Жамият

Наманган: камбағаллик қандай тугатилади? (фоторепортаж)

Наманган вилоятида “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд оила вакилларининг 18 минг нафарга яқини ишга жойлаштирилган. 

Наманган: камбағаллик қандай тугатилади? (фоторепортаж)
Фото:UzNews

Дунё иқтисодиётида асоратли из қолдираётган пандемия катта-катта завод ва фабрикалардан тортиб, кичик оилавий тадбиркорликкача бўлган босқичдаги барча иқтисодий тармоқларга ўз салбий таъсирини ўтказиб келмоқда.

 

Сўнгги кунларда Ўзбекистонда пандемия шароитида ҳар бир соҳада, жумладан тадбиркорлик соҳасида карантин чекловларига риоя қилган ҳолда фаолиятини қайта йўлга қўйиш бот-бот тилга олиняпти.

 

Жорий йил 1 июль ҳолатига Наманган вилоятида “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд оилалар вакилларининг 18 минг нафарга яқини ишга жойлаштирилган. Вилоят статистикасига кўра, улар 9 турдаги фаолият турларига жалб қилинган.

 

Вилоятда камбағалликни қисқартириш, кам таъминланган оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, пандемия вақтида доимий даромадини йўқотганларни қўллаб-қувватлаш ва "Темир дафтар"га киритилганларнинг даромадини ошириш борасида ўзига хос тажриба тўплаган. 

Қуйида мазкур масалаларда вилоят миқёсида олиб борилган ишларнинг фотожамланмаси тақдим этилмоқда.

 

Чортоқдаги “Баланд адир”да 2 сотихли иссиқхоналар 13 миллион сўмга тикланган. “Темир дафтар”даги оила вакилларига ушбу сумманинг 50 фоизи субсидия тариқасида қоплаб берилиб тарқатиляпти.

 

 

Муҳаббат опа Маъмурова ҳам бу ердан иссиқхона олиб, бодринг етиштиряпти:

Аввалига кредитни узоламайман, деб қўрққандим. Ҳозир кунига 40-50 килограмм ҳосил оляпман. Бир ойлик кредитимни бир куннинг ҳосилидан уздим. Барака топишсин, иссиқхонани тайёрлаб, кўчатларни ҳам экиб беришди. Қўлим пул кўрди, кунига 40-50 минг сўм даромад қиляпман

Узоқ йиллардан бери ўзлаштирилмаган “Баланд адир”даги ерда тикланган бу иссиқхоналар 3 йилга имтиёзли кредит асосида кам таъминланган оилаларга бериляпти. Кредитни тўлаб бўлганидан сўнг 2 сотихли иссиқхона фуқаронинг номига тўлиқ расмийлаштирилади.

 

 

Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланадиган Даврон ака Мухсинов ҳам маҳалланинг 18 нафар хотин-қизларини иш билан таъминлаган. 

Олдин материални сотиб олардик. Ҳозир қўшимча бино оляпмиз, унга мато тўқийдиган станок ўрнатамиз, шунда фақатгина ип сотиб оламиз, қолгани ўзимизнинг цехларда ишлаб чиқарилади. Бу цехимизда ҳам 50-60 нафарга яқин иш ўрни яратилади, - дейди Даврон ака.

Бу ерда Майрамхон онанинг келини ҳам ишлайди. "Бешкапа" МФЙ раиси Муродилла ака уларнинг оиласи “Темир дафтар”да эканлигини, аммо энди ўз ихтиёрлари билан чиқмоқчи эканликларини айтади.

 

Яқинда ишга жойлашдим, шароитлари яхши экан. Тушлик ишхона ҳисобидан, бунинг устига маҳаллада жойлашгани анча қулайлик яратади. Иш ҳақимиз ишимизга қараб чиқарилади, шунда ойлигимиз ўртача 600-700 минг сўм атрофида бўлади, - дейди Майрамхон онанинг келини.

Биз Майрамхон онанинг ҳолидан хабар олайлик деб унинг хонадонида ҳам бўлдик. Салом-аликдан сўнг онахондан “Темир дафтар”дан нега чиқмоқчи эканлигини сўраймиз.

 

Ўғлим билан келинимни, қизимни иш билан таъминлашди. Шунча ёрдам кўрсатишди, энди биз ҳам камбағалликдан чиқиб кетайлик, - дейди Майрамхон она.

Онахоннинг дуосини олиб, йўлимизда давом этдик.

“Kelajak sifat tekstil” тикув цехи иш бошқарувчиси Нозимжон Оғалиқов цех аввал Наманган шаҳрида жойлашганини кейин Чортоқ тумани ҳокимлиги томонидан ноль балансда берилган ушбу фойдаланилмай турган бинога кўчиб киришганини айтади.

Ишчиларни шаҳарга олиб тушгандан кўра, шу ерда цех ташкил қилиб, 4-5 нафар раҳбар ходим бу ерга келиб ишлашни маъқул кўрдик. Ҳозирда цехда тикилаётган костюм-шимни Тожикистонга экспорт қилиш ҳаракатидамиз. Бу ерда ҳозирда 70 га яқин хотин-қизлар ишлайди. Келажакда яна 60 та иш ўрни яратамиз, - дейди у.

 

Томчилатиб суғориш ҳадисини олган чортоқлик Ҳамидулла ака шу кунгача ўзлаштирилмаган адирликдаги ерларнинг 40 гектарига чигит эккан. 

 

Томчилатиб суғоришнинг афзалликлари кўп. Масалан, авваллари пахтани бир неча кунда суғорилса, бу технологияда 40 гектар пахтани 5 соатда суғоряпмиз. Шунингдек, ўғитни ҳам ҳар бир ғўза тупига алоҳида қўйиш имконияти бўлади, - дейди Ҳамидулла ака.

Пахта даласи 1 гектардан оилаларга пудрат асосида бўлиб берилган. Шунингдек, 8 нафар эркак киши ҳам иш билан таъминланган. Биз томчилатиб суғоришга сарфланган харажатнинг ҳосилдан қопланиши ҳақида ҳам қизиқдик.

Харажатни чиқарадиган ҳосил бор. Масалан, ғўзада 12-14 дона кўсак бўлса, 3 граммдан 42 грамм пахта бўлади. 1 гектар ердан 42 центнердан пахта оламан деган ниятим бор, - деди Ҳамидулла ака.

 

 

 

Элбек БОЙМУРАДОВ, UzNews.uz мухбири

Covid-19 в Узбекистане
Заразились54462(+496)
Выздоровели50954(+513)
Умерли450(+3)
Covid-19 в Узбекистане
Заразились54462(+496)
Выздоровели50954(+513)
Умерли450(+3)
комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ