Жамият

Тошкент кўчаларига ўрнатиладиган LED-экранларга оид қарор бир томонлама қабул қилинганми?

Реклама баннерларини шу йилнинг охирига қадар LED-экранлар алмаштиришга оид Ҳукумат қарорига тадбиркорлар томонидан норозилик билдирилмоқда.

Тошкент кўчаларига ўрнатиладиган LED-экранларга оид қарор бир томонлама қабул қилинганми?
Фото:antimon.gov.uz

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг биринчи ва иккинчи даражали марказий қатнов кўчаларида юқори технологияли ташқи реклама объектлари (конструкциялари)ни ўрнатилиши муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

 

Гап шундаки, жорий йил 4 октябрь куни ташқи реклама операторлари ва ташқи реклама воситалари эгалари Ҳукуматнинг 2020 йил 20 февралидаги 104-сонли қарори юзасидан ўз норозиликларини билдирган.

 

Уларнинг ёзишича, Ҳукумат қароридаги "янги қоидалар ва тартиблар ўтказилган давра суҳбатлари ва ваъдаларига қарамай, ишбилармонлар ва умуман жамоатчилик манфаатларини ҳисобга олмаган ҳолда бир томонлама қабул қилинган".

 

Улар мазкур қарор билан фискал юк ва тўловларнинг ортиши билан бир қаторда мамлакатдаги ташқи реклама бизнеси билан шуғулланувчиларнинг ишбилармонлик муҳитига катта зарар етказиши мумкинлигини айтмоқда.

 

Шунингдек, улар барча турдаги реклама тузилмаларини янги юқори технологик курилмалар – LED-экранлар билан алмаштиришга оид тартибга ҳам муносабатларини билдирганлар:

 

"Ўз-ўзидан савол туғилади: барча классик реклама тузилмаларини LED-экранларга алмаштириш истагини қандай изоҳлаш мумкин? Ушбу қарорни қабул қилишда қайси мутахассислар ва уларнинг хулосалари инобатга олинди? Aвтомобил эгалари учун LED-экранлар қанчалик хавфсиз ва улар одамларга керакми? Компаниялар янги талаб бўйича LED-экранларини ўрнатиши ёки бизнесни тарк етиши керак бўладими?

 

Бизнес ва реклама берувчиларимиз ушбу қарорга қанчалар рози бўлмоқдалар, ваҳоланки, LED-экранларида рекламани жойлаштириш классик форматларга қараганда анча қимматку?"

 

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ушбу мурожаатга ўз муносабатини билдирди. Унга кўра, бугунги кунда Тошкент шаҳрида 7100 дан ортиқ реклама объектлари (конструкциялари) мавжуд бўлиб, уларнинг 174 тасини (2,4%) видео экранли ташқи реклама объектлари (конструкциялари) ташкил этади.

 

Ҳукуматнинг 2020 йил 20 февралда "Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида"ги қарори билан Тошкент шаҳрида биринчи даражали марказий қатнов кўчаларида фақат видео экранли ва иккинчи даражали марказий қатнов кўчаларида аралаш турдаги юқори технологияли ташқи реклама объектлари (конструкциялари) ўрнатилиши белгиланган, Тошкент шаҳар ҳокимлигига Қурилиш вазирлиги билан биргаликда бундай реклама объектлари (конструкциялари) ўрнатилиши лозим бўлган биринчи ва иккинчи даражали марказий қатнов кўчалари рўйхатини тасдиқлаш вазифаси юклатилган.

 

Бугунги кунда, мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан юқори технологияли ташқи реклама объектлари (конструкциялари) ўрнатилиши лозим бўлган 217 та (шундан 94 таси биринчи ва 123 таси иккинчи даражали) кўчалар рўйхати шакллантирилган (Тошкент шаҳрида жами кўчалар 1300 тадан ортиқ).

 

"Шуни алоҳида кўрсатиб ўтиш лозимки, юқорида қайд этилган қарорга асосан, юқори технологияли ташқи реклама объектлари (конструкциялари) ўрнатган тадбиркорлик субъектларига бир қатор рағбатлантирувчи чоралар белгиланган, жумладан:

•  ер участкаларига ўрнатилган видео экранли ташқи реклама объектлари учун ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларнинг амал қилиш муддати қўшимча равишда 10 йилга узайтирилади;

•  ер участкаларига ўрнатилган видео экранли ташқи реклама объектига ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланадиган йиғим миқдорига 0,5 коэффициент қўлланилади", дейилади Қўмита муносабатида.

 

Шу билан бирга, Монополияга қарши курашиш қўмитаси реклама бозори иштирокчилари – тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида, юқори технологияли ташқи реклама объектлари (конструкциялари) ўрнатилиши лозим бўлган кўчалар рўйхатини, бундай объектларни Тошкент шаҳрининг асосан марказий ҳудудидаги кўчалар (шоҳ кўчалар)да ўрнатилиши юзасидан қайта кўриб чиқиш (рўйхатни қисқартириш) тўғрисидаги таклифни Тошкент шаҳар ҳокимлигига киритгани маълум қилинди.

комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР
ДОЛЗАРБ
ОММАВИЙ
ҚИЗИҚАРЛИ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ