Поиск
RUUZ

Кел турмуш қурамиз: Ўзбекистондаги ОТМлар талаба-қизларнинг шахсий маълумотларини совчиларга қандай сотишади

UzNews.uz мухбири Ўзбекистон ОТМларида ўғилларига қиз излаётган аёлларга талаба-қизларнинг маълумотларини сотиш ҳолатлари, маълумотлар қанчага сотилиши ва бундай вазиятларда талаба-қизлар қандай йўл тутишлари мумкинлиги ҳақида мақола тайёрлади.

2381views0replies
1

UzNews.uz

Ўзбекистон ОТМларида йиллар давомида талаба-қизларнинг шахсий маълумотларини сотиш амалиёт қилиб келинмоқда. Баъзилар бу ҳақида фақат эшитишган, айримлар эса бу муаммога шахсан дуч келишган. Яна баъзилар эса ёш талаба-қизларни кўриш ва улар ҳақида маълумот олиш учун университетга келадиган шилқим совчилардан «қочиб қолиш»га мажбур бўлишган. Совчилар ОТМ маъмуриятидан қизлар ҳақидаги маълумотларни сотиб олишади ва шу тариқа ўз мижозига энг яхши номзодларни излашади. Талаба-қизлар қатъи талаблар бўйича танланади: чиройли бўлиши шарт, аълочи бўлгани маъқул, бюджетда ўқиса янада яхши – куёв бола келин контрактини тўлаши керак бўлмайди. Қизларни худди бозордаги отлардек танлашади.
Бу қонунийми? Албатта йўқ. Ўқитувчилар ва ОТМ маъмуриятининг талабаларнинг шахсий маълумотларини бошқаларга беришга ҳаққи йўқ – оилавий шароитидан бошлаб, олинган баҳоларигача. Агар қизлар шилқим совчиларга жавоб қайтара олса, ёки уларнинг яқинида уларни ҳимоя қиладиган ўқитувчи бўлса – яхши. Лекин ҳар бир қиз ўзини-ўзи ҳимоя қилишга қодирми, ва агар деканат ҳамда совчилар сизнинг ҳуқуқларингизни бузаётган бўлса қандай ҳимояланиш керак?
Бунақа ҳолатлар ҳақиқатда ҳам бўладими?
Наталья Ким (исми ўзгартирилган) Педагогика университетида ўқиш вақтида шундай вазиятга дуч келган. Қиз ўзини ҳимоя қила олган ва ўғлига идеал талаба келин излаётган нотаниш аёлни «тийиб қўя» олган. Дарслардан кейин коридорда Натальянинг ёнига келиб, «Бу дефектология факультетими? Бу ерда шундай чиройли қизлар ўқир экан», – дея айёрлик билан табассум қилган аёл. Наталья гап нимада эканлигини дарров тушуниб, ўзини йўқотиб қўймаган ва аёлга шубҳа билан қараб, қуйидагича гаплашган:
– Ўғлингизга қиз излаяпсизми?
– Ҳа, келин излаяпман. Балки телефон рақамларимиз билан бўлишармиз?
– Нега? – дея табассум қилди Наталья.
– Чиройли экансан, дарров ёқиб қолдинг – деди совчи.
– Корейс эканлигим ҳеч нарса қилмайдими?
– «Казашка» эмасмисан? – дея довдираб қолди аёл.
– Йўқ, корейсман.
– Ҳа майли, ҳеч нарса қилмайди. Мен миллатга қарамайман – дея қўл силтади совчи.
Вазият Натальянинг нотаниш аёл билан уришишни бошлашигача етиб борган. Кейин эса ўша совчини университетда бошқа ҳеч ким кўрмаган. Талаба-қизнинг айтиб беришича, бундай ҳолатлар ОТМ учун одатий. Одатда бундай меҳмонларни ўқувчилар ёқтиришмайди, чунки нотаниш одамлар ўқишга халақит беришади.

«Бу ахир «Кел турмуш қурамиз» эмас. Бу ерга талабалар ўқиш учун келишади, совчи аёллар эса университет дарвозаси олдига туриб олиб, йўлни ёпиб қўйишади. Русча гуруҳда ўқийдиган талабаларга бу ёқмайди, миллий гуруҳда ўқийдиган талабалар эса – сукут сақлашади. Улар уларни кўришга келишларидан хурсанд», ­– дея айтиб берди Наталья.

Баъзан ўқитувчилар талаба-қизларни «тоғдек» ҳимоя қилишади, лекин кўпинча университет маъмуриятининг ўзи совчиларни қўллаб-қувватлаб, уларга керакли маълумотларни ноқонуний тарзда бериб юборади.
Қандай қилиб ўқитувчилардан талаба-қизларнинг маълумотларини йиғишади
Дарья Османова 2019 йилда Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетида ўқитувчи бўлиб ишлаган. Ўшанда у ноодатий вазиятга учраган: коридорда уни йигит тўхтатиб, бир талаба-қиз ҳақида сўрашни бошлаган. Дарьяни биринчи навбатда хавфсизлик масаласи хавотирга солган ва у йигит кимлигини сўрашни бошлаган.

«Йигит қиз чекадими, йигитлар билан гаплашадими ва у қандай ўқиши ҳақида сўраган. Унинг кўриниши анчагина катта эди, куёв болага ҳам ўхшамасди, шу сабабли мен қизни кузатишаётганидан хавотир олганман», – дейди Дарья.

Дарья кафедрага бориб, миллий гуруҳларда дарс берувчи ҳамкасбларига юзага келган вазият ҳақида айтиб берган. Кейин маълум бўлишича, куёв ва унинг яқинлари келин ҳақида сўраб-суриштиришлари одатий амалиёт экан.
«Мен йигитга ҳеч қандай маълумот бермаганман ва унга бу «келинлар уйи» ёки «совчи-хона» эмаслигини айтганман. Бу университет ва бундай масалалар бу ерда ўринсиз. Агар сизга бундай маълумотлар керак бўлса, буни қизнинг ёнига бориб, маданиятли одамлардек ҳал қилинг деганман», – дея ёдга олди ўқитувчи.
Бунда ўқитувчи талаба-қизни содир бўлган вазият ҳақида огоҳлантириб, буни ота-онасига айтиб беришини айтган. Қиз эса унинг ота-онаси бу йигитни билишлари ва улар унаштирилганини айтган. Умуман олганда, авваллари ОТМ маъмурияти бу анъана билан курашган, ва ўша вақтларда университетга кира олиш унчалик ҳам осон эмас эди.

«ОТМда доимо қўриқчилар бор, улар университетга ким киргани ва ким чиққанини ёзиб олишади. Ишончим комил, ушбу куёвлар ва аёллар қўриқчилар рўйхатида йўқ. Ҳамма жойда камералар бор, ва агар хоҳлашса ОТМга бундай ташрифларни тўхтатиш осон», – дейди ўқитувчи.

Дарьянинг айтишича, у анъанавий маданият вакили эмас, ва шу сабабли университетларда келин излаш тенденцияси қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлиги ҳақида бирон нарса дея олмайди. Содир бўлган вазият унга ёқмаган, чунки йигит сўраган маълумотлар шахсий характерга эга бўлган.
«Қиз нима кийиб юриши, у чекадими – бу менинг профессионал вазифаларимга кирмайди. Агар истасанг, қизнинг ёнига бориб, шахсан ўзидан сўра. Мен учун бу кичик маданий шокдир», – деган Дарья.
Дарьянинг сўзларига кўра, ўша йигит агрессия кўрсатмаган – у шунчаки талаба-қиз ҳақида маълумот олиш учун бошқа манба излаган. Ўқитувчи ҳолат ҳақида деканатга маълум қилган, лекин деканат томонидан бирон жавоб бўлмаган.
Қонун бу ҳақида нима дейди?
Келин танлаш бўйича бундай ноодатий тенденцияга аниқлик киритиш учун биз инсон ҳуқуқлари бўйича юрист – Дилфуза Қуроловага мурожаат қилдик.

«ОТМ маъмуриятининг талаба-қизларнинг шахсий маълумотларини бошқаларга беришга ҳеч қандай ҳаққи йўқ. Бу амалдаги қонунда мавжуд», – дейди Дилфуза.

«Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги 14-қонуннинг моддасида одамнинг шахсий маълумотларини фақатгина унинг розилиги билан тарқатиш мумкинлиги айтилган. Яъни, бундай вазиятда совчилар ва ОТМ маъмурияти талаба-қизлардан уларнинг шахсий маълумотлари билан бўлишиш учун рухсат олишлари шарт.
Шахсий маълумотларни тарқатганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 462-моддаси бўйича фақатгина маъмурий жавобгарликка тортиш мумкин. Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини ноқонуний тарзда йиғганлик, улардан фойдаланганлик ва уларни тарқатганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари ва мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида жарима белгиланиши мумкин.
«Лекин ушбу ҳаракатлар бошқа оқибатларга олиб келса, масалан, қизга жароҳат етказилса ёки унга ташланишган бўлса, бунга яна бошқа моддаларни ҳам қўшиш мумкин, барчаси учун жиноий ишгача бўлган анча жиддийроқ жазо тайинланиши мумкин», – дея қўшимча қилди Дилфуза.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ОТМ маъмуриятининг шахсий маълумотларни маълумотлар эгасининг рухсатисиз тарқатиши қонунга зид. Конституциянинг 27-моддасида ҳам одамнинг шахсий ҳаётини ҳимоялаш ва дахлсизлик ҳақида айтилган.
«Бахтга эришиш имконияти»
Лазиза Нажмиддинова, ЎзДЖТУ битирувчиси – биринчи босқичда жисмоний маданият дарси вақтида спортзалга ёши катта аёллар кириб, талаба-қизларни кўздан кечиришни бошлаганлари ҳақида айтиб берди.
«Биз дарсга қандай «опашкалар делегацияси» келганини тушунмаганмиз. Ўқитувчимиз эса гап нимадалигини сезиб, нотаниш аёллардан залдан чиқиб кетишни сўраган», – деб ёдга олди Лазиза.
Аёллар уларга бу ерга келиб, талаба-қизларни кўришга рухсат беришганини айтишган. Ўқитувчи эса ўша аёлларни залдан кузатиб қўйган, улар анча вақт жаҳл қилишган.
Лазизанинг сўзларига кўра, факультетда қизларнинг маълумотлари ва анкеталарини нотаниш одамларга сотишлари ҳақида гаплар бўлган.

«Менга аълочилар учун 75 000 сўм, яхши ўқийдиганлар учун 50 000 сўм, уч баҳога ўқийдиганлар учун эса ҳеч нарса бермасликлари ҳақида айтиб беришган», – деб кулди Лазиза.

Лазиза кейинчалик ҳам эрталабдан тушгача университетга кириш жойида нотаниш аёллар тўпланиб туришини сезган. У бу аёллар кимлигини сўраганида эса унга улар ўғилларига келин излаётганини айтишган.
Лазиза яна бир ҳодисани ёдга олди: бир марта декан ўринбосари аудиторияга кириб, Наргиз исмли талаба-қиздан коридорга чиқишини сўраган ва уни кўришга келишганини айтган. Бошқа талабалар нега у нотаниш ва тушунарсиз одамларнинг ёнига чиқиши кераклигини айтиб, норозилик билдиришни бошлашган.

«Нега бундай деяпсизлар? Сизлар уни бахтга эришиш имкониятидан маҳрум қиляпсизлар!», – деган декан ўринбосари.

Ушбу маълумотлардан келиб чиқадики, кимлардир учун университет маъмурияти орқали келин излаш – одатий ҳолат, бошқалар учун эса – шахсий ҳаётга аралашиш ва ҳурматсизлик. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, агар талаба-қизлар бундай вазиятга тушиб қолса, ҳам нотаниш аёллар ва эркаклар, ҳам университет маъмуриятига қарши шикоят қилишлари мумкин.
«Мен ОТМ маъмуриятининг устидан Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ва прокуратурага шикоят қилишни энг самарали йўл деб ўйлайман», – дейди Дилфуза Қуролова.
2381views0replies
1

Комментарии