Жамият

Баланд адирдаги мўъжиза: иш ўрни яратишнинг «чортоқча усул»и

Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги адирликларда сўнгги 20 йилдан буён ҳеч нарса экилмаган. Бугун бу адирликларда минглаб тонна турли маҳсулот етиштирилмоқда.

 

Баланд адирдаги мўъжиза: иш ўрни яратишнинг «чортоқча усул»и
Фото:UzNews

Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги адирликларда сўнгги 20 йилдан буён ҳеч нарса экилмаган. Қишлоқ оралаб адирликлар томонга чиқаркансиз, тепаликларда бир пайтлар бу ерларда ҳам сув бўлгани ва турли экинлар экилгани нишоналари кўзга ташланади. 

 

Туман ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Акмал ака Умрзоқовнинг айтишича, жорий йил 26-27 июнь кунлари давлат раҳбарининг Наманган вилоятига ташрифи доирасида Чортоқ тумани адирликларидаги янги ўзлаштирилаётган ерлар ҳақида ҳам сўз борган.


Жумладан, президент иштирокидаги йиғилишда 2020-2021 йилларда Чортоқ туманини комплекс ривожлантириш, ҳудуддаги фойдаланилмай ётган 3 минг гектар ерни ўзлаштириш ва тупроқ-иқлим шароитига мос экинларни жойлаштириш масаласи кўтарилган. 

 

Бугун ушбу адирликларда “Golden nuts Namangan” агро томорқа хизмати томонидан 13 миллиард лойиҳа асосида кам таъминланган, “Темир дафтар”га киритилган камбағал оилаларга 2 сотихдан 1000 дона иссиқхона комплекси қурилмоқда. айни пайтда лойиҳанинг қарийб 90 фоизи қуриб битказилган ва тарқатилган иссиқхоналарда аҳоли вакиллари помидор ва бодринг маҳсулотларини етиштирмоқда.

 

Биз маҳаллий халқ тилида “Баланд адир” деб номланувчи минглаб гектар ерда ёйилиб ётган тик адирликлар оралаб борарканмиз, узоқдан тартиб билан тикланган иссиқхоналар кўзга ташланади. 

Маълум бўлишича, мингдан ортиқ оилага берилиши айтилаётган 2 сотихли иссиқхона икки минг кишининг бандлигини таъминлайди, шунингдек ўз навбатида иссиқхона эгалари мулк эгаси ҳам бўлади. Уларнинг ҳар бирига 13,5 млн сўмдан имтиёзли кредит берилади ва бу қарзнинг 50 фоизи давлат томонидан қопланади. 

 

Иссиқхона эгасига айланган фуқаролар, шунингдек кўчат топиш, уни етиштириш технологияси ва маҳсулотни сотиш учун бозор қидириб бош қотирмайди. Унга шу ернинг ўзида ҳамма хизмат кўрсатилади – кўчат экиб берилади, парваришлаш жараёнида мунтазам назоратчи ва агрономлар кўригида бўлади ҳамда “Томорқа хизмати” томонидан маҳсулот бозор нархларидан шу ернинг ўзида сотиб олинади.

Биз “Golden nuts Namangan” агро томорқа хизматининг дала шийпонига етиб борганимизда вақт тушга яқинлашиб қолган эди. У ердагиларнинг айтишича, иссиқхона эгаларнинг аксарияти салқинда келиб ишлайди, ҳосил узиб топширади ва уйларига қайтади. “Томорқа хизмати” томонидан ишчиларни бепул ташиш учун автобус қатнови ҳам йўлга қўйилган.

 

Куннинг иссиғига қарамай иссиқхона ичида экинларини парваришлаб юрган ишчилар ҳам бор. Биз улардан яратилган шароит ва олаётган даромади борасида маълумотлар олиш учун суҳбатга тортдик.

Кам таъминланган оилалар рўйхатидаман. Бунинг устига ишсиз ҳам эдим. Туман бандликка кўмаклашиш маркази орқали бу ерга келдим. Тўғриси аввалига иссиқхонани олишга чўчидим, чунки адирликдаги ҳеч қачон экин экилмаган сувсиз ерларда ҳосил олиш, ҳали йўқ ҳосил ҳисобидан тўлашимиз керак бўлган кредит...

Лекин, барака топишсин, бу ердаги ҳамма шароитни яратиб қўйиб, бизни еримиздан ҳосил олиб даромад қилишимизга сабабчи бўлишяпти – қўлимиз пул кўрди, - дейди Муҳаббат опа Маъмурова. 

Унинг айтишича, айни пайтда кунига 40-50 кило бодринг узяпти. Иссиқхонаси учун ажратилган кредитнинг 50 фоизи давлат томонидан субсидия тариқасида қоплаб берилган бўлса, қолган 50 фоизини 3 йил муддатда узиши керак бўлади. Муҳаббат опа дастлабки ҳосилидаёқ бир ойлик кредитини узганини айтади.

 

Бугунги кунга келиб, ушбу адирликларни ўзлаштириш учун учта қудуқ қазилган. Иссиқхоналарнинг ҳар бирига алоҳида томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган. Помидор ва бодрингларга сув қўйиш алоҳида ишчилар – 10 нафар мироб зиммасида. Шунингдек, яқинда 20 нафар ёшларни назоратчи сифатида ишга олинган. Улар кун бўйи иссиқхоналарни назорат қилади: кимда қандай муаммо бор, сув қўйилаётганда ортиқча сув исрофи бўлмаяптими каби муаммоларни ўрганадилар.

 

Боқувчисиз қолган ва бир нафар фарзандини тарбиялаётган Феруза опа Тўхтабаева ҳам 2 сотихли иссиқхона олган. У ҳам аввалига ҳамма қатори бу адирликларда экин битмаслигидан қўрққан. Ҳозир помидор етиштириб, даромадини чамалаётган опа имкон топиб яна битта иссиқхона олмоқчи.

Мен эккан помидор кузга тайёр бўлади, яъни помидор нархлари бироз кўтарилганда, - дейди Феруза опа. – Худо хоҳласа, 15-20 миллион сўм атрофида даромад олмоқчиман. Аёл бошим билан рўзғор тебратишга, бир нафар фарзандимни боқишга кучим етяпти, бизга бу шароитларни яратиб берганларнинг барчасидан миннатдорман. 

 

Феруза опанинг айтишича, айни пайтда ҳосил йиғиштирмаётган ишчиларнинг кредитлари ҳам тўхтатилган. У ҳосилни сотиб даромадга кирганидан сўнг кредит ёпишни мўлжаллаяпти.

 

Насиб қилса, мўлжалдаги даромадимни олсам, кредитимнинг ҳаммасини бир мартадаёқ тўламоқчиман. Шунда ер ҳам, иссиқхона ҳам ўзимнинг шахсий мулким бўлиб қолаверади, - дейди у. 

 

“Golden nuts Namangan” агро томорқа хизмати ишчиларга деҳқончилик сирларини ўқитиш ва экин экиб, ҳосил олиш технологиясини оддий камбағал оиладан чиққан аҳоли вакилларига ўргатиш учун шу ернинг ўзида ўқув маркази ҳам ташкил қилган. 

 

“Агро бизнес ўқув моно маркази”га институтдан мутахассис ўқитувчи жалб қилинган. 

Шунингдек, “томорқа хизмати”ни ташкил қилган маҳаллий инвесторнинг мева-сабзавотни қайта ишлайдиган – турли консерва маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган заводи бор. Бу ердаги мингга яқин иссиқхоналарда етиштирилаётган маҳсулотлар унга хом ашёни бир жойдан ортиқча оворагарчиликсиз йиғиб олиш имконини беради.

 

“Golden nuts Namangan” корхонаси келгусида 5 гектар ерда наслчилик зотли қорамол кўпайтириш, гўшт ва сут маҳсулотлари етиштириш бўйича, 300 гектар ўзлаштирилмаган замонавий интенсив усулда узумчилик, бодом ва ёнғоқзорлар ташкил этиш лойиҳалари устида иш олиб боряпти. Ушбу лойиҳалар натижасида маҳаллий аҳоли вакилларининг 300 нафарга яқинини доимий иш билан банд қилиш режалаштирилмоқда.

 

Излаган имкон топади – бу ибора ҳар доим кишилик жамиятида умид ва ишонч тушунчалари билан ёнма-ён қўлланиб келган бўлса-да, бугунги кунга келиб унинг аҳамияти ҳар доимгидан ортиб бормоқда.

Айниқса чортоқликларнинг тик адирликлар устида яратган мўъжизаси минг йиллардан бери яшаб келаётган бу иборанинг нақадар ҳаётий эканлигини яна бир карра исботлайди. Бугун эҳтиёжманд, кам таъминланган ва “темир дафтар”да бўлган оилалар вакилларини иш билан таъминлаш, шунингдек бу оилаларга доимий даромад манбаини яратиш масаласида Наманган вилоятида, жумладан Чортоқ туманида етарлича тажриба тўпланган. Ерни ўз эгаларга топшириш орқали кам даромадли оиларни иш билан таъминлаш, уларга барча зарур шароитларни яратиб бериш, бюджет маблағлари ҳисобидан ажратилаётган субсидияларни ўз ўрнига сарфлаш айни пайтда ҳар доимгидан муҳимроқ.

 

Зеро, ернинг ҳар қаричи муқаддас, ҳар қаричи зарга тенг. Ундан унумли фойдаланиш, унга меҳр қўйиш дастурхонларимизга барака олиб киради.

 

Элбек БОЙМУРАДОВ, UzNews.uz мухбири

Covid-19 в Узбекистане
Заразились56519(+266)
Выздоровели52970(+111)
Умерли468(+3)
Covid-19 в Узбекистане
Заразились56519(+266)
Выздоровели52970(+111)
Умерли468(+3)
комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ