Жамият

"Жўнатмаларга қўйилаётган чеклов мамлакатимиз оддий фуқароларининг имкониятларини чеклайди"

Почта-курьерлик компаниялари уюшмаси халқаро курьерлик жўнатмаларига оид чеклов юзасидан Молия вазирлигига эътирозли хат йўллади.

Фото:UzNews.uz

Ўзбекистон Почта-курьерлик компаниялари уюшмаси Молия вазирлигига 2020 йил 8 октябрда regulation.gov.uz порталида эълон қилинган «Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳаси юзасидан эътирозини йўллади.

 

Фармон лойиҳасининг 14-бандида 2021 йил 1 январдан бошлаб божхона тўловлари олинмайдиган халқаро курьерлик жўнатмаларида (ХКЖ) жисмоний шахснинг манзилига келиб тушадиган товарларни республикага олиб киришнинг энг юқори меъёрини, бир календарь чоракда биринчи қабул қилинганда, 1000 AҚШ долларидан 200 AҚШ долларигача тушириш таклиф этилганди. Божхона тўловлари олинмайдиган брутто оғирлигининг энг юқори вазнини ҳам 10 килограммгача камайтириш таклифи киритилганди.

 

Уюшма авваламбор, “яширин иқтисодиёт”ни йўқ қилишнинг муҳимлигини эътироф этишини, аммо Фармон лойиҳасининг 14-бандида кўрсатилган ушбу янгилик ҳужжат аввалида кўрсатилган мақсадлар билан алоқадорлигини тушуна олмаётганини ёзади.

 

«Чунки гап фақат шахсий фойдаланиш учунгина жисмоний шахсларнинг манзилига келиб тушадиган ХКЖ лар устида бормоқда? ХКЖга оид бўлган, божхона тўловлари олинмайдиган чегаранинг пасайтирилиши юқоридаги соҳалардаги муаммоларнинг ечимига қандай таъсир кўрсата олиши мумкинлигига ҳужжатнинг ўзида ҳам тушунтириш берилмаган», дейилади Почта-курьерлик компаниялари уюшмаси хатида.


Уюшма шу муносабат билан соҳа иштирокчилари сифатида бир қатор саволлар ва таклифлар ўртага ташламоқда. 

 

Унга кўра, божхона чегарасини бир календарь чоракда 1000 АҚШ долларидан 200 АҚШ долларигача ва брутто оғирлигини 10 килограммгача камайтириш электрон тижоратнинг ривожланиши ва мавжуд бўлишига бевосита тўсқинлик қилади. Чунки шу муносабат билан электрон тижорат маҳсулотларининг якуний қиймати қўшимча божхона тўловлари ҳисобига истеъмолчи учун ошиб кетади, жисмоний шахслар томонидан шахсий фойдаланиш учун сотиб олинадиган электрон тижорат маҳсулотлари эса тижорат мақсадларида карго юклари орқали республикага олиб кириладиган бошқа товарлар билан таннарх бўйича умуман рақобатлаша олмай қолади. 

 

«Бундан ташқари, ҳар чоракда 200 АҚШ доллари деб таклиф этилаётган "чегара" аслида жуда паст, чунки товарларнинг якуний божхона қиймати транспорт харажатларини ҳам ўз ичига олади, халқаро курьерлик компаниялари томонидан чет элдан етказиб бериладиган товарлар учун ушбу ҳаражат анчайин сезиларли суммани ташкил этади. Биринчи навбатда, ушбу янгилик мамлакатимиз оддий фуқароларининг имкониятларини чеклайди», дейилади хатда.

 

Қайд этилишича, айни пайтда  ҳафтасига фақатгина DHL орқали 600 ва ундан ортиқ жўнатмалар келиб, уларнинг ҳар бирида бутун бошли оиланинг барча аъзолари учун керакли дорилар тўплами мавжуд. 

 

Уюшма пандемия даврида бундай жўнатмаларнинг нархи  200 АҚШ долларидан ошиб кетиши, уларга бўлган талабни эса чоракда бир маротаба қилиб чеклаб қўйиб бўлмаслигини айтади.

 

Молия вазирлигига йўлланган хатда «яна бир муҳим ва нозик масала» ҳақида ҳам гап боради. Яъни «жўнатма таркибининг ҳақиқий қийматини божхона ходимлари қандай аниқлайдилар, 200 АҚШ долларилик “чегара”, масалан 50, 100 ва ундан кўпроққа ошиб кетганини олувчиларга қандай исботлайдилар? Божхона хизматлари қандай ўлчов ва мезонлардан фойдаланадилар? Шу каби ҳолатлар божхоначилар, юк ташувчилар ва юк қабул қилиб олувчилар ўртасида нокерак низолар ва салбий ҳолатларни келтириб чиқармайдими?»

 

Шунингдек, уюшма энг муҳим масалани – бу тартиб айнан “яширин иқтисодиёт”ни ривожлантиришга хизмат қилишини айтади. 

 

«Яъни юкнинг асл қийматини яшириш учун ҳам юк қабул қилувчи-юборувчилар, ҳам товарни республикамизга ўтказувчи айрим божхоначилар томонидан ўзига хос “яширин схемалар” яратилишига туртки бериши мумкин», дейилади уюшма хатида.

 

Хат сўнггида уюшма юқоридаларни инобатга олган ҳолда, халқаро курьерлик жўнатмалари (ҲКЖ) орқали жисмоний шахсларнинг манзилига келиб тушадиган божхона тўловлари олинмайдиган товарларга нисбатан республикага олиб киришнинг энг юқори меъёрини ҳозирги ҳолатда, яъни бир календарь чоракда 1000 AҚШ доллари ва энг юқори вазнини 30 кг.гача қилиб сақлаб қолишга вазирликни «қатъий суръатда ундаши»ни билдиради.

 

«Бу электрон тижорат соҳасини ривожлантириш томон қўйилган энг мақбул, ижтимоий йўналтирилган ва истиқболли қадам бўлади», деб ёзади Почта-курьерлик компаниялари уюшмаси.

 

Эслатиб ўтамиз “Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳаси порталида оммавий кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш учун тақдим этилган.

комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ