Излаш
RUUZ

Жамият

Тошкент вилоятида ҳам “сохта” ИИБ ходими қўлга олинди

Вилоят Ички ишлар бошқармаси Ўз хавфсизлиги бўлими ва ЙҲХБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида “сохта” ИИБ ходими ушланди.

2663views0replies
0

UzNews.uz

Жорий йилнинг 12 март куни келиб тушган хабарга кўра, Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтган “Тошкент - Ўш” ва “А-373 Гулистон - Ўш” магистрал автомобиль йўлида ички ишлар органлари хизмат кийимида шубҳали “сохта йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими” хизмат олиб бораётганлиги ҳақида хабар келиб тушади.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси Ўз хавфсизлиги бўлими ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида “А-373 Гулистон - Ўш” магистрал автомобиль йўлининг 124—чақиримида, йўл четида “Нексия” русумли 10 Z 276 MA давлат рақам белгили автомашина олд йўловчи ўриндиғида ички ишлар органлари хизмат кийимида бўлган шахсдан ўзини таништириш сўралганида, ходимларнинг қонуний талабларини бажармасдан уларга қаршилик кўрсатиб, фуқаролик кийимида бўлган ҳайдовчи автомашинани катта тезликда Оҳангарон шаҳри йўналишида бошқариб, қочиб кетади.
Ички ишлар ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан автомашина тўхтатилиб, текширилганда, ҳайдовчи Ангрен шаҳар Нуробод қўрғонида яшовчи С.Ж. автомашинани тегишли хужжатларсиз, маст ҳолатда бошқарганлиги, ёнида бўлган “сохта йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими” Оҳангарон туманида яшовчи Х.Х. эканлиги аниқланди.
Улардан ички ишлар органлари ходимларининг бушлати, Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори жилети ва жезла таёқчаси олинди.
Суриштирувлар мобайнида ушбу шахслар илгари ички ишлар органлари бир муддат хизмат олиб боришганлиги, ўзларининг салбий хатти-ҳаракатлари сабабли хизматдан бўшатилганлиги, хизматдан бўшатилгандан кейин ҳам ички ишлар органлари ходими либосини кийиб содир этган жиноий қилмишлари учун судланганлиги аниқланди. Аммо бу орқали улар ўзларига тўғри хулоса чиқармаган кўринади.
Мазкур ҳолат юзасидан Х.Х. ва С.Ж.лар ўзларига тегишли жазони олишади.
Ўзбекистон қонунларига кўра давлат хизматчиларининг формали кийим-бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш учун энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваригача жарима белгиланган.
2663views0replies
0

Изоҳлар