2021 йилнинг август ойида Қашқадарёда 31 ёшли спорт устаси, Ушу-Санда бўйича чемпион, профессионал Р-1 бўйича эса Осиё чемпиони Элбек Раҳимовни бир гуруҳ йигитлар уриб, ўлдиришгани ҳақида хабар бергандик.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилганди.
Олий Суд Матбуот хизматининг хабар қилишича, бугун, 5 май куни Қашқадарё вилоят судида қотиллик юзасидан 26 нафар судланувчига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Қайд этилишича, судланувчиларнинг барчаси Қашқадарё вилоятида туғилган бўлиб, уларнинг 3 нафари вояга етмаган шахс ҳамда 3 нафари ички ишлар органларининг собиқ ходимлари.
Суд ҳукмига кўра, судланувчиларнинг 19 нафарига 3 йилдан 20 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 1 нафарига 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси, вояга етмаган шахсларга 5 йил 6 ойдан 10 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда ИИОнинг собиқ ходимларига 3 йилдан 8 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Марҳумнинг қонуний вакили фойдасига 11 нафар судланувчидан солидар тартибда 10 млн 800 минг сўм моддий зарар ва 150 млн сўм миқдорида маънавий зарар ундирилиши белгиланди.