Поиск
RUUZ

Общество

Тошкентда янги йўл ва кўприклар очилди — фото

Президент Сергели ва Яккасарой туманларини боғловчи йўл билан танишди. 6,5 километрлик янги йўл Сергелидаги тирбандликни бартараф этади.

1114views0replies
0

president.uz

Бугун, 3 май куни Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида янги очилган йўл ва кўприкларни бориб кўрди. Бу ҳақда президент Матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳа доирасида 6,5 километр узунликдаги 6 тасмали автомобиль йўли, 6 та кўприк қурилди. Бу орқали Сергели туманидаги Қипчоқ кўчаси Яккасарой туманидаги Чўпонота ва Усмон Носир кўчалари билан самарали боғланди.
Шу пайтгача Сергели туманидан шаҳар марказига келиб-кетадиган автомобиллар асосан битта йўл – Янги Сергели кўчаси орқали ҳаракатланар эди. Соатига 4 мингта автотранспорт қатновига мўлжалланган бу йўлда аслида юклама бундан катта, шу боис эрталаб ва кечки пайтларда жуда тирбанд бўларди.
Янги қурилган йўл соатига 12 мингтагача автотранспортни ўтказиш қувватига эга. Бу тирбандлик муаммосини бартараф этиб, пойтахт аҳолисига жуда катта қулайлик яратади.
Шунингдек, йўл бўйларига энергия тежамкор ёритгичлар, узум ишкомлари ўрнатилган. Бўш майдонлар кўкаламзорлаштирилиб, пиёдалар йўлаги ва велойўлакчалар ташкил этилган.
Шу ерда Тошкент шаҳрида автомобиль йўллари қуриш ва шаҳар транспорт тизимини такомиллаштириш таклифлари тақдимоти ўтказилди. Бугун очилган йўлни давом эттириб, Сергели туманини айланиб ўтувчи ҳалқа йўлигача 6 километрлик йўл барпо этиш лойиҳаси маъқулланди.
"Сергелида 10 та уй қурса бўлади, деганда ҳеч ким ишонмасди. Охирги беш йилда Сергели ва Янгиҳаёт туманларида 800 га яқин кўп қаватли уйлар қурилди, қарийб 100 минг аҳоли бошпанали бўлди. Мана энди йўллари ҳам ривожланяпти. Ҳозир мутахассислар билан кейинги лойиҳалар бўйича ҳам маслаҳатлашиб олдик. Уларни вақти билан, меҳнатимиз билан, тинчлик-осойишталикда амалга ошира оламиз", - деди давлат раҳбари.
1114views0replies
0

Комментарии