Поиск
RUUZ

Католик Рождество: ўзбекистонликлар уни қандай нишонлади — фото

24 декабрдан 25 декабрга ўтар кечаси «Иисуснинг муқаддас юраги» рим-католик черковида католиклар Иисус Христос Рождествосини нишонлашади. Илоҳий маросимга мамлакатнинг барча ҳудудларидан диндорлар ташриф буюришади. Америка фильмларидаги каби ёрқин Рождество либослари христиан бўлмаган кишиларнинг ҳам эътиборини тортади. Ўзбекистонда католицизм қандай пайдо бўлган ҳамда сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли завқланадиган католик черковлар қайси шаҳарларда мавжуд?

1035views1replies
0

Рождество ва Пасха байрамларидан олдин черковга кўплаб қўнғироқлар келиб тушади – одамлар хизмат жадвали билан қизиқишади. Аввал католик бўлмаганлар бор-йўғи 10-15 дақиқага хизматга келишган. Ҳозирда эса одамлар ваъзларни диққат билан тинглаган ҳолда охиригача ўтиришади.
«Анъанага кўра, Рождествони 25 декабрь куни ярим тунда нишонладик, вақт ўтиши билан жадвал ўзгарди, хизматни кечки тўққизга кўчиришди. Бир марта Рождество хизматидан кейин, тунги ўн бир яримда шарқона ташқи кўринишдаги католик бўлмаганлар келиб, хизмат тугагани, улар эса тинглашни хоҳлаганини айтиб, норозилик билдиришган», – деб ёдга олди «Иисуснинг муқаддас юраги» рим-католик черковининг епископи Ежи Мацулевич.
Бу ерга исталган киши ташриф буюриши мумкин. Черковда тез-тез мактаб ўқувчилари ва талабалар учун экскурсиялар ўтказилади. Бир кунда улар ўқитувчилар билан масжид, правословие ва католик черковларга ташриф буюришга улгуришади. Бу билан бир қаторда, костёлда Халқаро ислом академияси билан шартнома мавжуд. Бу ерда талабаларга католицизм ҳақида айтиб берилади ва уларни қизиқтирган саволларга жавоб берилади.
«Давлат диний толерантликни қўллаб-қувватлаши яхши. Болалар ва ўсмирларга Ўзбекистонда динларнинг хилма-хиллиги борлигини кўрсатишади», – дейди Ежи Мацулевич.
Булар билан бир қаторда, костёл йилдан йилга кўплаб тўй ва кўча суратчиларининг эътиборини тортмоқда. Аввал епископ черков ичида расмга тушишга рухсат берар эди, лекин, вақт ўтиб, айрим одамлар ўзларини номуносиб тутганларидан кейин, черковда съёмка тўлиқ тақиқлаб қўйилган.
Албатта, ёрқин ва катта черков фонида ҳали ҳам фотосессия уюштириш мумкин, лекин, епископ фотосессиялар хизмат ва ибодат қилишдан бўш кунларда ўтказилишини сўрайди.
«Ушбу жой ўзининг Ўзбекистон учун ноодатий бўлган архитектураси билан шу қадар машҳурликка эришган бўлиши мумкин. Албатта, айрим ёшлар келиб, бу ерда кийимларини мос бўлмаган кийимларга алмаштириб олган ҳолатлар ҳам бўлган. Бундай ҳолатларда биз ушбу жойни ҳурмат қилишларини сўраймиз», – дейди епископ.
Ўзбекистонда черковлар қачон пайдо бўлган
«Иисуснинг муқаддас юраги» рим-католик черковининг қурилиши 1912 йилда Петербургдан бўлган руҳоний Иустин Пранайтис шарофати билан бошланган, у «Салар» канали бўйидаги ер участкасини бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган. Айнан шу ерда бугунги кунда бизга маълум бўлган костёл барпо этилган. Руҳоний 1917 йилда оламдан ўтган. Революция вақтида черков қурилиши тўхтаб қолган. Кейинчалик бинони совет ҳукумати национализация қилган, черков бошқаруви турли ташкилотларга берилган ва ҳатто ундан омборхона сифатида ҳам фойдаланилган. Вақт ўтиб эса черков харобага айланиб қолган.
1990 йилларда черков реставрация қилинганидан кейин иккинчи ҳаётга эга бўлган. 1992 йилда черков биноси Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан Тошкентнинг католик қавмига берилган. Ҳозирда черков – бу фақатгина ўзбекистонлик католикларнинг зиёрат жойи эмас, балки тарихий ва маданий мерос ёдгорлигидир. 2000 йилда бино муқаддас жойга айлантирилди ва орадан 22 йил ўтиб, черковда фаол диний фаолият олиб борилмоқда.
Умуман олганда, Ўзбекистон бўйлаб бир неча католик черковлар мавжуд, улар ҳам гўзаллиги бўйича Тошкентдаги черковдан қолишмайди. Самарқанддаги черков 1916 йилда поляклар томонидан қурилган, Фарғонада эса – 1905 йилда қад ростлаган. Шунингдек, католик черковлар Бухоро ва Урганчда бор, яқин орада эса Ангренда рўйхатдан ўтказиш режалаштирилмоқда.
Лекин, маҳаллий католикларда ҳаммаси унчалик ҳам яхши эмас. Улар дуч келаётган муаммолардан бири – бу диндорларнинг хорижга кетиб қолаётганидир. Кўплаб католиклар бу ердан Россия, Қозоғистон, Украина ва Польшага кетишмоқда. Бунда, ҳар йили католицизмга маълум миқдордаги ўзбекистонликлар келиб, чўқинишади ва католик динини қабул қилишади.
Тошкентдаги черковда ваъзлар тўрт тилда олиб борилади: рус, инглиз, поляк, корейс. Инглиз тилидаги ваъзларга асосан элчихоналар ходимлари ва хорижий бизнесменлар келишади. Жанубий Кореядан келганлар – корейс тилида, поляк тилида эса – поляк тилини ўрганаётган ёки биладиган маҳаллий поляклар тинглашади.
Тошкентдаги черковга қатновчилар сони – 500 киши атрофида. Биринчи қаватда иш кунлари ибодат қилинадиган кичик бутхона бор, иккинчи қаватда эса дам олиш ва байрам кунлари хизмат олиб бориладиган катта ва кенг зал мавжуд.
Фарғона ва Самарқанддаги черковларда ваъзлар асосан рус тилида олиб борилади, лекин, яқинда инглиз тили ҳам қўшилди, чунки шаҳарларга Ҳиндистон ва Покистондан католик черковга ташриф буюрадиган талабалар келишади. Урганчда эса ваъзлар рус тилида ва баъзан ўзбек тилида олиб борилади – бунга сабаб черковга қатновчилар орасида ўзбек тилида гаплашувчиларнинг борлигидир.
Бизнинг католикларимиз – турли миллатлар вакиллари. Оилалар аралаш бўладиган ҳолатлар ҳам учраган: отаси – ўзбек ёки татар, онаси эса – рус ёки украин, бола эса натижада католик динига келади. Епископ Ўзбекистонга учиб келганида уни айнан шу нарса ҳайрон қолдирган.
«Бу ерда кўплаб миллатлар мавжуд. Бу ерга корейслар қаердан келиб қолганини эшитиб ҳайрон бўлганман, кейин эса менга уларни Сталин кўчирганини тушунтириб беришган. Ëдимда, бир марта Фарғонада черковда бир йигитдан «Сен қайси миллат вакилисан?» деб сўраган эдим, у йигит эса буни билмаслигини айтган. Унинг бувиси бир миллат вакили, бобоси эса бошқа миллат вакили, онаси учинчи ва отаси тўртинчи миллат вакили бўлган. Ўшанда йигит шунчаки у Ўзбекистонда туғилганини айтган», – дея табассум қилди Ежи Мацулевич.
Баъзан черковга дин масаласида ҳали бирон тўхтамга келмаган, лекин, чўқиниб, католик бўлишни хоҳлайдиганлар келишади. Бундай ҳолатларда Ежи одамлар католицизм нима эканлигини англашлари ва Библияда нималар ёзилганини билишлари учун чўқинишга тайёргарлик кўришга бир ярим йил кетишини тушунтириб беради. Одамлар чўқиниш борасидаги қарорни онгли равишда қабул қилишлари лозим.
Ўзбекистонда католицизмнинг бошланиши
2000 йилларда мамлакатда монарх-францисклар бўлган, лекин, папа Иоанн Павел II биринчи епископни Ўзбекистондаги католик черковнинг хоқони этиб тайинлашга қарор қилган. У Ежи Мацулевич бўлган. Ежи асли Польшадан, Ўзбекистонда эса 2005 йилдан бери яшайди.
«Тўғрисини айтсам, Ўзбекистонда хизмат қиламан деб ҳеч ўйламаган эдим. Россияда хизмат қилишни режалаштирганман, чунки онам Сибирдан ва отам Польшадан бўлган», – деб ёдга олди епископ.
Епископ бунга ўша вақтда папа Иоанн Павел II касал бўлгани учун рози бўлган, унинг айтишича, ўлими яқин одамга рад жавобини бериш яхши эмас.
Ҳозирда Ежи Мацулевич бу ерда ўзини ўз юртидагидек ҳис қилади, Ўзбекистондаги илк йиллар осон бўлмаганига қарамасдан, у Польшага таътилга борганида ортга қайтишни кутади.
«Ўзбекистонда менга одамлар ва маданият ёқади. Бу ер ўз уйимдек бўлиб қолган», – дея табассум қилди епископ.
Католик Рождество нимаси билан эътиборга лойиқ
Ежи Мацулевичнинг сўзларига кўра, Рождествони нишонлаш православ ёки протестантлардан унчалик фарқ қилмайди.
«Барчамиз Иисус Христоснинг туғилган кунини нишонлаймиз. Фарқ фақатгина хизматда, ҳақиқат эса ўзгаришсиз қолади. Биз протестантлардан улар барча ибодатларни қабул қилмаслиги билан ажралиб турсак керак. Бошқа тарафдан, барчамиз Рождество ҳақида қўшиқлар куйлаймиз ва хурсанд бўламиз», – дейди епископ.
Пастухлар Мессасида ваъзлар 24 декабрдан 25 декабрга ўтар кечаси ўтказилади. Ўзбекистонда кечки вақтда жамоат транспорти билан катта муаммолар бўлиши сабабли, черков хизматни кечи 8 ва 10 га кўчирди.
«Анъанага кўра, совғаларни 6 декабрда берамиз. Бу Иттифоқ йилларида Қорбобо бўлган муқаддас епископ Николайнинг байрамидир. Америкада уни Санта-Клаус деб аташади. Муқаддас Николой камбағал одамларга совғалар бериб, хайрли ишлар қилган», – дейди епископ.
Унинг ёдга олишича, у кичиклигида қўшниси муқаддас Николай либосини кийиб, Ежига ота-онаси томонидан олдин тайёрлаб қўйилган совғаларни берган. Албатта, боладан у ўзини йил давомида қандай тутгани ҳамда бола ва ота-она учун муҳим саволлар сўралган. Бунда, епископнинг тушунтиришича, 25 декабрь куни католик оилаларда совғалар улашилади, лекин, бу черков анъанаси эмас, балки зодагонлар анъанасидир.
Католик ва протестантлар Рождествони 25 декабрга ўтар кечаси, православлар эса 7 январь куни нишонлашади. Олдин фақатгина «Юлиан» календари бўлган ва уни эрамиздан олдинги 46 йилда жорий қилишган. 1582 йилда ҳисоб астрономик вақтга мувофиқ бўлиши учун ислоҳот ўтказилган. Ўшанда «Григориан» календари пайдо бўлган, кейинчалик барча католик ва протестантлар унга ўтишган.
Ўзбек католицизмининг ўзгачаликлари
«Шундай Польша анъанаси бор. Черковимиздаги Польшадан бўлган хизмат қилувчилар Рождестводан олдин бир кун рўза тутишади. Дастурхонга гўшт ва балиқсиз 12 хил таомлар тортилади. Нега 12 та – чунки айнан шунча апостоллар бўлган», – дейди епископ.
Кечки овқат атрофида бутун оила йиғилиши керак. Шунингдек, бу куни оқ нон – «оплатка»лар тарқатилади. Бутун оила дуо қилади ҳамда ҳар бир киши Рождество тилаклари ва табриги билан «оплатка» олади.
Польшада Рождество кўпинча оилавий байрам ҳисобланади. Собиқ Иттифоқ давлатларида Янги йилга асосан нишонлаш қабул қилинган, Европада эса – «Сочельник».
«Биз барча диндорлар байрамдан олдин тавба қилишлари ва юраклари тоза бўлишларини сўраймиз. Ушбу кунда қувонч ташқи эмас, балки чин кўнгилдан бўлиши керак, чунки Иисус ҳаётимиз ва юрагимизга келади», – дея табассум қилди епископ.
1035views1replies
0

Комментарии