Халқаро конгресс марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев аёлларни самимий табриклаб, уларга юксак эҳтиромини билдирди.
“Халқимиз азал-азалдан Она сиймосини, Аёл зотини Яратганнинг улуғ неъмати, тенгсиз мўъжизаси, деб билади, уни ҳамиша ардоқлаб-асраб яшайди”, - деди давлат раҳбари.
Қайд этилишича, президент ташаббуси билан жамоатчиликка, аввало, ёшларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган, обрў-эътиборли аёлларни ўз сафида бирлаштирган “Оқила аёллар” ҳаракати ташкил топмоқда. Шунингдек, барча меҳнат жамоаларида хотин-қизларнинг муаммоларига самарали ечим топиш учун “Аёллар кенгашлари” тузилмоқда.
Тадбиркор хотин-қизларни янада кўпайтириш мақсадида “Бизнесчи аёллар” дастури қабул қилиниб, унинг доирасида 8 триллион сўм маблағ йўналтирилади.
Шунингдек, жорий йилда ипотека кредитлари бўйича бериладиган субсидияларнинг 40 фоизи хотин-қизлар учун ажратилади. Бу муҳтож аёлларни 12 мингта қулай уй-жой билан таъминлаш имкониятини беради.
Тарихимизда илгари бўлмаган бундай кенг кўламли ишлар ижроси учун 15 триллион сўм маблағ йўналтирилади.
“Хотин-қизлар ва оила масаласи – бу нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб берадиган ҳал қилувчи омилдир. Агар биз меҳр-оқибат ва садоқат тимсоли, хонадонларимиз фариштаси бўлган аёлларга битта яхшилик қилсак, ҳеч шубҳасиз, бу ўнта яхшилик бўлиб қайтади”, - дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Президент хотин-қизларга мурожаат қилиб, уларни буюк ишларга руҳлантирди.
“Биз мамлакатимизни ҳар томонлама юксалтириш учун, янги тарихий даврга қадам қўйдик. Фарзандларимиз қалбига улуғ мақсадлар, олижаноб ғояларни сингдириш – барча Ўзбекистон оналарининг шарафли бурчидир. Юксак фазилатли, мард ва жасур, ватанпарвар ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш албатта сизларга боғлиқ. Бу – ёруғ келажакка йўналтирилган энг катта инвестиция ва битмас-туганмас бойликдир.
Барчангизни яна бир бор бугунги баҳор ва нафосат, гўзаллик ва латофат байрами билан самимий табриклайман. Сизларга дунёдаги энг бебаҳо бойлик – оилавий бахт-саодат, тинчлик-хотиржамлик, фарзандлар ва набиралар камолини кўриб юриш қувончи ҳамиша ёр бўлишини тилайман. Қалбингиз доим бугунги баҳордек яшнаб турсин, - деди Президент.
Ўзбекистон Республикаси президентининг шу йил 5 мартдаги фармонига мувофиқ бир гуруҳ хотин-қизлар юксак унвон, орден ва медаллар билан, президент қарорига биноан эса йигирма саккиз нафар қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан мукофотланган эди.