Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга Ўзбекистоннинг юксак давлат мукофоти - "Олий Даражали Дўстлик" орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Шавкат Мирзиёев мукофотни топширар экан, Гурбангули Бердимуҳамедовнинг мамлакатларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашдаги улкан хизматларини алоҳида қайд этди.
Туркманистон раҳбарининг шахсий саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон-Туркманистон муносабатлари юксак даражага чиққани, амалда намунавий тус олгани таъкидланди.
"Шахсан сизнинг кўмагингиз билан 2017-йилда мамлакатларимиз стратегик шериклигининг мустаҳкам асоси яратилди," - деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистоннинг олий мукофоти билан тақдирланиши кўп миллатли ўзбек халқининг Гурбангули Бердимуҳамедовга атоқли давлат арбоби, замонавий Туркманистоннинг миллий етакчиси ва меъмори сифатида самимий ҳурмат-эҳтиромининг ифодаси бўлгани таъкидланди.


