Жамият

Мактабгача таълим вазирлиги “сўконғич ўқитувчи” боғчада ишлашини маълум қилди

Мактабгача таълим вазирлиги ўз фарзандларини сўккан аёл бўйича маълумот берди.

Мактабгача таълим вазирлиги “сўконғич ўқитувчи” боғчада ишлашини маълум қилди
Фото:Скриншот

Ижтимоий тармоқларда машғулотни тасвирга олишга ҳалақит бераётган фарзандларини уришаётган тарбиячи акс этган видеоролик тарқалган эди. 

 

Мактабгача таълим вазирлиги ушбу ҳолат бўйича маълумот берди:

 

“Мактабгача таълим вазирлиги томонидан роликдаги аёл Наманган вилояти, Чортоқ тумани 7-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Ҳилола Нурматова эканлиги аниқланди.

 

Ҳ. Нурматова 1982 йилда туғилган, маълумоти олий. Мактабгача таълим тизимида бир неча йилдан бери ишлаб келади. Ўтган давр мобайнида у томонидан ҳеч қандай ножўя ҳаракатлар амалга оширилмаган ва иш берувчи томонидан ижобий таърифланади. Карантин шароитида Ҳ. Нурматова масофадан ўқитиш усулини ўзлаштирган ҳолда, бир неча ой мобайнида, ҳафтасига 4-5 мартадан тарбияланувчилар учун видеомашғулотлар ўтиб келган.

 

Ёз мавсуми бошланиши МТТларда соғломлаштириш даври ҳисобланиб, тартибга кўра бу вақтда фаол таълим жараёни тўхтатилади. Аммо бир неча ташаббускор тарбиячилар, улар қаторида Ҳ. Нурматова ҳам, тарбияланувчиларнинг бўш вақти мазмунли ва фойдали ўтиши учун видеомашғулотларни давом эттиришга қарор қиладилар.

 

Жорий йил 15 июл куни уй шароитида видеомашғулотни ёзиб олиш жарауонида Ҳ. Нурматова ўз фарзандларини тарбиячи касбий этикасига зид равишда қўпол тарзда койиб ташлайди. Бу ҳолат акс этган ролик кейин тайёрланган видеомашғулот ўрнига, янглиш равишда МТТ телеграм гуруҳига жойланади ва тезда ўчириб ташланади. Шунга қарамай янглиш жойланиб, ўчирилган ролик орадан 11 кун ўтиб ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетади.

 

Ҳолатни ўрганиш жараёнида ўша куни Ҳ. Нурматова видеомашғулотни бир неча марта ёзиб олишга урингани маълум бўлди. Аммо иш билан уй вазифаларини бир вақтда бажариш мажбурияти, жумладан болалар ҳархашаси ҳиссий мувозанатдан чиқиб кетиши, натижада назоратни йўқотган ҳолда овозини баландлатишига сабаб бўлган.

 

Бу воқеа Чортоқ тумани мактабгача таълим бўлими ҳамда Наманган вилояти Мактабгача таълим Бошқармаси томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди ва маълум хулосаларга келинди.

 

Тарбиячи Ҳ. Нурматова касбий этика қоидаларини бузгани учун унга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилди. Карантин якунланиб, МТТлар фаолияти тиклангач 7-сонли МТТ ҳамда Чортоқ тумани мактабгача таълим бўлими томонидан бу тарбиячининг педагогик фаолияти мониторинг қилиб борилиши белгиланди. 7-сонли МТТ раҳбарига эса огоҳлантириш берилди.

 

Туман МТБсига ўзига тегишли ҳудудда масофадан мактабгача таълим хизматини кўрсатиш жарёни устидан кузатишни кучайтириш, унинг сифатини яхшилаш, мактабгача таълим тизими ходимлари учун қулай шароитлар яратиш бўйича тавсиялар берилди.

Ҳурматли ҳамюртлар! Мактабгача таълим вазирлиги болаларга нисбатан ҳар қандай қўпол муносабатга қарши эканлигини маълум қилади. Шунингдек, аҳоли орасида коронавирус пандемияси натижасида асабийлашиш ҳолатлари кўп кузатилаётгани сабабли барчангизни бир-бирингизга нисбатан сабрли бўлишга чақирамиз. Шу билан бирга сизлардан ўзи учун янги ва ноодатий бўлган-масофадан таълим жараёнини олиб бораётган педагогларимиз шароити ва ҳолатини тушунишга ҳаракат қилишингизни сўраймиз, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Интернет фойдаланувчилари томонидан бу аёлнинг гўёки мактаб ўқитувчиси эканлиги айтилиб, ўқитувчининг шаънига доғ туширадиган турли роликлар тайёрланиб тарқатилиши ортидан Халқ таълими вазирлиги расмий муносабат билдириб, халқ таълими тизимида бундай ўқитувчи фаолият юритмаслигини маълум қилганди.

 

комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ