Бош прокуратура Матбуот хизматининг хабар қилишича, Ю.М., Ш.И. ва бошқалар 2022 йилнинг март ойида “Gift Of Legacy” номли ўйинни Instagram орқали ташкилотчилар кўрсатиб ўтган пластик картасига камида 200 минг сўм ёки $50 миқдоридаги маблағни ўтказиб беришса қисқа муддатда ушбу маблағни 7–8 баробарга кўпайтириб олишлари ҳақида реклама қилишган.
Улар Telegram'да "200 минг сўмлик ва 50 АҚШ долларлик онлайн гап” номли гуруҳни ташкил этишиб, ўйин иштирокчиларининг 692,3 млн сўмини ўзлари ва танишларининг пластик карталарга ўтказиб олишга эришиб, пул маблағларининг бир қисмини кейинги иштирокчилар ҳисобидан дастлабки иштирокчилар ҳисобига ўтказиб берганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 188-1-моддаси (пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.