Жорий йилнинг март ойида Хитойнинг Leapmotor товар белгили “C16” автотранспорт воситасида аниқланган номувофиқликлар сабабли, уларни сертификатлашга аризалар қабул қилиш юзага келган вазият бартараф қилингунига қадар вақтинча тўхтатилган эди.
Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси Матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур масала юзасидан Хитойнинг “Zhejiang Leapmotor Technology Co. LTD” компаниясига “ЎзТест” ДМ томонидан мурожаат билан чиқилган ва унинг натижасида жорий йилнинг 7 апрелида Gu Jiven бошчилигидаги Компания вакилларидан иборат делегация аъзолари “ЎзТест” ДМга ташриф буюрган ҳамда вужудга келган вазият компания масъуллари билан муҳокама қилинган.
Натижада, Компания томонидан Leapmotor товар белгили “C16” русумли 2 та автотранспорт воситаси Ўзбекистонга импорт қилинган ҳамда жорий йилнинг 14 апрель куни “ЎзТест” ДМнинг Пскент туманида жойлашган “Электромагнит мослашувчанлик синов лабораторияси”да Компания мутахассислари ва оммавий ахборот воситалари, шу жумладан блогерлар иштирокида БМТнинг 10-сон қоидаларида белгиланган тартибда қайта синовлардан ўтказилди.
Шунингдек, кун давомида ОАВ вакиллари ва соҳа мутахассислари мазкур соҳада ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди, шунингдек, Компания расмий вакили жаноб Гу Живендан интервью олиб, синов лабораториясининг фаолияти ва унда ўтказилаётган синовлар билан яқиндан танишишди.
Ўтказилган такрорий синовлар якунида Компания томонидан импорт қилинган “Leapmotor” товар белгили “C16” русумли автотранспорт воситаси БМТнинг 10-сон қоида талабларига мувофиқ топилди ҳамда “Leapmotor” компаниясига шартли равишда мазкур товар белгили автотранспорт воситаларини республикада муомалага чиқарилишига рухсат берилди.
Мазкур шартлар:
“Leapmotor” товар белгили автотранспорт воситасининг номувофиқлиги аниқланганда уларни бартараф қилувчи ҳамда истеъмолчига етказилган зарарни қопловчи ишлаб чиқарувчининг расмий вакили – Ўзбекистонда резидент ҳисобланган юридик шахсни белгилаш.
Республикага импорт қилинаётган “Leapmotor” товар белгили барча автотранспорт воситаларининг турини маъқуллаш учун зарур бўлган тегишли ҳужжатларни тақдим қилиш.
Маълумот учун: тури маъқуллаш ҳужжати – автотранспорт воситаларининг мувофиқлигини баҳолашнинг ижобий натижалари асосида белгиланган тартибда расмийлаштирилган, бир турга кирувчи транспорт воситаларининг Техник Регламент талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжат.
“Leapmotor” товар белгили автотранспорт воситалари ишлаб чиқарилаётган корхоналарда ишлаб чиқариш жараёнлари ва шартларини ўрганиш ва баҳолаш.