Коронавирус

Коронавирусни енгиб, 4 нафар фарзандини уй шароитида даволаётган 37 ёшли шифокор билан суҳбат

Воҳид аканинг касби шифокор. Коронавирусни беморларидан юқтириб олган. Танасидаги инфекцияни енгиб олгач, бугун фарзандларини уй шароитида даволаяпти. 

Коронавирусни енгиб, 4 нафар фарзандини уй шароитида даволаётган 37 ёшли шифокор билан суҳбат
Фото:UzNews.uz

UzNews.uz мамлакатда коронавирус инфекциясининг кенг тарқала бошлагани ва аҳоли ўртасида бу касаллик билан боғлиқ турли қарашлар шаклланаётганини инобатга олиб, Тошкент шаҳар 1-сон клиник шифохонасида коронавирусдан соғайиб чиққан, айни кунларда 4 нафар фарзандида кечаётган касалликнинг енгил шакли билан курашаётган 1983 йилда туғилган, кардиолог Воҳид ака Рахимжонов билан суҳбат уюштирди.

Ассалому алайкум, Воҳид ака. Авваламбор, касалликдан шифо топганингиз, соғайиб чиққанингиз билан табриклайман. 

Воҳид ака, бугунги кунга келиб коронавирус инфекцияси аҳоли орасида тарқалиб кетгани ачинарли. Ундан ҳам ачинарлиси эса фуқароларнинг ушбу касалликка муносабати турлича эканлиги бўляпти. Сизда бу касалликни юқтириш ва даволаниш жараёни қандай кечди?

 

– Ассалому алайкум, раҳмат. Мен Шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси изолятор бўлимида ишлайман, мутахассислигим бўйича кардиологман. Биз бевосита коронавирус хавфи бўлган беморлар билан ишлаймиз. 30 июнь куни навбатчиликда эдим. Уйга қайтганимдаги ҳолсизликни  ҳар доимгидан оғирроқ ўтган тунги навбатчиликдан деб ўйладим. Икки-уч кун мени уйқусизлик ва бош оғриғи безовта қилиб юрди. Кейинчалик касалликнинг бу аломатлари ёнига бурун битиши ва тананинг қақшаб оғриши ҳам қўшилди. 

 

Кейинги навбатчиликка чиқдим. Касаллик эса кучайди ва бу умумий ҳолсизлик ҳамда танадаги қақшатгич оғриққа айлана бошлади, диарея кузатилди. Кейинчалик билишимча, биринчи навбатчиликда ҳам, иккинчисида ҳам коронавирус юқтирган бемор билан контактда бўлган эканман. Тана ҳароратим 37 даражадан кўтарилиб кетди, томоғим ҳам қурий бошлади. 

Иккинчи навбатчиликдан келиб ҳам уйда ўзим даволана бошладим. Ўзим билганимча уйда дори-дармонларни қабул қилдим. Бу орада яна шифохонадаги навбатчилигим тўғри келди. Ишхонада 4 июль куни коронавирусга тест топширдим. Тест натижаси эртаси куни келди: у ижобий чиқди.

Ўша куннинг ўзида ишхонадан Тошкент шаҳар 1-сон клиник шифохонасига олиб кетишди. Мен шифохонага ётганимдан кейин оиламда ҳам инфекция аломатлари кўрина бошлади. Уларда юқори тана ҳарорати ва бурун битиши каби пандемия аломатлари бошланди. 

Кейинроқ билсам, бу ҳақда СЭСга хабар беришган, охири шунга мажбур бўлишганки, турмуш ўртоғим жанжал қилиб СЭСни уйга чақиртирган ва фарзандларимдан коронавирусга тест олдирган. Уларнинг тест жавоби 10 июль куни чиқди: тўртала фарзандимда ҳам ижобий, ҳомиладор аёлимда эса салбий.

Оиламга телефон орқали боғланиб қандай дорилар қабул қилишлари ҳақида айтиб турдим. Уйда даволанишни бошлашди. Ҳозир антибиотиклар олишяпти. Кичкинамнинг тана ҳарорати тушиб, нормал ҳолга кела бошлади. Секинлик билан ўзгариш бўляпти, лекин хали такрор коронавирусга тест топширишимиз керак.  

 

6 июль куни шифохонага ётганимдан сўнг 5 кун ўтиб, такрор анализ олишди. Унинг жавоби икки кундан кейин маълум бўлди – салбий чиқди. Таҳлиллар салбий чиққанда уйга жавоб берса ҳам бўлар экан. Оила аъзоларим уй шароитида даволанаётгани учун қайтишга қарор қилдим. 

 

Бугун, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини беморларга ажратилаётган 32 млн. сўм маблағнинг ўз ўрнида сарфланаётгани ёки йўқлиги масаласи қизиқтиряпти. Сиз бу борада, шифохонада кўрсатилган хизматлардан келиб чиқиб, нима дея оласиз?

– Шифохонада менга яхши қарашди. У ерда доимий равишда ҳамшира ва шифокорлар назорат қилиб туришади. Уч маҳал калорияли овқатлар берилади. Ундан ташқари ҳар куни 5 литр сув ҳам олиб кириб беришади. Ташқаридан бирор нарсага эҳтиёж сезмайсиз. Дори-дармон билан таъминлаш масаласида ҳам шундай.

Сизда коронавируснинг қайси босқичи кузатилди?

 

– Менда ўрта оғир босқичи кузатилган. Шунинг учун ҳам шифохонага ётишга мажбур бўлдим. Чунки коронавируснинг асоратлари барибир қолар экан. Даволаниб чиққандан кейин ҳам бирор жисмоний меҳнат қилганингизда тез чарчаш, ҳансираб қолиш каби белгилари қолар экан. Шунинг учун менга 14 кунлик реабилитация белгилаб беришди. 


Шифохонада неча кун даволандингиз?

– 7 кун даволандим. У ерда дастлабки муолажа 14 кунга белгиланади. Агар таҳлил натижаларида касаллик чиқмаса, ундан олдинроқ ҳам уйга жавоб берилар экан. 

Оила аъзоларимда коронавирус енгил шаклда кечяпти. 4 нафар фарзандимнинг 2 нафарида тана ҳарорати кўтарилди. Қолган 2 нафарида эса бу кузатилмаяпти.


Фарзандларингизда коронавирус инфекцияси аниқланганидан кейин маҳаллий шифокорларингиздан кимдир оилага бириктирилдими?

 

– Йўқ, бизга ҳеч ким бириктирилмади. Маҳалла поликлиникасининг ҳам хабари бор, аммо бирор ким телефон орқали бўлса-да, аҳволимиз ҳақида қизиққани йўқ. Фақат прокуратурадан телефон бўлди.


Сиз ишлаётган шифохонада коронавирусга чалинган беморлар билан бевосита мулоқотда бўлиш эҳтимоли юқори. Шуни ҳисобга олиб маъмурият тегишли чораларни кўрмаганми? Кеча сиз юқтирган бўлсангиз, бугун ҳам бошқа бир ҳамкасбингиз юқтириш мумкинку?

 

– У ерда мендан бошқа ҳамшира ва шифокорлар ҳам инфекцияни юқтириш ҳолатлари бўлган. Биз бўлинмамизга келтирилган беморларга ҳали уларга аниқ ташхис қўйилмасидан аввал биринчи ёрдамни кўрсатишимиз керак. Токи таҳлил натижалари чиқмагунча кимга тиббий хизмат кўрсатаётганимизни билмаймиз. Шунинг эътиборидан барча эҳтиёт чоралари кўрилади – махсус кийимлар кийилади, дизенфекцияловчи воситалар қўлланилади, аммо 24 соат давомида бемор билан бир ҳаводан нафас олиш унинг касалини юқтириш эҳтимолини оширади, албатта. 


Хизмат вазифасини ўташ давомида инфекцияни юқтирган шифокорларга компенсация масаласи ҳам кўтарилганди...

 

– Ҳозирча бу борада ҳеч ким индамади, ҳеч қандай гап-сўз ҳам бўлмади.


Бугунги кунда аҳоли орасида шамоллаш билан коронавируснинг фарқига бормаслик ёки ўз билганича даволаниш ҳолатлари учраяпти. Шифокор сифатида оддий грипп ва коронавируснинг фарқини айтиб берсангиз?

– Ҳамманинг организми ва иммунитети ҳар хил. Иммунитети пастроқ беморларда коронавирус белгилари дарров кўринади. Аксинча иммунитети баланд бўлган кишиларда эса у турли кўринишда симптомларсиз ўтиши мумкин. Аммо у вирус ташувчи бўлиб қолаверади. 

Шамоллаш билан фарқларига келадиган бўлсак, кўп ҳолларда оддий гриппда таъм ва ҳид билишнинг йўқолиши кузатилмайди. Менинг ўзимда кечган ҳолат – таъм ва ҳид билмай қолганман, бу коронавируснинг асоратларидан бири. Иккинчиси –  бурун битиши. Бунда бурундан гриппга хос сув оқиши кузатилмайди. Аммо буруннинг ичида нимадир тиқилиб қолгандай битиб баъзан эса очилиб туради. Шунингдек, шамоллашда ҳам танада оғриқларни ҳис қиласиз, аммо коронавирусда тана ҳарорати тушгандан сўнг ҳам тананинг қақшаб оғриши ва ҳолсизлик кузатилади. 

 

Тана ҳароратининг кўтарилиши ҳам дастлабки кунларга қараганда секин кўтарилиб боради, менинг ҳароратим ҳам шифохонага келганимда 38 даражагача кўтарилди. Бу айниқса кечки пайт кучаяди. 


Бугун аҳоли орасида энг кўп эътирозларга сабаб бўлаётган ҳолатлардан бу – уйда иситмалаб ётган беморни шифохоналарга олиб кетилмаётгани ва коронавирусга тест топширишдаги муаммолар бўлиб турибди. Бу борада нима дея оласиз?

 

– Ҳозир СЭСларнинг иш юкламаси катта, шунинг учун масаланинг бу тарафини ҳам тўғри тушуниш керак. Кунига минглаб тестлар олинади ва текширилади.

Бундай ҳолларда энг маъқул йўл фуқаронинг ўзини-ўзи изоляция қилиши. Агар унда коронавирус белгилари кузатилса ёки тест натижалари аниқ бўлмагунича уйда ўтиргани маъқул. Ўша 4-5 кун ичида ҳам ўзини ҳимоя қилади ҳам бошқаларни бу касалликдан ҳимоялайди. Менинг оилам ҳам менда инфекция аниқланганидан бошлаб кўчага чиқишмади. Ҳозир ҳам кўчага чиқармаяпмиз, уйда ўтиришибди. Қайта тест топширишимиз керак, СЭСдан келишларини кутяпмиз. Агар унинг жавоби салбий чиқса, кейин кўчага чиқаверса бўлади.  


Шифохоналарда ресурслар тугаяпти, койкалар етишмаяпти деган гап-сўзлар кўпайди...

 

– Йўқ, ресурслардаги етишмовчиликни сезмадим. Аммо койкалар масаласига келсак, ўзим гувоҳи бўлганим – бемор кўп. Тинимсиз олиб келиб, ётқизиб кетишяпти. Шунинг учун аввал бемор 14 кун тўлиқ ушлаб турилган бўлса, ҳозир беморнинг аҳволига ва истагига қараб таҳлил натижаси салбий чиққан кундан бошлаб уйларига жавоб беряпти. Бундан кўзланган мақсад ҳам, менимча, койкаларни тезроқ кейинги беморларга бўшатиш бўлса керак. Ундан ташқари, инфекция юқтирганларни даволаш учун қўшимча шифохоналар ҳам тайёрланяпти.


Ҳозирга кунда уй шароитида даволанаётган фарзандларингиз саломатлигидан кўнглингиз тўляптими?

 

– Қайта тест олишса яхши бўларди... 6 июль куни тест олишган эди, мана 8 кун ўтди. Биз уйда даволаняпмиз, натижасини эса фақат тест топширганимиздан сўнг билишимиз мумкин. 

 

Уй шароитида даволанаётган беморларга тавсияларингиз?

– Уй шароитида даволанаётган беморларга кўпроқ суюқлик ичишларини ва витаминга бой озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишларини тавсия қиламан. Дори-дармонларни ўз вақтида қабул қилишлари ва энг асосийси касалликка қарши курашишни ўз вақтида бошлаш керак. Дорилар қабул қилишда, телефон орқали бўлса ҳам, шифокор назоратида бўлиб тургани яхши. 

Одамлар бу касалликнинг хавфини ҳис қилишмаяпти. Навбатларда ижтимоий масофа деган нарсанинг ўзи йўқ. Бу, аҳоли қанча зичлашаверса, шунча вирус тарқалаверади, дегани. Одамлар карантин қоидасига амал қилиш ўзи ва оиласининг бу касалликдан омонда бўлиши шартларидан эканлигини тушуниб етиши керак. 

 

Қариндош-уруғлар билан ҳам борди-келдиларни тўхтатиб туриш лозим. Имкон қадар тадбирларга камроқ бориб турилса, инфекция хавфи йўқолиб кетганидан кейин буларнинг барчасини қайта тикласа бўлади. Айримлар инфекцияни турлича талқин қилиб, унинг мавжудлигига ҳам шубҳа билан қарашди. Ишонмаса, ана шифохоналарга бориб кўрсин... Бошидан ўтказган одам тушунади буни...

 

Кечинмаларингиз билан ўртоқлашганингиз учун раҳмат, Воҳид ака. Хонадонингизга доимий саломатлик тилайман.                                                                                                    

UzNews.uz мухбири Элбек Боймуродов суҳбатлашди

Бизнинг янгиликларимизни Telegram мессенжерида ҳам ўқишингиз мумкин, саҳифамизни кузатиб боринг

Covid-19 в Узбекистане
Заразились53966(+519)
Выздоровели50441(+609)
Умерли447(+3)
Covid-19 в Узбекистане
Заразились53966(+519)
Выздоровели50441(+609)
Умерли447(+3)
комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ