Фикр

«Ўзбеккино»да нима гап ёки Агентликда гуруҳбозлик илдиз отяптими?

Интернет саҳифаларида таниқли актриса Дилором Каримованинг ҳам «Ўзбеккино»га оид президентга мурожаати пайдо бўлди.

«Ўзбеккино»да нима гап ёки Агентликда гуруҳбозлик илдиз отяптими?
Фото:"Ўзбеккино" МА

Сўнгги пайтларда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги атрофида турли гап сўзлар кўпайди. Бу ўзбек киносаноатининг давлат бюджетидан ажратилаётган пулларни оқлаётгани ёки йўқлиги ва 100 дан ортиқ киноижодкорнинг Бош вазирга мурожаатидан тортиб, таниқли кинорежиссёрнинг давлат раҳбарига мурожаатигача бўлган жараённи ўз ичига олади. Шунингдек, кеча, 23 сентябрь куни интернет саҳифаларида таниқли актриса, “Илҳақ”даги она – Дилором Каримованинг ҳам президентга мурожаати пайдо бўлди.

 

«Ўзбеккино»да нималар бўляпти?

 

Агентлик фаолияти билан боғлиқ норозилик кайфиятидаги чиқишлар жорий йилнинг апрелидан бошланган эди. Унда 100 дан ортиқ киноижодкор «Ўзбеккино» раҳбари устидан Абдулла Ариповга шикоят қилганди.

 

Мурожаатчилар «Ўзбеккино»нинг бош директори ўзгариши агентликдаги ижодий муҳитни ўзгартириб юборганидан шикоят қилади.

«Борган сари кераксиз тадбирларнинг миқёси ва кўлами ортиб борса бордики, лекин ҳеч қандай ижобий натижалар кузатилмади», дейилади мурожаатда.

Мазкур оммавий мурожаат муаллифлар ўз мақсадлари хусусида тўхталиб, жумладан шундай дейди:

«Мазкур мурожаатни Сизга йўллашимиздан асосий мақсад — бугунги кунга келиб миллий кинематография соҳасини ривожлантириш эмас, балки ҳеч бўлмаганда бор обрўсини йўқотиб, уни хароб қилишдан сақлаб қолишдан иборат».

Бироз ўтиб, ижтимоий тармоқларда «ҳеч қачон жамоавий хатларга имзо чекмаслик»дан гап бошлаган кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқовнинг Ўзбекистон президентига мурожаати тарқалди.  

 

Зулфиқор Мусоқовнинг билдиришича, у ўзининг соҳага оид қарашлари ва эътирозлари акс этган мурожаатни жорий йилнинг 29 август куни фуқаро сифатида Президент Халқ қабулхонасига олиб бориб топширган. Шунингдек, у бир вақтнинг ўзида ушбу мурожаатни Президентнинг виртуал қабулхонасига ҳам жўнатган.  

 

Кинорежиссёр ўз мурожаатида "Ўзбеккино"га янги раҳбарнинг тайинланиши билан бир йил ичида кинода ҳалокатли ҳолат вужудга келганини айтади ва «реал айнан бизни шароитимизда давлатни ёрдамисиз киномиз ўлади» дейди. 

 

У Агентликнинг амалдаги раҳбарига 9 банддан иборат айбни қўяди. Жумладан, бутун ҳаётини кинога бағишлаган мутахассислар турли расмий баҳоналар билан ишдан бўшатилаётгани ёки тўғридан-тўғри таъқиб қилинаётгани айтилади. Зулфиқор Мусоқов мурожаати сўнггида “Ўзбеккино” раҳбарининг кино соҳасини бошқаришга мутлақо қобилиятсиз, деб ҳисоблашини, бир йилдан буён президентнинг кино санъатига оид фикрларига умуман мос келмаган, мутлақо тескари бир сиёсатни амалга ошириб келаётганини таъкидлайди.

 

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги мазкур мурожаатга ўз муносабатини билдирди. Унга кўра, 21 сентябрь куни Жамоатчилик кенгаши ушбу масала юзасидан навбатдан ташқари йиғилишини ўтказди. Мурожаат ҳар томонлама ўрганиб чиқилиб, Кенгаш тез орада ўз хулосасини эълон қилишини маълум қилди. 

 

Кеча, 23 сентябрь куни интернет саҳифаларида таниқли актриса Дилором Каримованинг ҳам президентга мурожаати матни пайдо бўлди. У киноижодкорлар билан “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг янги раҳбарияти ўртасидаги тушунмовчилик ва келишмовчилик кундан-кунга кескинлашиб бораётганидан ташвишини билдиради.

«Натижада энг ёмон иллат – гуруҳбозлик аста-секин чуқурроқ илдиз отяпти», деб ёзади Дилором Каримова.

Актриса, шунингдек, янги раҳбариятни киноижодкорларнинг бошини қовуштириш ўрнига парокандаликни келтириб чиқарганликда айблайди.

 

Унинг айтишича, ёш ва умидли кинорежиссёрларнинг аксарияти агар аҳвол мана шу тахлит давом этаверса, соҳани бутунлай тарк этиш фикрига тушиб қолганлар. Улар атрофида йиғилган ҳамфикр ижодкорлар –кино асар яралишида қатнашувчи юзлаб мутахассислар ҳам тарқалиб кетиши эҳтимоли бор.

 

Элбек Боймурадов

 

UzNews.uz мухбири

комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ