“Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасидаги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси муҳокамага чиқарилди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Мурожаатлар билан ишлаш бўлими ва Хотин-қизлар муаммолари билан ишлаш бўлими негизида 5 нафар штат бирлигидан иборат Вазирликнинг Мурожаатлар билан ишлаш бошқармаси ҳамда Бошқарма таркибида аҳоли муаммоларини масофадан тезкор қабул қилиш ва кўриб чиқилишини мувофиқлаштириб борувчи Call-марказ ташкил этилади.
Бошқарманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
— аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишда мурожаатлар билан ишлашнинг самарали тизимини ташкил қилиш;
— мурожаатларнинг қонун ҳужжатлари талабларига қатъий амал қилган ҳолда тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилиши ҳамда аниқланган муаммоларнинг ҳал этилишини назорат қилиш;
— келиб тушган мурожаатларнинг кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши устидан “маҳаллабай” тизимли мониторингини олиб бориш;
— Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимида мурожаатлар билан ишлашни такомиллаштириш ва самарали ташкил қилиш бўйича ташкилот ва идоралар билан ҳамкорлик ўрнатиш.
Вазирликка Миллий ахборот агентлиги ва Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва Call-марказга келиб тушаётган мурожаатларни ҳал қилиш бўйича олиб борилаётган ишларни мунтазам ёритиб бориш вазифаси юклатилган.
Лойиҳа муҳокамаси жорий йилнинг 9 октябрига қадар давом этади.