Бугун ижтимоий тармоқларда “Олмалиқ КМК” АЖ биноси олдида кўплаб фуқаролар тўплангани акс этган видео тарқалганди.
ОКМК Ахборот хизмати ҳодиса бўйича қуйидагиларни маълум қилди.
Бугун "Металлург" маданият саройи ҳудудида Олмалиқ шаҳар корхона ва ташкилотлари иштирокида «Бўш иш ўринлари Меҳнат ярмаркаси» ташкил этилган.
Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилаётган мазкур тадбирда Олмалиқ шаҳар сектор раҳбарларининг сайёр қабули ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати эса талабгорларнинг кўплиги, ишга кириш истагида яқин ҳудудлардан ҳам келган фуқаролар ҳисобига мўлжалланган жойда тиқилинч юзага келгани туфайли зудлик билан маданият саройига ёндош ҳудудда жойлашган "Ёшлар боғи"га кўчирилганини маълум қилди.
Қабулда аҳоли сони ва мурожаатлар кўплигини инобатга олиниб, карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда ҳозирда ушбу меҳнат ярмаркаси шаҳар корхона-ташкилотлари ва тижорат банклари иштирокида «Ёшлар боғи»да давом этмоқда.
Маълум қилинишича, “ОКМК” АЖда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. «Ёшлик-1» конининг ўзлаштирилиши натижасида янги объектлар, хусусан 3-МБФ қурилиши муносабати билан комбинатда 10 мингта иш ўрни босқичма-босқич очилади.