Жамият

“Кам даромадли, аммо ҳунарманд оилага нима керак?” – Булунғурлик тадбикор оила билан суҳбат

Қўлида ҳунари бор оила “темир дафтар”даги моддий ёрдамларнинг вақтинча эканлигини, бу билан “қорин тўйғазиб бўлмаслигини” яхши билишарди.

“Кам даромадли, аммо ҳунарманд оилага нима керак?” – Булунғурлик тадбикор оила билан суҳбат
Фото:UzNews.uz

Бегалиевлар оиласи ҳам пандемия даврида даромад манбаларидан айрилган ва шу сабаб “темир дафтар” рўйхатига тушиб қолган. 

 

Оила бошлиғи Бобомурод Бегалиев ва унинг турмуш ўртоғи Фарида опа мавсумий ишларда ишлаб, уч нафар фарзандини катта қилаётган эди. Аксига олиб пандемия сабаб карантин чекловлари амал қила бошлади, бу эса ўз-ўзидан оила бюджетига таъсирини ўтказмай қолмади.

Мавсумий ишлар давомида турли ширинликлар ишлаб чиқаришни касб қилган оила “темир дафтар”даги моддий ёрдамларнинг вақтинча эканлигини, бу билан “қорин тўйғазиб бўлмаслигини” яхши билишарди. Улар ўзларининг озгина жамғармасига қўшимча маҳаллий ҳокимликнинг ёрдами билан банкдан кредит олишга жазм қилишди.

 

“Marva Safo shirinligi” оилавий корхонасининг иш бошлаганига бир ой бўлган. Бу ерда ҳозирча бир хил турдаги қандолат маҳсулоти – бисквит ишлаб чиқарилади.

Бир кунда 40та қутигача бисквит тайёрлаймиз, - дейди Фарида Бегалиева, - Бунинг учун 25-27 килогача ун сарфлаймиз. Битта қутини 12-13 минг сўмдан дўконларга топшираяпмиз. Ҳозирча 15тага яқин дўконларимиз бор.

 

Шунингдек, Фарида опа оилавий аҳволи, “темир дафтар” рўйхатига тушиб қолгани ва бу бўйича берилаётган моддий ёрдамлар ҳақида ҳам гапириб берди. 

Уч нафар фарзандим бор – каттаси 8, кичиги 2 ёшда. Бу ерда иш бошлаганимиздан кейин кичигини ҳам шу ерга олиб келамиз, кичик опаси қараб ўтиради. Вақтинчалик ишсиз бўлиб қолганимиздан сўнг, маҳалла фаоллари бизнинг оилавий шароитимизни инобатга олиб “темир дафтар”га киритган. Барака топишсин, карантин пайтида бир неча бор озиқ-овқат маҳсулотлар олиб келиб беришди. Бир сафар ҳар биримизга 220 минг сўмдан – оиламизга 1,1 млн сўм ташлаб кетишди. Лекин “қўлдан берганга қуш тўймайди” дейишади-ку. Бу ёрдамга қараб қолиш ва унга ўрганиб қолишдан қочиб, кичик бир ишга қўл урдик. Шукр, ҳозирча ишлаб турибмиз, - дейди оилавий корхона сохибаси.

 

Фарида опа оилавий корхонага ёрдам бериб келаётган 3 нафар қариндошига қўшимча келажакда яна ишчилар олиш ниятида. Унга бошлаган мазкур ишида олган банк кредити ва қарзларидан қутилиб кетиш имконияти ҳақида сўрадик. У эса келгусида яна кредит олиб, ишчи ўрнини кўпайтириш нияти борлигини айтди.

Ҳозирда харид қилинган бир дона печь ва миксер оилавий корхонага жами 22 миллион сўмга тушган. Шунингдек, корхона ёрлиқлари туширилган қутига буюртма бериш тадориги ҳам кўрилмоқда. 

 

Қўлимизда ҳунаримиз бор. Бизга шароит қилиб беришди, бор имконимизни ишга солиб, фаолиятимизни тиклашга ҳаракат қиламиз. Бизга маҳалла ва ҳокимликнинг қўллаб-қувватлови бўлса бўлди, - дейди Фарида Бегалиева.

 

Келгусида оилавий корхона “темир дафтар”дан чиқишни ният қилган. Шунингдек, ишсиз ёшларни иш билан таъминлашни ҳам кўзламоқда. Биз билан мазкур оилавий корхонага ташриф буюрган туман ҳокимлиги вакиллари уларнинг бу ташаббусларини қўллаб-қувватлашларини ҳамда бу учун зарур маблағларни топишда амалий ёрдам беришларини билдирдилар.

 

Элбек Боймурадов

 

UzNews.uz мухбири

Covid-19 в Узбекистане
Заразились66037(+93)
Выздоровели63165(+0)
Умерли557(+1)
Covid-19 в Узбекистане
Заразились66037(+93)
Выздоровели63165(+0)
Умерли557(+1)
комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ