Ўтган йилнинг 10 октябрь куни Инвеститсиявий низоларни ҳал қилиш халқаро маркази (ICSID) арбитраж трибунали Туркиянинг Bursel Tekstil Sanayi Ve Diş Ticaret A.Ş. компанияси ва Туркия фуқаролари томонидан Ўзбекистонга қарши қўзғатилган иш бўйича қарор чиқарди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Даъво суммаси тахминан 700 миллион долларни ташкил этди.
Арбитраж суди қарорига кўра, Bursel компаниясининг барча талаблари рад этилди, шунингдек, даъвогарлар Ўзбекистон томонининг арбитраж харажатларини қоплаши кераклиги белгиланди.
Қайд этилишича, жараён Bursel компанияси ташаббуси билан 2017 йил июль ойида бошланган ва қарийб етти йил давом этган. Арбитраж қоидаларига мувофиқ, суд қарори якуний ва мажбурий ҳисобланади.
Бу ишда Ўзбекистон манфаатларини республика Адлия вазирлиги ва "White & Case" (Вашингтон, АҚШ) халқаро юридик фирмаси ҳимоя қилди.
Эслатиб ўтамиз, Bursel Tekstil Sanayi Ve Diş Ticaret A.Ş. 2000 йиллар бошида Ўзбекистон тўқимачилик саноатига сармоя киритган Туркиянинг тўқимачилик компанияси ҳисобланади. Хусусан, у ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан молиялаштирилган Тошкентда тўқимачилик фабрикасини қуриш лойиҳасида иштирок этган.
2017 йилда Bursel Tekstil компанияси Туркиянинг икки фуқароси билан биргаликда тўқимачилик саноатига киритган сармоялари экспроприация қилинганини даъво қилиб, Инвеститсия низоларини ҳал қилиш халқаро марказига (ICSID) Ўзбекистонга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилган.