Жамият

UzAuto Motors Кушербаев устидан Олий Мажлисга шикоят қилган

Компания депутатни "ишчанлик обрўсига" путур етказганликда айблаган.

UzAuto Motors Кушербаев устидан Олий Мажлисга шикоят қилган
Фото:businessfm.kz

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Дониёр Ғаниев Telegram-каналида UzAuto Motors АЖ депутат Расул Кушербаев устидан парламентнинг Одоб комиссиясига шикоят хати юборганини маълум қилди.  

“Шикоятда иддао этилишича Кушербаев компания ва унинг фаолияти ҳақида асоссиз фикрлар билдириш орқали UzAutoMotorsнинг "ишчанлик обрўсига" путур етказганмиш (йўқ обрўга қандай путур етказиш мумкин ҳайронман)”, деб ёзади у. 

“Кеча Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий фракцияси йиғилишида ушбу шикоят хати кўриб чиқилди. Унда фракциянинг барча депутатлари бир овоздан Кушербаевни қўллаб-қувватлашди. Зеро, UzAuto Motors АЖ ҳақида Кушербаевнинг билдирилган фикрлари қанчалик ҳақиқатга яқинлигини унга бўлган халқнинг муносабати кўрсатиб турибди. 

 

UzAuto Motors эса йиллар давомида давлатнинг ўнлаб триллион сўмлик имтиёз ва префенцияларидан фойдалангани, истеъмолчилар ҳуқуқларини доимий камситиб келгани етмаганидек, энди унга нисбатан халқнинг, депутатларнинг, жамоатчиликнинг танқидларини рад этиб, ўзи тушиб олган кўлмакдан чиқишни истамаслиги бу компаниянинг қанчалар юзсиз эканлигини кўрсатиб қўйди. 

 

Қолаверса, бир неча кун аввал Монополияга қарши курашиш қўмитасининг UzAuto Motors АЖ фаолиятига оид текшируви натижалари бўйича махсус комиссияси муҳокама йиғилишида компаниянинг бир қанча кирдикорлари ошкор бўлган эди. Йиғилишда кўтарилган масалалар якунига кўра компания 2020 йилда автомобил таннархларини шакллантиришда жами 1,1 трлн.сўмдан кўпроқ асоссиз харажатлар ҳисобланганлиги текширув давомида аниқланган. Бу эса ўртача ҳисоблаганда ҳар бир автомобил таннархи камида  4-5 млн. сўмгача асоссиз оширилганини англатади. 

 

Шундай экан, UzAuto Motors депутат устидан шикоят қилиб, гапни айлантиргунча Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан аниқланган 1,1 трлн. сўм бўйича аниқ фактлар асосида ҳисоб берса яхши бўлармиди?

 

Кушербаев ҳам депутат, ҳам фуқаро сифатида ўзининг конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда ўз фикрини билдирди. UzAuto Motors АЖ эса унинг бу ҳуқуқларидан фойдаланганлигини қораламоқда.  Бу эса муҳтарам президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган сиёсий ўзгаришлар, хусусан  мамлакатда сўз эркинлигини таъминлаш, кучли демократик давлат қуриш йўлидаги ислоҳотларга зиддир” дея ўз фикрларини баён қилган Дониёр Ғаниев.

 

Эслатиб ўтамиз, Дониёр Ғаниев Расул Кушербаев ва Нодир Жумаевлар билан бирга UzAuto Motors АЖнинг фаолияти юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитасига депутатлик сўрови юборган эди.  

 

У аввалроқ “тонировка”нинг нархини йилнинг иссиқ мавсумида арзонлатишни таклиф қилган эди.

комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ