Излаш
RUUZ

«Мен ҳали бола эдим»: Ўзбекистондаги эрта никоҳлар муаммоси

Ўзбекистонда ҳали ҳам болалар никоҳи ва мажбурий никоҳлар тузилмоқда. Қизлар мактабда ўқишни орзу қилишади, лекин бунинг ўрнига улар болаликдан маҳрум қилиниб, 18 ёшгача бўлган вақтда турмушга чиқишга мажбурланишмоқда.

1003views0replies
0

Ҳабибулло Мўйдинов / UzNews.uz

Жиззах вилоятидан бўлган Ҳалимани 16 ёшида турмушга беришган. У оиласида тўнғич фарзанд. Онаси вафот этганида 7 ёшда бўлган, кейин отасидан ҳам ажралган. Кутилмаганда ота-онасидан айрилган қиз икки укаси билан қўшни қишлоққа, бувисиникига кўчишга мажбур бўлган. Бувиси болаларга иложи борича ғамхўрлик қилган, лекин бу узоқ давом эта олмаслигидан қўрққан. Аёл Ҳалимани тезроқ эрга бериш кераклигини айтаверган.
«Бувим танишларига қўнғироқ қилиб, ҳазил билан «агар кимгадир ёш келин керак бўлса, совчиликка келишингиз мумкин» дерди», – дейди Ҳалима.
Лекин бу ҳазил бўлиб чиқмади. 16 ёшли қизга совчилар келишни бошлади. Энг асосийси – куёвликка номзодлар 25-30 ёш атрофида эди. Натижада қиз ўзидан 10 ёш катта одамга никоҳланди. Унинг бувиси эса куёв Тошкентда яшаши ва қизни яхши келажак кутаётганини айтарди.
«Бувимдан мактаб ҳақида сўраганимда, у эрим янги мактабга жойлаштиришини айтган. Лекин турмушга чиқишим билан ўқиш тугади. Қаршилик ёки рад қилиш ҳатто хаёлимга ҳам келмаган, мен буни мажбурият деб қабул қилардим. Танишганимиздан бир ойдан кейин мени никоҳ амаллари бўйича турмушга беришди. Мен ҳали бола эдим. Мени қандай ҳаёт кутаётганини билганимда, ҳеч қачон рози бўлмасдим!» – дейди Ҳалима.
Анъанавий чимилдиқ амалларини бажаришда Ҳалима қўрқиб қолган, ҳеч нарсани тушунмас ва йиғлар эди.
«Эсимда, холам ва бувим йиғлаб юборганим учун уришиб беришган. Мени ясантириб, эримнинг ёнига киритиб юборишди. У эса дарров яқинликни бошлади. Ҳозир, катта бўлганимда, бу онгимда ўз изини қолдирган зўрлаш бўлган деб ҳисоблайман», – дейди у.
Ҳалима турмуш ўртоғи билан Тошкентга кўчиб келди. Унинг тенгдошлари мактабга бориб, таълим олаётганида, у ҳар куни уйда ўтирар, тозалаш ва тайёрлаш билан шуғулланар эди.
Ҳабибулло Мўйдинов / UzNews.uz
Ҳабибулло Мўйдинов / UzNews.uz
«Мен овқатни яхши пишира олмас эдим, эрим эса таомларга жуда талабчан бўлган. Ҳар сафар пиширган овқатим унга ёқмаганида, менга бақирар ва уришар эди. Бир марта овқатнинг тузини шўр қилиб қўйганимда, эрим овқат қуйилган косани мен тарафга улоқтириб юборган. Мен индамасдан хонани йиғиб, секин йиғлар эдим», – дейди Ҳалима.
Қиз тўйдан кейин тезда ҳомиладор бўлган ва у бу ҳақида билганида ваҳимага тушган.
«Атрофда ҳамма хурсанд эди, мен эса ёш бўлишимга қарамай, бу қанчалик масъулиятли эканлигини англар эдим», – дейди у.
Ҳалима ҳали ёш бўлгани учун ҳомиладорлик жуда оғир ўтган, унда оғриқли тўлғоқлар бошланган. Шифокорлар болани зудлик билан операция йўли билан олишга мажбур бўлишган.
«Бола туғилганида уни қандай тўғри парвариш қилишни билмасдим, уй ишларини қилишга ҳам улгурмас эдим. Бола йиғлаганида, иложсизликдан мен ҳам у билан қўшилиб йиғлардим.
Эрим ишдан кеч келарди ва боланинг йиғиси унга ёқмасди, шу сабабли биз бошқа хонада ухлар эдик. Қиш тунларининг бирида ўғлим қаттиқ йиғлашни бошлади, мен эса уни ҳеч қанақасига тинчлантира олмасдим. Эрим ғазаб билан хонага кириб, болани қўлимдан юлиб олди ва юзимга уриб, ўз боламни тинчлантира олмаслигимни айтиб бақиришни бошлади. Унга жавоб қайтарганимда эса у мени уриб кетди.
Кейин у мени тунда «яхши аёл ва она бўлишни ўрганганингда қайтиб киритаман» деб эшикдан чиқариб юборди. Туни билан подъездда ўтириб чиқдим, борадиган жойим йўқ эди, қўшниларни танимасдим ва бундай вақтда безовта қилишнинг ҳам иложи йўқ эди», – дейди Ҳалима.
Ҳалима вақт ўтиб ўз ўтмишига ачинишни тўхтатди. У 25 ёшида икки нафар фарзанди борлигидан хурсанд. Лекин у ҳар сафар олий таълим муассасасида ўқиётган ёки карьера қураётган тенгдошларини кўрганида, кўнглида ҳали ҳам оғриқ сезади.
«Менда ёшлик даври бўлмаган, шундан жуда хафа бўламан. Кимдир 16-17 ёшида мен бошимдан ўтказганлардан ўтишини хоҳламайман», – дейди у.
Жиззах вилоятида истиқомат қилувчи Санобарнинг айтиб беришича, олдинлари қизларни аёлликка ўзига хос усулда танлашган.
«Олдин совчилар қизнинг уйига келишарди ва қиз неча ёшдалиги муҳим эмас эди. Совчилар маълум бир масофадан ўз дўппиларини келинликка маъқул номзодларга қарата отишарди. Агар қиз йиқилмаса, аёлликка чидамли деб ҳисобланарди ва унаштириларди», – дейди у.
Санобар олдин ёш вақтда уйланиш ва турмушга чиқиш керак деб ҳисоблаган.
«Мен доимо қанча эрта турмуш қурсанг, шунча яхши деб айтардим. Йил сайин йигитлар ва қизларда турмуш қуриш истаги йўқолади. Айниқса, қизлар ёш ўтиши билан ақлли бўлишни бошлайди ва уларга оила қуриш жуда қийин бўлади. Лекин 18 ёшли неварамни 17 ёшли қизга уйлантирганимиздан кейин фикрим мутлақо ўзгарди. Оиласи ва фарзанди бор йигит отасининг пулига яшар ва бор вақтини компьютер клубларида ўтказарди. Бир куни неварамга қўнғироқ қилиб, ундан сўрадим:
- Қаердасан?
- Дўстларим билан Counter-Strike ўйнаяпман.
- Қизингнинг иситмаси чиқяпти, дори олиш керак.
- Пулим йўқ, ўзингиз олиб бера оласизми?
Шундан кейин мен «бола»ни уйлантириб, жуда катта хато қилганимизни тушундим», – дейди аёл.
Ҳабибулло Мўйдинов / UzNews.uz
Ҳабибулло Мўйдинов / UzNews.uz
Малика 17 ёшида турмушга чиққан жияни ҳақида айтиб берди:
«У 17 ёшга тўлганида мен ОТМга ўқишга кирдим, у эса туғилган кунидан кейин дарров унаштирилди. Бир ойдан кейин тўй бўлди. Қиздан у турмушга чиқишни хоҳлайдими ёки йўқлигини ҳеч ким сўрагани йўқ. Тўйдан кейин у менга қўнғироқ қилиб, кечки овқатни қандай тайёрлагани ёқмагани учун эри уни урганини айтди.
Бир неча ойдан кейин ҳомиладор бўлди. Қайнонаси унга шифокор кўригига ойига бир марта боришга рухсат берар эди. Бола туғилганидан кейин эса эри унга оилали аёл билан хиёнат қилишни бошлади.
Вақт ўтиб вазият янада қийинлашди. Навбатдаги оилавий жанжалда эри акаси билан уни дўппослашди. Қайнонаси ўша вақтда бундан роҳатланиб турган. Кейин эса юзи ва танасидаги кўкаришлар билан уни уйдан кўчага ҳайдаб юборишган.
Буларнинг барчасига қарамасдан, у эрининг уйига қайтиб, яна уч ойдан ортиқ вақт яшади. Бу вақтда эса эри агар у уйдан кетса, уни кўчадан топиб олиб, кислота қуйиб юбориши ва ойнага қараганида бир умр уни эслашини айтиб қўрқитган», – дейди Малика.
Оилавий психолог Елена Хушвакованинг сўзларига кўра, оила институтларининг бузилишидаги асосий муаммолардан бири замонавий ёшлар оила қуришга тайёр бўлмасдан турмуш қуришидадир. Улар маънавий камолотга етган бўлмайди, сифатли таълим олишмайди, бирон ҳунарга эга бўлишмайди ҳамда уй ва оилани таъминлаш учун барқарор даромадга эга эмас.
«Шуни ёдда тутиш керакки, оила қуриш – бу одамнинг ҳуқуқи, мажбурияти эмас. Ëшлар кўпинча вақт келгани, дўстлари турмуш қураётгани, ота-онаси невара хоҳлаётгани ёки мажбурлаётгани учун турмуш қуришга қарор қилишади», – дейди психолог.
Ëшларга доимо салбий оқибатлар ва уларнинг зиммасига тушадиган масъулиятни яшириб, оилавий ҳаётнинг фақатгина яхши тарафларини гапиришади. Оила қуришда одам ўз истаклари ва имкониятларига суяниши ва жуфтликлар бир-бирига мос келиши жуда муҳим.
Елена Хушвакованинг айтишича, жуфтликлар бир-бирига мос бўлишининг тўртта даражаси мавжуд: психофизиологик, психологик, ижтимоий-психологик ва социологик.
психофизиологик мослик – жуфтликларнинг эҳтиёжлари ва темпераментлари хусусиятларининг ўзаро алоқаси;
психологик мослик – феъл-атвор ва хулқдаги стереотипларнинг ўзаро алоқаси;
ижтимоий-психологик мослик – функционал-роль кутувлари ва ҳаракатларини мувофиқлаштириш;
социологик мослик – қизиқишлар ва қадриятларнинг бир-бирига мос келиши ёки ўхшашлиги.
«Мен амалиётда ёшларни уларнинг хоҳишига қарши уйлантиришаётгани ёки эрга беришаётгани ҳолатлари билан кўп дуч келаман. Уларнинг айримлари вақт ўтиб қийинчиликларни енгиб ўтишади, айримлари эса маиший зўравонлик, ўз жонига қасд қилиш ҳаракатлари ва ҳатто ўлдириш таҳдидига учрашади», – дейди эксперт.
Экспертнинг қайд этишича, у ишлайдиган қизларнинг деярли ярми яхши таълим олишни ва янги касб эгаллашни хоҳлашади, лекин қизларни мажбуран улар ҳатто яхши танимайдиган одамларга эрга беришади.
Бундан ташқари, анъанавий оила тузилмаси ҳали ҳам мавжуд:
- катта авлод оилада доимгидек етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Ота-оналар ўзларини фарзандларига турмуш ўртоқ танлашга ва уларга қандай яшашни кўрсатишга ҳақли деб ҳисоблашади;
- турмуш – фақатгина жуфтликлар ўртасидаги иттифоқ эмас, балки аниқ моддий мажбуриятлар бўйича уларнинг оилалари ўртасидаги келишув;
- кўп фарзандлилик аёлнинг катта уй хўжалигини бошқаришда фаол иштирок этиши ва унда мустақил даромад манбаининг йўқлигини назарда тутади.
- оилани моддий тарафдан қўллаб-қувватлаш эр ва унинг катта эркак қариндошлари зиммасида, бу эса эрнинг оилавий муносабатларда етакчи ролини қўллаб-қувватлайди;
- оила ҳаётида маҳалла ва жамиятнинг иштирок этиши кенг тарқалган.
Эрта ёшда турмуш қуриш қандай кўнгилсизликларга олиб келиши мумкин?
Молиявий қийинчиликлар
Эрта никоҳлар кўпинча ёшлар ҳали таълим олмаганида тузилади, улар турмуш қураётганларида ҳар доим ҳам ўзларининг молиявий келажаклари ҳақида ўйлашмайди. Бу моддий қийинчиликларга олиб келади, кутилмаган харажатлар ёки дўстлар билан вақт ўтказиш сабабли келишмовчиликлар юзага келтиради. Ëш оилаларда эркаклар кўпинча психологик қийинчиликларга учрашади, алкоголли ичимликлар истеъмол қилишни бошлашади, аёли ва болаларига нисбатан зўравонлик қилишади.
Турмушнинг биринчи йилида бола туғилиши
Бу вазиятни янада қийинлаштиради. Янги турмуш қурганлар бир-бирига ва биргаликдаги ҳаётнинг янги шароитларига мослашишлари керак. Бола учун жавобгарлик эса психологик ва иқтисодий қийин вазиятларни юзага келтиради.
Муносабатларда доимий низолар
Ëшлар оиладаги мажбуриятларни тўғри тақсимлашни ҳали билишмайди, уларнинг ҳар бири «хўжайин» бўлишга интилади.
Қариндошлар билан ўзаро муносабат
Қариндошларнинг аралашуви ёшларга бахтли бўлишга халақит қилмаган ҳолатлар ҳам бор. Эрнинг қариндошлари унинг ёш аёлига қарши бўлишмаса ва уни қўллаб-қувватлашса яхши, лекин бунинг тескариси бўлса, низолар, доимий келишмовчиликлар юзага келиши ва бу эрта турмушнинг бузилишига олиб келиши мумкин.
Эрта никоҳ оқибатлари турли бўлиши мумкин. Айрим жуфтликлар муносабатлар устида ишлаш учун ўзида куч ва ресурс топа олади, айримлар эса жуфтларидан кўнгли тўлмайди.
«Эрта никоҳлар, албатта, барҳам топади деб бўлмайди. Ҳар бир ҳолат ноёб. Қоида бўйича ёш эмас, балки одам ўз қарорлари учун масъулиятни қабул қила олиши муҳим омил ҳисобланади», – дейди мутахассис.
Ëшлар оила қуришдан олдин иккала тараф ҳам хоҳлайдиган ҳолатлар ва айрим масалалар бўйича кутувларни муҳокама қилиб олишлари зарур.
Хиёнатга муносабат
Оилавий бирликни мустаҳкамлаш учун иккала тараф ҳам хиёнатга бир хил муносабатда бўлишлари керак. Ушбу тушунчанинг турли талқинларини муҳокама қилиш, шунингдек, йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолатлар ва аниқ чегараларни белгилаб олиш лозим.
Оилавий бюджетни тақсимлаш
Умумий ёки индивидуал бюджет бўйича кутувларни олдиндан муҳокама қилиш муҳим ҳисобланади. Жуфтликларнинг бири умумий бюджетни, иккинчиси эса харажатларни бўлишни маъқул кўриши мумкин – келажакда низолар юзага келмаслиги учун буларнинг барчасини очиқ муҳокама қилиш зарур.
Биргаликдаги ҳаётдан кутувлар
Кўнгилсизликлар юзага келмаслиги учун бошидан биргаликдаги ҳаётдан кутувлар ва келажакка режаларни гаплашиб олиш керак. Масалан, жуфтликларнинг бири саёҳатлар ҳақида орзу қилаётган бўлиши, бошқаси эса болали оила қуришни хоҳлаётган бўлиши мумкин.
Умумий қизиқишларни сақлаб қолиш
Эҳтирос камайганида оилавий муносабатларни сақлаб турадиган умумий қизиқишларнинг бўлиши муҳим. Бу хобби, ижодга муҳаббат, биргаликда саёҳат ёки суҳбат учун мавзулар бўлиши мумкин. Умумий нарсалар қанча кўп бўлса, оила шу қадар мустаҳкам ва чидамли бўлади.
1003views0replies
0

Изоҳлар