Наманганлик фуқаро ўзининг жиноий шериклари билан тил бириктириб, фурқат тумани Томоша қишлоғига келиб, ўйинчоқ тўппонча ёрдамида фуқаро Хусанов ва тожикистонлик йигитни қўрқитади ва уларни автомашинага ўтқазиб, Норин дарёсига олиб боради.
Шундан сўнг жиноятчилар Хусановдан аввалдан мавжуд бўлган қарзи эвазига 1 500 АҚШ доллари беришни талаб қилиб, унинг танасидаги турли хил жойларга қасддан уриб, ёнида бўлган 400 АҚШ долларини ўзбошимчалик билан қўлга киритишган. Бу орада тожикистонлик йигитни ҳам ўйинчоқ тўппонча билан қўрқитиб, унинг ёнида бўлган 11 600 АҚШ долларини босқинчилик йўли билан қўлга киритишган.
Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман судида жиноятчиларнинг қилмиши қонуний баҳоланди. Унга кўра, судланувчилар ЖКнинг 137-моддаси 2-қисми "б", "в" бандлари, 164-модда 3-қисми "б" банди ва 229-модда 1-қисми билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 59-моддасига асосан Қ.Н. ва М.И. 7 йил 1 ойга, Б.А.га эса 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.