турли ижтимоий тармоқларда журналистлар, блогерлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда фуқароларнинг кенг бахс-мунозараларига, эътирозларига сабаб бўлди.

 

Шу муносабат билан қуйидагилар маълум қилинади:

 

Монополияга қарши курашиш қўмитаси UzAuto Motors АЖнинг рақобат ва соҳа қонунчилиги талабларига риоя этилиши, жамият томонидан ишлаб чиқарилаётган енгил автомобиллар таннархининг шаклланишини ва нарх қўлланилиши асослиги юзасидан текшириш ўтказиб, текшириш натижаси махсус комиссияда кўриб чиқилган.

 

2020 йил 19 августда Махсус комиссия UzAuto Motors АЖ томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонун ва “Товарлар (ишлар, хизматлар) тартибга солинадиган нархларни шакллантириш, декларация қилиш ва белгилаш ҳамда уларнинг қўлланилишини давлат томонидан назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари бузилган деб топиб:

 

– асоссиз киритилган ҳаражатларни автомобиллар чакана нархидан чегириш, асоссиз олинган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш ёхуд истеъмолчиларни аниқлаш мумкин бўлмаган тақдирда, Қўмита ҳузуридаги бюджетдан ташқари Рақобатни ривожлантиришга кўмаклашиш жамғармасига ўтказиш;

 

– енгил автомобилларни сотиш бўйича келгусида тузиладиган шартномаларни асоссиз ҳаражатларни чегириш орқали шакллантирилган нархлар асосида ёки жамиятнинг маркетинг стратегиясидан келиб чиқиб енгил автомобилларнинг нархлари ўртача 10,29 фоиздан кам бўлмаган даражада ва таннархдан асоссиз ҳаражатларни камайтиришни инобатга олган ҳолда амалга оширилишини таъминлаш;

 

– енгил автомобилларни истеъмолчиларга истеъмолчилар навбатини инобатга олмаган ҳолда реализация қилинишини тўхтатиш ва бошқа мажбуриятлар юклатилган.

 

2020 йил 17 сентябрь куни UzAuto Motors АЖ Монополияга қарши курашиш қўмитаси Махсус комиссиясининг ушбу қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят билан судга мурожаат қилган.

 

UzAuto Motors АЖнинг шикояти Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан бир неча суд мажлисларида тарафлар вакилларининг барча кўрсатмалари ва важлари тингланиб, тақдим этилган далиллари муҳокама қилиниб, 2020 йил 30 октябрь куни қаноатлантирилган ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси Махсус комиссиясининг 21/31-сонли иш бўйича 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топилган.

 

Мазкур ҳал қилув қарори қабул қилингандан сўнг тарафларга қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда унинг устидан шикоят қилиш тартиби ва муддатлари тушунтирилган.

 

Таъкидлаш жоизки, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 200-моддаси (апелляция шикояти бериш (протест келтириш) ҳуқуқи) нинг 1-қисмига кўра, агар қонунда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан йигирма кун ичида берилиши мумкин.

 

Ҳозирги кунга қадар тарафлар ва прокурор томонидан суднинг юқоридаги ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти ёки протести берилмаган. 

 

Апелляция шикояти ёки протести берилганда шикоят юқори инстанцияда мазмунан кўриб чиқилади», дейилади Олий суд изоҳида.

комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ