Излаш
RUUZ

Ўзбекистонда иккинчи фуқароликка эга бўлиш мумкинми

Бошқа давлатларда яшовчи кўплаб ўзбекистонликлар иккинчи фуқароликка эга, лекин турли сабабларга кўра улар буни яширишади. Ўзбекистонда иккинчи фуқароликка рухсат берилганми, бу ҳақида Ўзбекистондаги давлат органларига хабар бериш керакми ва агар одам ватанига қайтмоқчи бўлса, фуқароликни қандай тиклаш мумкинлиги ҳақида айтиб берамиз.

754views0replies
0

Иккита фуқаролик шахс икки давлатнинг паспортларига эга эканлигини англатади ва уларнинг ҳар бири билан тегишли келишувлар бўлади. Иккита фуқароликка эга одам икки давлатда ҳам тўлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятларни сақлаб қолади. Масалан, Россия ва Тожикистон ўртасида шундай шартнома мавжуд. Ўзбекистонда эса бундай амалиёт йўқ ва қонун билан тақиқланган.
Иккинчи фуқаролик одамда бошқа давлатнинг паспорти мавжудлиги, лекин давлатларнинг ҳар бири уни ўз фуқароси деб ҳисоблашини англатади. Яъни бу тақиқланмаган, лекин бошқа давлатнинг паспорти Ўзбекистонда тан олинмайди ва сиз фақатгина Ўзбекистон фуқароси деб ҳисобланасиз.
Республикада иккинчи фуқароликка эга бўлиш расман тақиқланмаган. Бу ҳақида 2021 йилда ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Дилшодбек Муродбеков гапирган эди. Лекин Ўзбекистон Конституциясининг 22-моддасига мувофиқ, бутун республика ҳудуди учун ягона фуқаролик белгиланган. Шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг 12-моддасида Ўзбекистонда «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет давлат фуқаролигига мансублиги тан олинмайди» деб ёзилган.
Яъни ҳам Ўзбекистон, ҳам бошқа давлатнинг фуқаролигига эга Ўзбекистон фуқароси давлат президенти томонидан имзоланадиган фуқароликдан чиқишни расмийлаштирмаган бўлса, мажбуриятларни бажаришдан бош тортиши ёки жавобгарликдан озод этилиши мумкин эмас.
Иккинчи фуқароликни олиш Ўзбекистон фуқаролигини йўқотишга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Яъни сизни фуқароликдан маҳрум қилиб, мамлакатдан чиқариб юборишлари эҳтимоли бор, чунки сиз аллақачон бошқа давлатнинг фуқароси бўласиз ва бунга бирон таъсир ўтказа олмайсиз.

«Агар ички ишлар органлари ходимлари одамда бошқа давлатнинг фуқаролиги ёки хорижий паспорти борлигини билиб қолишса, бу у автоматик тарзда Ўзбекистон фуқаролигидан чиқарилади дегани эмас», – деган эди ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Дилшодбек Муродбеков.

Тегишли органлар аввал одам ҳақиқатда ҳам иккинчи фуқароликни олгани ёки олмаганлигини текширишлари керак. Маълумотлар тасдиқлангач, фуқаро хорижий давлатнинг фуқаролигини ўз вақтида рад қилмаса, Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилади. Кейин фуқаро танишганлик ҳақидаги хатга имзо қўйиши керак бўлади. Шунингдек, унга фуқаролик тўғрисидаги қонунчиликнинг қоидалари ва бошқа давлатнинг фуқаролигини рад этмасликнинг оқибатлари ҳақида батафсил тушунтирилади.

«Агар Ўзбекистон фуқароси бошқа давлатнинг фуқаролигидан воз кечишни истамаса, унинг Ўзбекистон фуқаролиги президент фармонига асосан тугатилади. Ўзбекистон қонунчилигида хорижий давлатнинг фуқаролигини олган ва тегишли тартибда Ўзбекистон фуқаролигидан чиқмаган шахслар учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик кўзда тутилмаган», – дейди Дилшодбек Муродбеков.

Тегишли органлар ва консулликлар одамни мустақил равишда фуқароликдан маҳрум қила олмайди. Бу тегишли ҳужжатлар асосида фармон чиқарадиган президент ваколатига киради. Маълум бир шахс Ўзбекистон фуқаролигини йўқотганлиги ҳақида эълон қилингунича бир қанча вақт бир вақтнинг ўзида икки давлатнинг фуқароси бўлади. Кўпинча фуқароликдан чиқиш жараёни узоқ бўлади. Лекин фуқаро ҳар қандай ҳолатда ҳам Ўзбекистонда бирон жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
Фуқароликдан маҳрум қилинган шахслар рўйхати ҳукумат сайтига жойлаштирилади. Кейин Ўзбекистон фуқаролигини йўқотганлик тўғрисида маълумотнома расмийлаштириш мумкин бўлади. Ўзбекистон паспортини эса Ўзбекистон Республикаси консуллиги ёки элчихонасига топшириш лозим.
Хорижий давлатнинг фуқаролигини қабул қилган шахс бу ҳақида ИИБ, яшаш давлатидаги Ўзбекистон консуллиги ёки элчихонасига 30 кун ичида хабар бериши шарт. Акс ҳолда у жавобгарликка тортилиши мумкин.
UzNews.uz нашри иккинчи фуқароликни олганлик ҳақида хабар бермаганлик учун қандай жазо мавжудлигини аниқлаштира олмади. Тегишли шахслар аниқ бир жавоб бера олишгани йўқ.
Фуқаро Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлса, нима қилиши керак
Агар шахсни Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилиш ҳақида ҳали қарор қабул қилинмаган бўлса, у чегарадан фақатгина амалдаги Ўзбекистон паспорти билан ўтиши мумкин.
Ўзбекистонга иккинчи давлатнинг хорижга чиқиш паспорти билан келадиган бўлсангиз, ёнингизда Ўзбекистон фуқаролигини йўқотганлигингиз ҳақида ҳужжат бўлиши лозим (агар мавжуд бўлса).
Агар фуқаро бошқа давлатнинг паспортини олмасликка қарор қилса ва қайтадан Ўзбекистон фуқароси бўлишни хоҳласа, буни «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддасига асосан амалга ошириш мумкин. Лекин шахс фуқароликни ушбу қонуннинг 25-моддасида айтилган қуйидаги иккита пункт бўйича йўқотмаган бўлиши керак:
«А» пункти – шахс чет давлатнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик органларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига хизматга кирганлиги оқибатида.
«Г» пункти – агар шахс чет давлатнинг фойдасини кўзлаб фаолият кўрсатган ҳолда ёки тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир этиш йўли билан жамият ҳамда давлат манфаатларига жиддий зарар етказган бўлса.
Агар фуқароликни тугатиш юқорида айтилган пунктларнинг бирига боғлиқ бўлса, шахс фуқароликни тиклашга ариза бериш ҳуқуқига эга бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тиклаш ҳақидаги илтимоснома бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш фуқаролик тўғрисидаги қонуннинг 19, 37 ва 38-моддаларида белгиланган тартиб асосида амалга оширилади. Илтимосномада Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тугатиш сабаблари кўрсатилиши шарт. Фуқароликни фақатгина бир марта тиклаш мумкин.
Фуқароликдан чиқишни қандай расмийлаштириш мумкин
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқишни расмийлаштириш учун аризачи элчихонанинг консуллик бўлимига бориши керак.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиш учун керакли ҳужжатлар рўйхати (барча ҳужжатлар 2 та нусхада топширилиши керак):
- Ўзбекистон Республикаси президенти номига фуқароликдан чиқиш ҳақида ариза (намуна);
- анкета-ариза (намуна);
- автобиография (намуна);
- 4 дона 45х55 мм ўлчамда рангли расм;
- Ўзбекистон Республикаси фуқароси биометрик паспортининг оригинали ва барча саҳифаларининг нусхаси;
- хорижий давлат паспортининг оригинали ҳамда паспорт эгасининг расми ва барча маълумотлари кўрсатилган саҳифалар нусхаси;
- аризачининг турмуш ўртоғидан фуқаро Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқишига нотариал тасдиқланган розилик;
- агар аризачи турмуш қурган бўлса, никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;
- агар вояга етмаган болалар бўлса, боланинг туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси.
754views0replies
0

Изоҳлар