2021 йилда коррупцион жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн 282 млрд сўм моддий зарар етказилган. Бу ҳақида Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг навбатдаги ялпи мажлис олдидан бўлиб ўтган мажлисида таъкидланди.
Таъкидланишича, республикада 2021 йилда коррупция фактлари бўйича 3769 та жиноят иши судларга юборилган. Мазкур жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 трлн 282 млрд сўм миқдорида моддий зарар етказилган.
Қайд этилишича, ушбу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 3 бараварга ошган.
Аксарият коррупцияга оид жиноятлар Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда банк тизими ташкилотларига тўғри келган.
Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Навоий, Андижон, Фарғона, Наманган, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида энг ёмон кўрсаткичлар қайд этилган.