Жорий йилнинг апрель ойида Harvard Growth Lab (Гарвард университетининг фанлараро лойиҳаси) таҳлилчилари 2023 йилги маълумотларни қўшиб, Иқтисодий мураккаблик атласини янгилади.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон сўнгги 5 йил ичида 25 поғона юқорилаб, 145 та мамлакат орасида 80-ўринни эгаллаб, Иқтисодий мураккаблик рейтингида ўз мавқеини сезиларли даражада яхшилади.
Ўзбекистон рейтингда 80 – ўринни, Туркия 44 – ўринни, Ветнам 53 - ўринни, Қозоғистон 84 - ўринни (6 ўрин пасайиш), РФ 94 - ўринни (5 позиция йўқотиш), Тожикистон 124 - ўринни (5 позицияга кўтарилиш), Туркманистон 126-ўринни (12 позицияга ёмонлашиш) эгаллади.

Мамлакат иқтисодиёти барқарор ўсишни кўрсатмоқда, экспорт йилига ўртача 20,5%га ўсди, бу минтақадаги мамлакатларининг бошқа мамлакатларидаги ўсиш суръатларидан анча юқори.
5 йил давомида экспорт ўсишига ўрта қайта ишланган саноат товарлари катта ҳисса қўшди. Ишлаб чиқариш янада мураккаброқ бўлган маҳсулотлар ичида энг юқори ўсиш суръатлари транспорт (89%), саноат ускуналари (77%), электротехника (59%) бўйича қайд этилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон экспорт портфелига 67 та янги маҳсулот қўшди, бу 2,1 миллиард доллар даромад келтирди ҳамда диверсификация ва рақобатбардошликни ошириш бўйича муваффақиятли стратегияни тасдиқлади. Ушбу маҳсулотлар 2023 йилда аҳоли жон бошига 59 доллар даромад келтирди.

Harvard Growth Lab ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон жаҳон бозорида рақобатбардош устунликка эришган 162 турдаги маҳсулотларга эга бўлиб, бу унинг жаҳон иқтисодиётдаги салоҳиятини намоён этади. 2033 йилгача Ўзбекистон иқтисодиётининг йиллик ўртача ўсиши 5,6%ни ташкил этиши кутилмоқда, бу эса дунёда иккинчи юқори кўрсаткичдир.