Коронавирус

“Сардоба” тошқинидан сўнг: янги ҳаёт ва янги номлар

"Маҳалла номининг ўзгартирилишига келсак, бу – бизга кўрсатилган ҳашарчиларнинг ёрдами учун ҳурмат. Маҳалла аҳли билан ўзаро келишиб шу қарорга келинган", - дейди Ҳамидулла Умаров.

“Сардоба” тошқинидан сўнг: янги ҳаёт ва янги номлар
Фото:UzNews

Баъзида касб тақазоси билан сафарларга чиқишга тўғри келади. Турли хил манзил, турли одамлар...

 

Бу сафар йўлимиз Сирдарёнинг “Сардоба” сув омбори жойлашган томонларига тушди. Мақсадимиз бу ҳудудлардаги сув тошқинидан азият чеккан маҳаллий аҳолининг ҳолидан хабар олиш ҳамда уларга кўрсатилаётган ва кўрсатилгани айтилаётган кўмакларнинг ўз ўрнига тушган ёки йўқлигини ўз кўзимиз билан кўриш эди.

 

Тошкентдан эрталабки соат 10 ларда жўнаган микроавтобусимиз соат 13 ларда Сардоба туманининг "Учтом" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтиб борарди. Бу ерлар ҳам сув тошқинидан зарар кўрган, далалардаги экинларга ҳам жиддий зарар етказгани шундоқ кўриниб турибди. Катта йўллар четида жойлашган экин ерларига пахтани қайта экишганини айтишди. Ҳақиқатан, у ерларда тиззага урадиган пахта новдалари бўй кўрсатиб турибди. Аммо "Учтом"дан бошланган 13 километрлик йўл сизни Сардобадаги "Қўрғонтепа" МФЙ.га олиб боргунга қадар сув тошқини асоратларини ҳис қилишингизга етиб ортади. Сабаби юқорида айтганимдек, бу йил экинсиз қолган далалар, бир пайтлар далаларга оби ҳаёт келтирган лотокларнинг ҳар томонга сочилиб ётиши ва ушбу 10 километрдан ортиқ йўлнинг бошдан оёқ носозлиги сизда шундай кайфиятни уйғотади.

sputniknews.uz 

Аммо бизни ажаблантиргани – Гулистон томондан кириб бораверишда сув тошқини етиб келган манзиллардан бири – "Учтом"га кираверишда аркадаги “ат-Термизий” маҳалласига хуш келибсиз” ёзуви ва ундан 10-20 метр ўтганингизда кичкина ва кўримсизгина пешлавҳада қолиб кетган “Учтом” ёзуви бўлди. 

 

"Бу ҳудудларда қурилиш-таъмирлаш ишларини сурхондарёликлар олиб боришяпти. Шунинг учун маҳаллага янги ном қўйишган", - дейди ҳамроҳларимиздан бири.

Дарҳақиқат, катта йўлдан ичкарироқда янги қурилаётган кўп қаватли уйлар бўй кўрсатиб қолган.

Соат 14:15. Сардоба тумани "Қўрғонтепа" маҳалласидамиз. Таниш манзара – маҳалла номини ўзгартиришган: “ал-Хоразмий” маҳалласи. 

Яна қизиқишимиз устун келиб, биринчи кирган хонадонимиздан сўраган илк саволимиз йиллар давомида ота-боболари номлаб, ўзлари яшаб келган қишлоғининг номини нега бунчалик тез ўзгартиришди, мазмунида бўлди.

"Қўрғонтепада 4 мингга яқин аҳоли яшайди. Тошқиндан кейин ҳудудимизга Хоразм ва Навоийдан ёрдамчи усталар олиб келинди. Улар қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб боришяпти. Маҳалла номининг ўзгартирилишига келсак, бу – бизга кўрсатилган ҳашарчиларнинг ёрдами учун ҳурмат. Маҳалла аҳли билан ўзаро келишиб шу қарорга келинган. Худди шундай маҳалланинг бош кўчасига ҳам “Навоий” (эски номи “Барҳаёт” бўлган) номи берилди", - дейди хонадон эгаси Ҳамидулла Умаров. 

Ҳамидулла аканинг оиласи кўчиб келганига икки ҳафта бўлган. Унинг ўзи ҳам уйининг таъмирида ҳашарчилар билан қатнашган.

“Бунинг учун менга 2 миллиондан ойлик маош ҳам тайинлашди”, дейди у.

 

Асл касби қассоб бўлган Ҳамидулла акага янги таъмирдан чиққан уйга кўчиб келганидан кейин 7 турдаги маиший техникалар учун сертификат ҳам берилган. У бизга ҳар бирини кўрсатишга ошиқади.

“40 миллион сўмлик компенсация пулидан, эски касбим – қассобчиликни бошламоқчи бўлиб турибман”, дейди у келажакдаги режалари билан қизиққанимизда.

 

Хонадондан чиқиб, маҳалла бўйлаб юрарканмиз, 60-65 ёшлар атрофида бўлган отахонни учратдик. Эҳтимол маҳалла фаолларидандир, деб суҳбатга тортамиз.

"Ҳув анави тепалик Қўрғонтепа қабристони. Ота-боболаримиз шу қабристонга қўйилган. Қишлоғимиз номи ҳам шундан келиб чиққан, - дейди отахон. – Ўша кунги тошқин ҳақида тонгда далага мол-қўйларни ҳайдаб кетган невараларимиз хабар беришди. Шукурки, вақтида хабардор бўлдик, талафотлар бўлмади. Уй-жой мол-мулк топиладиган нарсалар. Кўриб турибсиз, қишлоғимиз қанчалик тартибга келиб қолди. Сизларда бу ерда бўлган ишлар ҳақида умумий тасаввур ҳосил бўлиши учун аввалги ҳолатни кўришинглар керак эди. Шу кунга қадар маҳалла бошидан ўтадиган (қўли билан кўрсатади) ариқдан сув ичардик. Мана, ҳозир ҳар бир хонадонга ичимлик суви киритиб бериляпти, табиий газ келтириляпти. Томорқаларга давлат томонидан иссиқхоналар қуриб бериляпти".

– Сиз қишлоқ нуронийларидансиз, бунинг устига яқинда бўлиб ўтган тошқин жабрини ҳам тортдингиз, айтингчи, “Сардоба” бизга керакмиди?   

 

– Биласизми, менинг 3 гектарга яқин тутзорим бор. Пилла етиштираман. Охирги 2-3 йилда шу тутзор ичига картошка-пиёз дегандай рўзғорбоп экинлар экиб, даромад оляпмиз. Илгаричи, илгари бунга шароит йўқ эди. Нафақат бизда, атрофдаги яқин ҳудудларда ҳам шу аҳвол эди. Сув омбори бизга ерларимизда деҳқончилик қилиб, қўшимча даромад олишимизга имкон бўлди.

 

Дарвоқе, зах сувли зовурлардан бошқа оқар сув етиб бормайдиган бу ҳудудларда мавсумий экинлар экиш мумкин бўлган минглаб гектар ерлар ястаниб ётибди. Маҳаллий аҳолининг асосий даромади даладаги меҳнат ва чорвачилик бўлгани ҳолда сув омборининг фойдасини чамалаш қийин эмас.

 

Элбек БОЙМУРАДОВ

UzNews.uz мухбири

Covid-19 в Узбекистане
Заразились26301(+748)
Выздоровели17262(+755)
Умерли159(+6)
Covid-19 в Узбекистане
Заразились26301(+748)
Выздоровели17262(+755)
Умерли159(+6)
комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ