Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда сўнгги тур доирасида бўлиб ўтган учрашувлардаги интизомий ишлар кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда ЎФА Матбуот хизмати.
Унга кўра, Супер Лиганинг 23-тури доирасидаги "Бунёдкор" — "Нефтчи" учрашувида "Нефтчи" футбол клуби мухлислари томонидан учрашув давомида, шу жумладан, учрашувнинг танаффус вақтида ва ўйин якунлангандан сўнг учрашув ҳакамлари шаънига ҳақоратли сўзлар ишлатилгани ҳамда майдонга турли хил буюмлар улоқтирилгани билан боғлиқ ҳолатлар бўйича тегишли чора кўрилди.
Шунингдек, учрашувга оид видеоёзув ва бошқа маълумотлар таҳлил қилинганда мезбон жамоа сифатида "Бунёдкор" футбол клуби томонидан стадионда жамоат тартиби ва хавфсизлигининг таъминланиши етарлича ташкил этилмагани аниқланди.
Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, "Нефтчи" футбол клубига нисбатан ўз мухлислари томонидан салбий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олди олинмагани учун ЎФА Интизом кодексининг 5.34-бандига (ЎзПФЛ, Мусобақалар Регламенти ва Лицензиялаш Регламенти талабларини бажармагани учун – пул жаримаси) асосан жарима интизом чораси қўлланилди.
Шунингдек, "Бунёдкор" футбол клубига нисбатан стадионда жамоат тартиби ва хавфсизлигининг таъминланиши етарлича ташкил этилмагани учун ЎФА Интизом кодексининг 5.9-бандига (стадионда жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминламагани учун) асосан жарима интизом чораси қўлланилди.
Ушбу турдан ўрин олган "Андижон" — ОКМК ўртасидаги учрашувда эса, "Андижон" футбол клуби мухлислари томонидан ўйин давомида, шу жумладан, учрашувнинг танаффус вақтида ва ўйин якунланганидан сўнг учрашув ҳакамлари шаънига ҳақоратли сўзлар ишлатилгани ҳамда турли хил буюмлар улоқтирилгани, улоқтирилган буюмлардан бири ёрдамчи ҳакамга теккани қайд этилган.
Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, "Андижон" футбол клубига нисбатан келгуси 1 та уй учрашувини томошабинларсиз ўтказиш ва жарима интизом чораси қўлланилган.