Фикр

COVID-19 учун тест: ё ҳаёт, ё мамот?

Яқинда Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19 учун тест топшириш мумкин бўлган санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари (СЭОМ) рўйхатини эълон қилди. Рўйхатда Тошкент шаҳри туманларидаги 10та СЭОМнинг манзили ва телефон рақамлари кўрсатилган эди. Биз ҳар бирига қўнғироқ қилиб чиқдик. Ҳеч бир рақам қўнғироқларимизга жавоб бермади: баъзиларида тармоқ банд бўлса, бошқаларида линия носозлиги учун рақам узиб қўйилган. Мазкур ҳолатларга аниқлик киритиш учун рўйхатдаги марказларга боришга қарор қилдик.

COVID-19 учун тест: ё ҳаёт, ё мамот?
Фото:UzNews.uz

Чилонзор туманидаги СЭОМ Пионерская кўчаси, 2A-уйда жойлашган экан. Биз у ерга эрталаб соат саккизда етиб бордик. Туман СЭОМ биноси атрофи аллақачон одамлар билан гавжум эди. Дарвоза олдида элликка яқин одам навбатда турибди. Яна худди шунча одам йўл бўйидаги машиналарда, яна шунчаси дарахтлар соясида навбат кутишаяпти.

Ҳамма соат 9:00 бўлишини, дарвоза очилишини кутмоқда. Кириш эшиги яқинида – навбат ёзилган рўйхат ва ручка ётибди. Ҳар бир ташриф буюрувчи ўз маълумотларини ва рақамларини навбатга ёзади. Биз ҳам ёздик, ҳисоб бўйича 229-навбатга. Бу бугунги кун ҳисобидан биз қабул қилинмаслигимизни англатади. Чунки марказ кунига икки юз кишидан тест қабул қилар экан, холос.

Навбатда турганлардан бирининг неча соатдан буён кутаётгани билан қизиқдик:

 

– Эрталаб соат 4дан бери шу ерда турибман. Келганимда ҳеч ким йўқ эди, ярим соатга узоқлашгандим, рўйхатнинг 71-ўринига ёзилдим. Лаборатор таҳлил топшира олишингиз учун тонгда – соат 4-5 лар атрофида келишингиз керак экан. Aкс ҳолда, сиз қабулгача етиб боролмайсиз...

 

Бу ерга ҳомиладор аёллар, ёш болали оналар келишади ва жазирама қуёш тиғида навбат кутадилар. Ижтимоий масофа сақлаш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Қисқаси, айнан шу ернинг ўзида инфекцияни юқтириш хавфи катта. Қолаверса, бу ерга ўзларида коронавирус инфекцияси борлигини гумон қилган, йўтал ва иситма шаклидаги аломатлар сезилган одамлар келишади.

 

Камига, марказ олдида одамлар тўпланишининг олдини олиш мақсадида тўсиқлар ҳам ўрнатилган. Дастлабки беморлар соат 9:00 да қабул қилинади. Шунингдек, бундай жойларда навбатдан ташқари ўтиб кетишга уринувчи уддабуронлар ҳам топилади, аммо анча вақтдан бери кутаётган одамлар бунга йўл қўйишмайди.

Соат 14:00 га қадар тиббиёт ходимлари икки юз кишидан тест олиб улгуришлари керак, лекин баъзида иш вақти чўзилиб ҳам кетади. Коронавирус инфекциясига лаборатор таҳлил топшириш бепул, аммо натижаларни кутиш учун камида 3-5 кун керак бўлади. Коронавирусга таҳлил топшириш мақсадида вилоятлардан келган фуқаролар ҳам бор. Сабаби, вилоятлар ҳудудида ҳали ҳамон лаборатор таҳлил оладиган марказлар ташкил этилмаган. Аммо... Пойтахтдаги марказларда фақатгина туман аҳолиси қабул қилиниши ҳақида эслатма ҳам осиб қўйилган бўлса-да, барчадан бирдек тест олинмоқда.

Савол туғилади, нима учун лаборатория намуналарни қатъий чекланган миқдорда – 200 тадан оширмасдан олади? Ва нега ҳеч ким ижтимоий масофага риоя қилинишини назорат қилмайди?

 

Ушбу саволлар билан Чилонзор тумани СЭОМ бош шифокори Гулноза Мирзаевага юзландик.

– Биз кунига икки юз, беш юз ва минг нафаргача одамлардан тест қабул қилдик. Лекин ҳозир лабораториялар бундай юкламаларга дош беролмаяпти. Бизда, шунингдек саккизта мобил гуруҳ мавжуд – ҳар бир поликлиникада биттадан гуруҳ, шунингдек бизнинг марказимиздан ҳам тўртта гуруҳ бор. Улар уйларга бориб, иситмалаётган беморлардан таҳлил оладилар. Бу кунига яна 500 та қўшимча тест дегани... Ижтимоий масофа мавзусига келсак, одамларга масофа сақлаш ва ниқобни тўғри тартибда тақиш соғлиғига  фойда эканлигини тушунтириш жуда қийин кечаяпти.

Сарикул кўчаси, 76-уйда жойлашган Миробод туманидаги СЭОМга ҳам бордик, бу ерда вазият буткул бошқача. Мазкур манзилга соат эрталабки 10 ларга етиб келганимизда, навбатда тахминан 10 киши бор эди. Барчаси такси ҳайдовчилари – улар тест топшириш учун эмас, балки СЭОМдан маълумотнома олиш учун келишган экан. Қўриқлаш хизмати ходими бизга бугун кеч бўлганини, эртага эрталаб келишимиз кераклигини айтишди. Шундан сўнг, биз марказ нима учун эрта ёпилганлигини сўрадик.

– Бугун 100 киши тест топширди, бошқа қабул қила олмаймиз. Бизда маълум чекловлар мавжуд. Эртага соат саккизда келинг, қабул қилинади.

 

Шунга қарамай, СЭОМ ҳудудига киришга муваффақ бўлдик ва маҳаллий шифокорлар билан суҳбатлашдик:

 

— Шу кунгача олинган тестларимизни топширган лабораториялар тўлган. 7-8-9 июль кунлари олинган таҳлилларнинг жавоби ҳали келгани йўқ. Бугун эса 16 июль. Лабораторияларда тестлар олинган пробиркалар тўлиб кетганидан, пробиркалар полларда ётибди. Биз бугун 50 та тест олдик. Илгари кўпроқ олинарди, аммо бунинг учун раҳбариятимиз "юқоридан" гап эшитди, биз бўйсунишга мажбурмиз... Авваллари кунига 200-300 намуна олар эдик. Таҳлил натижалари ўртача беш кун ичида келиши керак. Aммо ҳозир саккиз-ўн кунгача ҳам чўзилмоқда. Умуман олганда, бизда муаммолар етарли. Бундан ташқари, масалан, поликлиникаларда чақирувлар бўйича борадиган махсус машиналар йўқ, тиббий жиҳозлар етишмайди, беморларнинг уйига боришга имкон топилмайди.

Шундай экан, аҳолимиз ўзи ва оиласи учун шахсан қайғуриши лозим бўлмоқда. Ўзингиз автомобиль топинг ва яқинларингизни COVID-19 учун таҳлил топширишга олиб боринг...

 

Константин Башлаев

Covid-19 в Узбекистане
Заразились30609(+691)
Выздоровели22042(+726)
Умерли194(+6)
Covid-19 в Узбекистане
Заразились30609(+691)
Выздоровели22042(+726)
Умерли194(+6)
комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР
ДОЛЗАРБ
ОММАВИЙ
ҚИЗИҚАРЛИ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ