Жамият

БМТ Тараққиёт Дастури ва “Қишлоқ Қурилиш Банк” АТБ натижа асосида тўлов шартномасини имзоладилар

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури ва “Қишлоқ Қурилиш Банк” Акциядорлик Тижорат Банки ўртасида натижа асосида тўлов шартномаси имзоланди.

БМТ Тараққиёт Дастури ва “Қишлоқ Қурилиш Банк” АТБ натижа асосида тўлов шартномасини имзоладилар

2020 йил 12 март куни БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) ва “Қишлоқ Қурилиш Банк” Акциядорлик Тижорат Банки ўртасида натижа асосида тўлов шартномаси имзоланди. Ушбу илғор усул кетма-кет иккинчи йил қўлланилаётган бўлиб, БМТ Тараққиёт Дастури тарафидан “Қишлоқ Қурилиш Банк”га инновацион молиявий инструмент саналган яшил ипотека тақдим этишни кенгайтириш учун техник ёрдам кўрсатиш имконини беради.

 

Ушбу шартнома Ўзбекистон қурилиш вазирлиги ва БМТТараққиёт Дастури/ Глобал Экологик Жамғармасининг “Ўзбекистонда энергия самарадор қишлоқ турар жойлари қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида имзоланди. Мазкур лойиҳанинг мақсади Ўзбекистон қишлоқ аҳолисини яхшиланган, арзон ва экологик жиҳатдан тоза турмуш шароитлари билан таъминлашдан иборат. Лойиҳа “яшил ипотека” бозор механизмини ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва кенгайтириш орқали Ўзбекистонда жадал суръатларда ривожланиб бораётган қишлоқ уй-жой секторини янада барқарор ва кам углеродли ривожланиш йўлига йўналтиришга қаратилган бўлиб, бу Ўзбекистон қишлоқ аҳолиси орасида кам углеродли уй-жойга бўлган талабни оширади.

 

“Яшил ипотека” механизмининг жорий қилиниши 2019 йилда “Қишлоқ Қурилиш Банк” томонидан БМТТД/ГEЖ субсидияси ва техник ёрдами асосида амалга оширилди. Натижада Лойиҳа доирасида 5та (Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм вилоятлари) лойиҳа ҳудудида 800та қишлоқ уй хўжаликлари ихтисослаштирилган банк маҳсулоти, яъни “яшил ипотека” олиш имкониятига эга бўлди. Эътиборлиси шундаки, 2019 йилда яшил ипотека кредити олувчиларининг 53 фоизини аёллар ташкил этди.

 

2020 йилда “Қишлоқ Қурилиш Банк” банк томонидан “яшил ипотека”ни Ўзбекистоннинг яна бешта ҳудудида, жумладан, Қашқадарё, Наманган, Бухоро ва Тошкент вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида жорий қилиш режалаштирилган. Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши Давлат дастури доирасида 2020 йилда фақат тўрт қаватли турар-жой бинолари қурилиши кўзда тутилмоқда. Шунга биноан, яшил ипотека бозорининг механизми кўп қаватли уйларда энергия самарадор (ЭС) ва кам углеродли (КУ) хонадонларни харид қилиш доирасида амалга оширилади.

 

“Яшил ипотека” истеъмолчига энергия самарадор ва кам углеродли уйларни сотиб олиш имконини берувчи банк хизматидир. Бундай уйнинг уй хўжалиги учун афзаллиги шундаки, у электр энергияси ва уй иситишга сарфланадиган энергия сарфини 30 фоизгача тежаш имконини беради. Қолаверса, ушбу энергия самарадор ва кам углеродли уйлар экологик жиҳатдан атроф-муҳитга зарар етказмайдиган яшаш шароитини тақдим этади. Хусусан, бу уйни ёритиш ва иситиш учун сарфланадиган энергия углеводородли ёқилғини ёқиш ҳисобига олинмаслигининг эвазига иссиқхона гази эмиссияси ҳажми камаяди. Иссиқхона газлари эмиссиясида уй-жой секторининг улуши энг юқориларидан ҳисобланади. Шу боис, уй-жой қурилишида энергия самарадорлик устувор аҳамиятга эгадир. Қолаверса, уй-жой қурилишида энергия тежайдиган ва кам углеродли ечимлар Барқарор Тараққиёт Мақсадларининг 7-мақсадига жавоб берадиган арзон ва тоза энергиядан фойдаланишни таъминлайди.

 

Алоқа учун: Равшан Юнусов, тел.: +99890-327-77-11

комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ