Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 апрелдаги тегишли фармойиши асосида жорий йилнинг 30 апрель куни "Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги" шиори остида умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ҳашар давомида маҳаллалар, аҳоли турар жойлари, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳлар, мўътабар масканлар, болалар майдончалари тартибга келтирилади. Ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари янада фаол олиб борилади. Умумхалқ хайрия ҳашари доирасида аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари янада фаол қўллаб-қувватланади.
Қайд этилишича, умумхалқ хайрия ҳашари доирасида бўлмаган бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этишга йўл қўймаган ҳолда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иш ўринларини тартибга келтириш ишлари олиб борилади.
Кўчат ҳамда қаламчалар олиш истагини билдирган ҳудудлардаги барча хўжалик ташкилотларига шартнома асосида қонунчиликда белгиланган тартибда пул ўтказиш йўли билан ташкилотларнинг ушбу тадбирлар учун назарда тутилган маблағлари ҳисобидан етказиб бериш таъминланади.