Жамият

Совуқ қурол олиб юрганлар 223 мингдан қарийб 4,5 млн сўмгача жаримага тортилади

Совуқ қурол олиб юрганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Совуқ қурол олиб юрганлар 223 мингдан қарийб 4,5 млн сўмгача жаримага тортилади
Фото:Тошкент шаҳар ИИББ

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳоновнинг маълум қилишича, фуқаролар, айниқса, ёшлар орасида пичоқ ва бошқа совуқ қуролларни олиб юриш, ўзаро жанжал вақтида улар билан қўрқитиш ёки қўллаш каби ҳаракатлар кўплаб учраётгани туфайли тегишли қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритилди.  

 

Аниқланишича, Ички ишлар органлари томонидан аниқланган совуқ қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган предметларнинг 58 фоизи кўчада, 22 фоизи бозорларда, 24 фоизи таълим муассасаларида топилган. Бунинг оқибатида фуқаролар ўртасида ўзаро жанжал сабабли бир-бирига турли даражадаги тан жароҳатлари етказилмоқда.

 

Бунга чек қўйиш мақсадида «Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилди. Шу асосда Жиноят кодексининг 104 ва 105-моддаларининг иккинчи қисмидаги бандлар ўзгартирилмоқда.

 

Жиноят кодекси 104-моддаси бўйича 2017, 2018 ва 2019 йилларда жами 3 минг 790 жиноят содир этилган бўлиб, шундан 906 тасида ёки 24 фоизида пичоқдан фойдаланилган ҳолда жароҳат етказилган.

 

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 14, 245, 287-моддалари тўлдирилиб, кодексга янги 185-2 ва 185-3-моддалари қўшилмоқда.

 

Хусусан, 185-2-модданинг биринчи қисмида фуқаролар томонидан жамоат жойларида, шаҳар, шаҳар атрофига қатновчи, шаҳарлараро ва халқаро транспортда касбий ёки спорт фаолияти ёхуд маиший мақсадларда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни очиқ ҳолда (ғилофсиз) олиб юрганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима жазоси белгиланмоқда.

 

Ушбу модданинг иккинчи қисмида касбий ёки спорт фаолияти ёхуд маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда совуқ қурол ёхуд совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни жамоат жойларида олиб юрганлик учун ҳуқуқбузарлик ашёсини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланиши назарда тутилмоқда.

 

Ушбу модданинг учинчи қисмида ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида фуқаровий қуролни (бундан ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуроли мустасно), совуқ қуролни ҳамда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган нарсаларни олиб юриш учун ҳуқуқбузарлик ашёсини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш билан боғлиқ жавобгарлик киритиш кўзда тутилмоқда.

“Қонуннинг маъқулланиши совуқ қурол, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган бошқа ашёлар, шунингдек пичоқдан фойдаланган ҳолда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг камайишига хизмат қилади” деб ёзади Қутбиддин Бурҳонов.

Аввалроқ, ХДП фракцияси аъзолари жамоат жойларида совуқ қуролни олиб юришга жавобгарликни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилганди.

комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ