Тошкент вилояти Oлмалиқ шаҳрига Хамдамов Қобил Муроткулович ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Бунга қадар у Тошкент вилояти ҳокимининг шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаб келган.
Йиғилишда Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов Омалиқ шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда йўл қўйилган хато-камчиликларни тилга олди, шунингдек, собиқ шаҳар ҳокими Усмон Раҳимовнинг ўз шахсий ҳаётига ҳам эътиборли бўлиши, оиласига вақт ажратиши, фарзандлар тарбияси билан жиддий шуғулланиши лозимлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Усмон Раҳимовнинг катта фарзанди Тошкент кўчаларида Tracker'да катта тезликда юргани ортидан кенг муҳокамалар марказида бўлиб келаётганди.
Усмон Раҳимов ўғлининг ҳатти-ҳаракати бўйича изоҳ бериб, фарзанди билан жиддий гаплашиб олгани, фарзанди июнни охири, июль ойи бошидан бери машина ҳайдамаётганини айтганди.