Жамият

Интеллектуал мулк муҳофазасининг такомиллашуви – эртанги кун гарови

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 27-моддасига мувофиқ, “Ҳар ким ўзи муаллиф бўлган илмий, адабий ёки бадиий асарлардан келиб чиқадиган маънавий ва моддий манфаатларини ҳимоя қилишга ҳақлидир”.

Интеллектуал мулк муҳофазасининг такомиллашуви –  эртанги кун гарови
Фото:Иллюстрация

Шунга кўра бутун дунёда муаллифлар ва уларнинг ҳуқуқий ворислари манфаатларини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Интеллект уал мулкни ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмлари жорий этилиши ривожланган давлатлар иқтисодиётининг пойдеворини ташкил этади.

 


Агарда бугунги кунда дунёда йилига интеллектуал мулк объектларига бир миллионга яқин патент берилса, технологиялар, илмий тадқиқотлар ва маданиятни ривожлантиришга қаратилган инвестицияларнинг ўсишига қарамай, мамлакатимизда йилига атига 4 минг 500 атрофида интеллектуал мулк объекти, жумладан, 2 мингдан зиёд товар белгилари рўйхатдан ўтади, улардан бор-йўғи 72 та товар белгиси халқаро рўйхатдан ўтказилган. 

 


Инновацион ва рақамли технологияларга асосланган ишлаб чиқаришга ўтиш, янги авлод муаллифларини тарбиялаб, вояга етказиш вазиятни ўзгартириши мумкин. 

 


Интеллектуал мулк объенктларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тизимини кучайтириш нафақат интеллектуал мулк ҳуқуқларини тан олиш балки, муаллифлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ишланмаларидан ноқонуний фойдаланишдан ҳимоя қилади ва уларга ўз ихтироларидан моддий манфаат олишга имкон беради. 

 


Жорий йилнинг 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган йиғилишда илмий ишланмалар учун патент олиш бўйича талаблар эскириб қолганлиги, шунингдек, юртимизда қийматни баҳолаш тизими амалда ишламаётганлиги, бунинг оқибатида кўплаб ишланмалар тижоратлаштирилмай қолиб кетаётганлиги таъкидланди. 

 


Интеллектуал мулк соҳибларининг маҳсулотларини хавфсизлигини таъминлашда очиқ манбали маҳсулотлардан фойдаланишни ҳуқуқий тартибга солиш масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Дархақиқат, ҳозирда ҳаётнинг деярли барча жабҳаси электронлашиб, кибер ҳимоячилар ва IT дастурчиларининг инновацион ғоя ишланмаларига муҳтожлик тобора кучайиб бормоқда. Чунки, масофавий таълим, онлайн иш тизими, бўш вақтнинг деярли онлайн мулоқот, ахборот алманишуви, онлайн филмлар томоша қилиш ва бошқа вертуал машғулотлар авж олиб бораётган шароитда интеллектуал мулкни ҳимоя қилишнинг долзарб муаммолари вужудга келмоқда. Бунда IT дастурлар ишлаб чиқувчиларининг ихтироларига мухтожлик мавжуд бўлиб, уларни ҳам ўз навбатида патентлаш масаласи олдинга чиқади.

 


Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, патентлаш тартибини соддалаштириш, бу борадаги мутахасиссларни, патент вакилларини муносиб ўқитиш ва малакасини оширишни йўлга қўйиш лозим. Шу мақсадда бугунги кунда Юристлар малакасини ошириш марказида илк маротаба патент вакиллари учун қайта тайёрлаш курслари ташкил этилди ҳамда интеллектуал мулк ҳуқуқи ва патент ҳуқуқи соҳасидаги малакали мутахассислар ва ўқитувчи профессорларни ўқув жараёнига жалб этиш учун уларнинг маълумотлар базаси шакллантирилди. Шунингдек, ўқув жараёни ташкил этиш бўйича бошқа барча чоралар кўрилди.

 


Маълумот ўрнида шуни ҳам таъкидлаш жоизки, патент вакили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 1 июлдаги 289-сонли қарори билан тасдиқланган низомга кўра, юридик ёки жисмоний шахслар номидан низом талабларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги ҳамда бошқа ташкилотлар олдида интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқий муҳофаза олиш ва уни амалга ошириш масалалари бўйича вакиллик қилиш ҳуқуқи берилган жисмоний шахсдир. 


Патент вакилларини тайёрлаш ва уларнинг мунтазам равишда малакасини ошириш келгусида таълим муассалари ва ишлаб чиқариш корхоналарининг энг илғор вакиллари, олимлар, тадқиқотчилар, экспрементал ишлаб чиқарувчилар томонидан яратилган илмий-ижодий ва технология натижаларни жамлаш, уларга ҳуқуқий муҳофаза олиш ва олинган патентларни тижоратлаштириш имконини беради.

 


Соҳада муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ажратиб олиш, интеллектуал ҳуқуқларни тасарруф этиш, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва шахсийлаштириш воситаларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш каби муаммолар ҳам мавжуд бўлиб, уларнинг қонуний ечимини топиш мумкин бўлган алоҳида қонун ҳужжатти тайёрланиш вазифаси олдимизда турибди.

 


Яна бир муаммо – юртимизда фан, адабиёт ва санъат асарларидан муаллифнинг розилигисиз фойдаланиш, ундан даромад олиш ҳолатлари кенг тарқалганлиги, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтиб, ойлик тўлов ундирадиган онлайн кинотеатрларда 30 мингдан ортиқ кино, сериал, қўшиқ, мультфильмлар жойлаштирилган бўлишига қарамасдан, бундан муаллифлар моддий манфаат кўрмаётганлиги ачинарли ҳол. Албатта бундай муаммо нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа давлатларда ҳам мавжуд. Мисол учун, Research & Development журналининг маълумотларига кўра, замонавий дунёга таъсир кўрсатган энг яхши топ - 100 та ихтироларнинг 91 фоизида патент мавжуд эмас, хозир жавоб бериш машинаси (автоответчик), галоген лампа, принтер ва антиникотин ямоқчалар (пластырь)ни шулар жумласидан. Бунга сабаб патент олиш жараёни мураккаб бўлиб, куплаб қоғозбозчиликлар ва маблағни талаб қилган.

 


Юқорида айтиб ўтилган муаммоларни бартараф этиш учун давлат экспертизасини тезкор тарзда амалга ошириш, миллий, халқаро олий малакали соҳа мутахассисларини жараёнга жалб этиш чораларини кўриш ҳамда интеллектуал мулк объектларига талабномаларни давлат экспертизаси жараёнида юқори малакали билимга эга бўлган экспертларни қўшимча жалб қилиш асосида (шартнома асосида ташқи манбалардан, яъни аутсорсинг хизматини кўрсатувчи корхоналар хизматидан фойдаланиш) ташкил этишни йўлга қўйиш самара бериши мумкин.

 


Бугунги кунда интеллектуал мулк объектлари муҳофазасини ҳамда муаллифлар ва ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилишини назорат қилиш, интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни фуқаролик муомаласига киритиш механизмларини ҳамда уларни ҳисобга олиш тизимини шакллантиришга эътибор қаратиш йўлларини ўйлаб топиш лозим. Ушбу жараёнда соҳа бўйича салоҳиятли кадрлар, патент вакиллари ҳамда соҳа экспертларининг билимларини етук даражага етказиш ва халқаро тажрибаларга мос равишда тайёрлаш муҳим аҳамиятни касб этади.

 

Раҳматов Анвар Исломович 
 

Тошкент давлат юридик университети

Интеллектуал мулк ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси

комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ