Жамият

Божхона тўловлари ставкасини компаниямиз белгиламайди — UzAuto Motors навбатдаги суд мажлиси ҳақида

Компания учинчи шахсларнинг зиддият руҳидаги чақириқларини мутлақо номақбул деб ҳисоблашини билдирди.

Божхона тўловлари ставкасини компаниямиз белгиламайди — UzAuto Motors навбатдаги суд мажлиси ҳақида
Фото:UzNews.uz

Бугун, 16 октябрь куни UzAuto Motors АЖнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссиясининг 21/31-сонли ишига оид 2020 йил 19 августдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилаётган суд жараёни давом этди.  

 

Қайд этилишича, UzAuto Motors АЖ автомобиль ишлаб чиқарувчиси ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси ўртасидаги суд атрофида рўй бераётган оммавий баҳс-мунозаранинг конструктив ўзанга тушишига умид қилади. Компания учинчи шахсларнинг зиддият руҳидаги чақириқларини мутлақо номақбул деб ҳисоблайди, зеро гап иккита ташкилот ўртасидаги маданият ва ўзаро ҳурматга асосланган мулоқот ҳақида бормоқда.

 

UzAuto Motors АЖ юридик бошқаруви раҳбари Рустам Шаймардонов қуйидагиларни маълум қилди:

 

“Бугун МҚКҚ махсус комиссиясининг қарорини бекор деб тан олиш тўғрисидаги компаниямиз даъвоси бўйича суднинг учинчи мажлиси ўтказилди. Тингловлар жавобгарнинг аргументлари заиф эканлигини тасдиқлади ва бу кутилган ҳолат эди. Биз учун кутилмаган ҳол эса, жараёнга, кўринишидан рейтинг тўплаш ва жамоатчилик кайфиятини сунъий равишда бузишга уринаётган партия фаолларининг навбатдаги оммавий аралашуви бўлди.

 

Депутат Кушербаев ўз интервьюсида унинг UzAuto Motors’га қарши курашидан мақсад автомобиллар импортига қўйилган божхона тўловларини пасайтириш эканлигини эълон қилди. Эҳтимол, бу ҳурматли Расул Хидиралиевични ҳайрон қолдирар, лекин божхона тўловлари ставкасини асло бизнинг компаниямиз белгиламайди. Аксинча – 2018 йилда янгиланган компания раҳбарияти ўтган муддат давомида корхонанинг бу омилга боғлиқлигини бартараф этиш учун қўлдан келган барча чораларни кўрди. Икки йилдан зиёдроқ вақт давомида турли хил имтиёзлар, преференциялардан воз кечиш, шунингдек ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Балки бугунги янгилик ҳам бизнинг бардавом оппонентимиз эътиборидан четда қолмагандир: 2019 йилда UzAuto Motors’нинг соф фойдаси 2,6 триллион сўмга етди. Ҳолбуки, 2016 – 2017 йилларда гап 4,8 триллион сўм зарар ҳақида борарди. Бироқ, депутат Кушербаев ва унинг айрим ҳамкасблари, яққол фактларни инкор қилиб, заводга давлат томонидан берилаётган афсонавий субсидиялар ҳақида таъкидлайдилар. Воқелик буткул ўзгача: UzAuto Motors ғазнага триллионлаб солиқ-у дивидендлар тўлайди, республикадаги энг йирик солиқ тўловчиларидан бири саналади. Ҳатто карантин даврида, кўплаб ташкилотлар давлатдан ёрдам сўраган бир пайтда, биз бюджетдан бир тийин ҳам олмадик, шунингдек ҳар бир ишчи ўрнини сақлаб қолдик. Нима бўлганда ҳам, божхона божлари ставкаси – бу компаниямиз жамоасининг эмас, балки парламент аъзоларининг ишларидир, шу сабабли депутатнинг алангали даъволари аввало ўзларига қаратилиши лозим.

 

Кейин Расул Хидиралиевич компаниямиз “ҳар қандай ишга таъсир кўрсатиш учун етарлича кучли” дея эълон қилди. Агар гап бизда далиллар базаси кучлилиги ва юридик мавқеимиз ҳам пухтароқ эканлиги ҳақида бўлса, биз буни кутилмаган, лекин ёқимли мақтов ўлароқ қабул қиламиз. Аммо депутат ўз сўзларига ўзгача, лоббизм ва суд жараёнлари иштирокчилари ўртасидаги ноқонуний муносабатларга дахлдор маъно бераётган бўлса, мен у инсонга фикрларини аниқроқ ифодалашни тавсия қилардим, токи ҳар бир сўзига ҳуқуқий жиҳатдан қатъий баҳо бериш имкони бўлсин.

 

Интервьюда яна айтилганки, “компания асоссиз равишда нархларни оширган”. Ваҳоланки, ҳозирги оммавий мунозара жараёни бутунлигича ушбу даъвонинг баҳсли эканлиги атрофида қурилмаганми? Ҳурматли суд уни тасдиқлаш ёки рад этишга интилмаяптими? Шундай экан, суд қарори чиққунига қадар ўз тасаввурларини ҳақиқат дея тақдим этиш қанчалик тўғри? Боз устига, кимлардир буни олий қонунчилик ҳокимияти вакилининг суд ҳокимиятига босим ўтказишга уриниши деб тушуниши мумкин.

 

Бутун интервьюнинг лейтмотиви депутат UzAuto Motors’га қарши курашда тўхташ ниятида эмаслиги”ни эълон қилишдан иборат. Бу ҳолда, босма, электрон ОАВ ва телеканаллар катта қизиқиш билдирган биринчи суд мажлисига келган Расул Хидиралиевичнинг кейинги тингловларга мутлақо ташриф буюрмаганлиги ҳайратланарлидир. Зеро, жараённи ўз кўзи билан кўрганда, у айрим тасаввурларини ўзгартирган бўлармиди” деб ёзади Рустам Шаймардонов.

 

Бундан олдин  2 октябрь ва 9 октябрь кунлари ҳам суд мажлиси ўтказилган эди.

комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР
ДОЛЗАРБ
ОММАВИЙ
ҚИЗИҚАРЛИ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ