UzAuto Motors АЖ Chevrolet Captiva 5 автомобилини етказиб бериш бўйича бекор қилинган шартномаларнинг маблағларини қайтаради ва компенсацияни амалга оширади, дея хабар берди UzAuto Motors Ахборот хизмати.
UzAuto Motors АЖ компанияси 2021 йилнинг 20 ноябрь санасида Chevrolet Captiva 5 автомобилларини етказиб бериш бўйича шартномалар тўхтатилгани ҳақида расмий баёнот бергани ҳақида хабар чоп этган эдик.
Баёнотда ёзилишича, мижозлар мурожаатидан кейин 3 кун ичида тузилган шартномалар бўйича тўланган барча маблағлар тўлиқ қайтарилади.
Шунингдек, компания қўшимча равишда олдиндан тўлов суммасининг 5 фоизини компенсация сифатида тақдим этилиши ҳақида келтирилганди.
Маълум бўлишича, Chevrolet Captiva 5 автомобили бўйича жами 461 та шартнома пули тўланган. Aйни пайтда, 207 нафар харидор Chevrolet Captiva 5 автомобили ўрнига бошқа автомобилни олишга қарор қилишган бўлса, 161 нафари эса тўланган маблағни қайтарилиши учун ариза билан мурожаат қилганлар ва аллақачон пулларини қайтариб олишган. Улардан 41 нафар мижозлар кечаги кундан бошлаб компенсация сифатида тақдим этилган 5 фоизлик тўлов суммасини олишган.
Қолган харидорлар ҳам ўз маблағлари ва компенсацияни яқин икки-уч кун ичида олишади.