Жамият

Депутат ОТМда контракт тўловларини камайтириш ёки имтиёзли вақт беришни таклиф қилмоқда

Шаҳноза Холмахаматова пандемия шароитида оилалардаги иқтисодий вазиятни ҳисобга олиб тўлов-контракт нархларини пасайтириш тарафдори.

Депутат ОТМда контракт тўловларини камайтириш ёки имтиёзли вақт беришни таклиф қилмоқда
Фото:UzNews

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Холмахаматова олий таълим муассасаларида барча оилаларда бўлаётган иқтисодий шароитдан келиб чиқиб, тўлов-контракт нархларини ҳам пасайтириш, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари контракт-тўловларидан озод қилиниши жоизлигини билдирди.  

 

“Ҳаммамизга маълумки, юртимизда карантин даврида иқтисодиётни барқарорлигини таъминлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан зарур чора-тадбирлар белгилаб берилишига қарамасдан минг афсуски, пандемия ҳолати жиддий давом этмоқда. Айниқса, бу ҳолат фуқароларимиз даромадларига салбий таъсир кўрсатаётгани кишини ташвишлантиради. Ушбу синовли кунларда халқимиз ҳам маънавий, ҳам иқтисодий қўллаб-қувватлашга ҳар қачонгидан-да муҳтождир. 

 

ОТМларда бу йилги ўқув жараёнлари юртимизда эпидемиологик вазият барқарорлашгунча катта эҳтимол билан масофавий усулда олиб борилиши режалаштирилмоқда. Таълим бериш масофавий бўлса, ўз-ўзидан таълим муассасаларидаги харажатлар ҳам бир мунча камайиши тайин.

 

Бундан ташқари бугунги кундаги пандемия вақтида барча оилаларда бўлаётган иқтисодий шароитдан келиб чиқиб, тўлов-контракт нархларини ҳам пасайтириш лозим. Таълим online шаклда олиб борилса, талабалар ва уларнинг ота-оналарига интернет тўловлари ҳам албатта қўшимча харажат ҳисобланади. Тўғри online шаклда таълим олиш талабалар учун йўл кира харажатлари, вилоятлардан келиб Тошкент шаҳрида ва вилоят марказларида таълим олаётган талабалар учун ётоқ, турар-жой харажатлари тежалишига олиб келади. Лекин ҳозирги вазиятни ҳисобга оладиган бўлсак, бу тежамкорлик етарли эмас. Юқоридагилардан келиб чиққан холда ОТМда контракт тўловларини камайтириш ёки карантин ўтгунга қадар имтиёзли вақт бериш лозим.

 

Катта умид билан айтамизки, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари ОТМда тўланадиган контракт-тўловларидан озод қилинса, бу уларга берилган катта ишонч ва имконият бўларди. 

 

Икки ёки ундан ортиқ фарзандлари тўлов - контракт асосида ўқиётган оилаларимиз бор. Худди шундай оила фарзандлари учун ҳам контракт тўловларига чегирмалар қилиб берилса, қанчадан-қанча оилаларнинг мушкули осон бўларди. Ёки фарзанди супер-контрактда таҳсил олаётган ва бугунги кунда пандемия туфайли даромадидан айрилган оилаларга кўмак ва имтиёзлар жорий этилса, халқимизнинг оғири енгиб бўлиб, эркин нафас оларди. 

Чунки ҳозирги пандемия шароитда ўғил-қизларимизни илмли, ҳунарли бўлиш учун қанча кўп имконият ҳамда шароит яратиб бера олсак, юртимиз келажаги ва тараққиётига шунча кўп ҳисса қўшган бўламиз. Зеро, бугунги талабалар эртанги олимлар, шоирлар, раҳбарлар ёки вазирлар эканини унутмаслигимиз лозим” дея ўз таклифларини билдирган депутат.

Эслатиб ўтамиз, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов ўқув юртларида бугунги кунда контракт миқдори ўзгартирмаслигини маълум қилган эди.

комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ