Aввал хабар берганимиздек ўзбекистонликлар келаётган байрамларда 31 декабрдан 4 январгача 5 кун дам олади.
Меҳнат кодексининг 130 ва 132-моддаларига кўра, дам олиш кунларида ишлаш тақиқланади. Иш берувчининг буйруғи билан якка тартибдаги ишчиларни дам олиш кунларида ишлашга жалб қилишга фақат алоҳида ҳолларда жамоа шартномасида белгиланган асослар ва тартибда, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланган асослар бўйича йўл қўйилади.
Байрам (ишламайдиган) кунларда ишлаб чиқариш-техника шароитлари ва бошқа шароитларга кўра ишни тўхтатиб туриш мумкин бўлмаган жойларда, аҳолига хизмат кўрсатиш зарурати бўлган ишларда, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларида ишлашга йўл қўйилади.
Дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Тўловнинг аниқ миқдорлари жамоа шартномасида белгиланади, агар у тузилмаган бўлса, касаба уюшма қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда иш берувчи томонидан белгиланади.
Байрам (ишланмайдиган) кунлари арафасида кундалик иш (смена) муддати барча ходимлар учун камида 1 соатга қисқартирилади.