Жамият

Кооперация – “темир дафтар”даги оилани камбағалликдан чиқаришнинг осон йўли(ми?)

Самарқандда 1327 гектар экин майдонларида жами 34та мева-сабзавот кооперативлари ташкил этилган. Мазкур бирлашмаларнинг айни пайтдаги аъзолари сони 1766 нафарни ташкил қилади.

Кооперация – “темир дафтар”даги оилани камбағалликдан чиқаришнинг осон йўли(ми?)
Фото:UzNews.uz

Бугунги кунда мамлакатимизнинг турли ҳудудларда мева-сабзавотчилик ва узумчилик кооперациялари фаолияти ташкил қилинмоқда. Давлатимиз раҳбари соҳага оид йиғилишларнинг бирида бу тизим барча туманларда аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг «локомотиви» бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтганди. 

 

Самарқанд вилоятида ҳам қишлоқ хўжалигининг турли маҳсулотларини етиштирувчи кооперативлар ташкил этилди. Жумладан, вилоятнинг 1327 гектар экин майдонларида 34та мева-сабзавот кооперативлари ташкил этилган. Мазкур бирлашмаларнинг айни пайтдаги аъзолари сони 1766 нафарни ташкил қилади.

 

Вилоятнинг 7та тумани мева-сабзавотчилик ва узумчиликка ихтисослашган, жумладан, Булунғур тумани ҳам.

 

Самарқанд вилоятининг Булунғур туманига қилган сафаримизга туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Дилшод Шакарбоев ҳамроҳлик қилди. 

Дилшод ака кўзлаган манзилимизга етгунимизга қадар тумандаги ижтимоий-иқтисодий ҳаёт, камбағал ва эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлашга доир олиб борилаётган ишлар хусусида айрим маълумотларни бериб боради.

 

Унга кўра, туманда азал-азалдан маълум бир ҳудудлар бир маҳсулотни етиштиришга ихтисослашиб қолган. Масалан, қайсидир қишлоқ фақат картошка, яна бошқаси помидор экишади.

 

Шу ишларнинг ҳадисини олишган. Уларга бориб бу йил картошканинг нархи тушиб, помидор пул бўларкан, десангиз ҳам ҳеч қачон помидор экмайдилар. Бу эса биз – ҳокимият вакилларига қишлоқ хўжалигида ихтисослашган маҳсулотлар етиштирувчи кластер ва кооперацияларни ташкил этишда ишимизни осонлаштиради, - дейди Дилшод Шакарбоев.

 

Айтишларича, бу ерларда пахта битмайди, аниқроғи пишишга улгурмайди. Шу боис ҳам асосий экин турлари мева-сабзавот, узумчилик, боғдорчилик ва картошкачилик ҳисобланар экан.

 

«ЁшТад» томорқа ишлаб чиқариш кооперациясига етиб келганимизда кун пешиндан оғиб қолганди. Аммо далада меҳнат қилаётганлар талайгина. Бизни дала бошида ўзини Дилшод Хушназаров деб таништирган кооператив бошлиғи кутиб олди.

Мазкур кооперация аъзоларининг жами сони 56 нафар бўлиб, уларнинг 39 нафарини “темир дафтар”даги кам таъминланган ва кам даромадли оилалар вакиллари ташкил этади.

 

Кооперация бошлиғининг айтишича, унга ҳокимият 17 гектар ер ажратиб берган. Шундан 11,2 гектар экин ерини кооператив аъзоларига 20 сотихдан тарқатган. 

 

Шунингдек, “темир дафтар” рўйхатида бўлган кооператив аъзоларига мазкур йилда помидор кўчатлари, ерга ишлов бериш ва ўғитлар учун 2 миллион 300 минг сўм миқдорида давлат томонидан субсидия ажратилган.

 

Муҳиддин ака ҳам кооператив аъзоси, “темир дафтар” рўйхатида туради, 3 нафар фарзанди бор. У бу йил ички бозорда помидорнинг нархи тушиб кетганини айтади. Айтишича, биринчи теримдан 500 минг сўм атрофида фойда қилган. Иккинчи теримдан ҳам 2 тоннага яқин ҳосил йиғиш мумкин.

Мана ҳозир бухоролик харидорга помидор сотяпман. Каттасини 500 сўмдан, кичикларини 300 сўмдан келишдик. Аралаш 500 сўмдан олишга кўнмади.

 

Муҳиддин акадан “темир дафтар” бўйича оилага кўрсатилган озиқ-овқат ва моддий ёрдамлар ҳақида ҳам сўрадик. Унинг айтишича, бу бўйича махсус дафтар тутилган. Дафтарга маҳалла томонидан берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ёзиб борилади, шунингдек, 50 дона товуқ ҳам берилган.

 

Унинг моддий ёрдам тариқасида 1,1 млн сўм олганини билганимиздан сўнг, фарзандларининг мактабга тайёргарлигини сўрадик.

 

Ҳозир мана бу памидорнинг пулини олсам, ўшани ишлатаман. Иккаласига 200 минг сўмдан сарфласак, мактабга тайёр бўлади-да, - дейди Муҳиддин ака.

 

Гулбой ака Яхшибоев ҳам “темир дафтар” рўйхатида. У помидор нархининг тушиб кетганидан ва харидор камлиги далада помидор қолиб кетишига сабаб бўлаётганидан хафароқ кўринади.

Дилшод Шакарбоевнинг айтишича ушбу ҳудудда 4та маҳалла фақат помидор етиштиради. Шунинг учун келгуси йилда ушбу ҳудудда «Бир маҳалла-бир маҳсулот» тамойили асосида помидорни қайта ишлаш заводи қурилади.

 

Ўшанда бу каби кооперацияларнинг аъзолари харидор қидириб сарсон бўлишмайди, - дейди ҳоким ўринбосари.

 

Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Муҳиддин ака ва Гулбой акаларга туманда жорий йилнинг 10-12 сентябрига қадар президент фармони билан мактабга тайёргарлик доирасида 16 ёшгача бўлган болаларнинг ҳар бирига 500 минг сўмдан ажратилиши ҳақида ҳам маълум қилди.  

Сўнг эса деҳқонларнинг хирмонига барака тилаб ортимизга қайтдик.

 


Элбек Боймурадов

 

UzNews.uz мухбири

Covid-19 в Узбекистане
Заразились56253(+375)
Выздоровели52859(+393)
Умерли465(+4)
Covid-19 в Узбекистане
Заразились56253(+375)
Выздоровели52859(+393)
Умерли465(+4)
комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ