Излаш
RUUZ

Сиёсат

Президент Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси очилишида қатнашди

2018 йил 19 апрель куни ушбу мажмуанинг очилиш маросими бўлди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.

2603views0replies
0

president.uz

Шавкат Мирзиёев бундан роппа-роса икки йил муқаддам – 2016 йил 19 апрель куни Бухоро вилоятидаги Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилишини бошлаб берган эди. Ўтган вақт мобайнида бу ерда улкан саноат комплекси ва шаҳарча бунёд этилди.
Давлатимиз раҳбари Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар саноатнинг етакчи йўналишларини изчил ривожлантиришга хизмат қилаётганини таъкидлади. Ёқилғи-энергетика тармоғига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар фаол жалб этилаётгани, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси Ўзбекистон билан Россия ҳамкорлигининг ёрқин намунаси эканини қайд этди. Муҳандис ва қурувчиларга миннатдорлик билдириб, корхона жамоасига улкан муваффақиятлар тилади.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг табригини энергетика вазири Александр Новак ўқиб эшиттирди.
“Лукойл” компанияси президенти Вагит Алекперов, Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси муҳандиси Шаҳзод Қурбонов, нефть-газ соҳаси фахрийси Комил Фозилов сўзга чиқди.
Мажмуа фаолиятига старт берувчи рамзий тугма босилди.
Ушбу саноат комплексида йилига 8,1 миллиард куб метр газ қайта ишланади. Бу орқали тозаланган табиий газ, газ конденсати, олтингугурт каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Икки мингдан зиёд киши иш билан таъминланади.
Умумий қиймати 3 миллиард доллардан зиёд бўлган мазкур йирик лойиҳа “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси билан Россиянинг “Лукойл” компанияси ҳамкорлигида рўёбга чиқди. 114 та қудуқ ковланиб, газни йиғиш ва қайта ишлаш тизимлари қурилди. Бу жараёнда мураккаб техник ечимлар, илғор технологиялар қўлланилди. Йўллар, терминаллар, магистрал газ қувури, электр, сув тармоқлари ва бошқа инфратузилма объектлари барпо қилинди.
Қоракўл туманининг олис чўл ҳудудида 1 минг 150 кишига мўлжалланган шаҳарча бунёд этилди. У ерда ишчиларнинг яшаши ва дам олиши учун зарур шароит яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти расмий веб-сайти хабарига кўра, давлат раҳбари мажмуанинг технологик жараёнини кўздан кечирди. Лаборатория ва операторлик бошқаруви хоналарида бўлди.
2603views0replies
0

Изоҳлар