Излаш
RUUZ

Жамият

“Жиноят оламида машҳур” Аббос Ходжаев “иши”да жабрланувчи туҳмат қилганини билдирди

Кеча, 27 март куни Ходжаев Аббосхон Аҳмадович ҳамда унинг “шериги” Қурбонов Маҳамаджон Қодиржоновичга нисбатан бўлган жиноий иш доирасида суд терговининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

17216views0replies
0

UzNews.uz

Ушбу жиноий иш юзасидан суд тергов мажлисига Олмазор туман Жиноий ишлар бўйича суди судьяси Мирзиёд Обидов раислик қилмоқда.
Раислик этувчи 27 март кундаги суд мажлисида жабрланувчи, айбланувчи ҳамда уларнинг адвокатлари, шунингдек, Прокурорга сўз берди.
Олмазор тумани жиноий ишлар бўйича суди раҳбариятига таҳририятимиз номидан алоҳида миннатдорчилик билдирган ҳолда, ушбу суд мажлисида иштирок этиш учун қаршилик бўлмагани ва аксинча амалий ёрдам берилганини қўшимча қилишимиз керак. Шунингдек, судда “UzNews.uz” мухбиридан ташқари мустақил журналист ҳамда ҳуқуқ фаоли ҳам қатнашишди.
“UzNews.uz” бу борада суд мажлиси ўтказилиши ва буни кузатиб бориши ҳақида аввал ҳам хабар берган эди. Таъкидлаш керакки, Ходжаев Аббосхон Аҳмадович 1982 йил 24 июнь куни Тошкент шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти ўрта, муқаддам судланган, оилали, ишсиз, Тошкент шаҳар Олмазор тумани Сағбон 13-берк кўчасида рўйхатда турган.
Аббос Ходжаев 2017 йил 16 сентябрь куни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган эди.
У муқаддам айнан Олмазор тумани Жиноят ишлари бўйича суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми, 168-моддаси 1-қисми билан, 2009 йилда айбдор деб топилиб 12 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ томонидан тергов қилинган Аббос Ходжаевга нисбатан айблов хулосасида, айбланувчи Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми ва 229-моддаси билан айбдор деб топилиб, жиноят иши суд идораларига юборилганидан ҳам тўғри хулоса чиқармай, ўзгалар мулкини талон-тарож қилиш ҳамда гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда қонунга хилоф равишда олиш, сақлаш, ташиш ва сотишга суиқасд қилиш жиноятларини содир этганликда ҳам айбланган.
Жумладан, ушбу айлов хулосада Аббосхон Ходжаев ўзининг таниши Қурбонов Маҳамаджон Қодиржонович ҳамда тергов давомида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган номаълум шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, товламачилик, яъни бир гуруҳ шахслар билан олдиндан тил бириктириб, жабрланувчини ва унинг яқинларига зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, жуда кўп миқдордаги мулкий ҳуқуқини топшириш ҳаракатларини содир этишини талаб қилиб, жабрланувчининг ўз мулкига бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а”бандида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбланган.
Бу ишда айбланувчи сифатида қатнашаётган Қурбонов Маҳамаджон 1982 йил 10 февраль куни Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти ўрта, муқаддам судланган, ишсиз, оилали, Тошкент вилояти Зангиота тумани Гулистон ҚФЙда рўйхатда туради. У 2017 йилнинг 11 октябрь куни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Суд мажлисининг 27 март кунги жараёнида асосан Маҳамаджон Қурбонов ва унга нисбатан кўрсатма берган жабрланувчи тингланди.
Маҳамаджон Қурбонов суд жараёнида уни шифохонадан Ички ишлар ходимлари “махсус кўтариш мосламасида”олиб кетишгани, “наркоз”дан чиққани сабабли уларнинг кимлигини ҳозир аниқ айтиб бера олмаслигини айтган бўлса, унга кўрсатма берган фуқаро Маҳамаджонга нисбатан дастлабки тергов даврида туҳмат қилгани, ўша пайтда “шок ҳолат”да бўлгани, сабаби биринчи марта қамоққа олингани учун шошиб қолгани ва ҳозирда ўз кўрсатмаларидан қайтиши, яъни у Маҳамаджондан жабр кўрмаганини сўзлаб берди.
Прокурор эса жабрланувчига қарата, - “Майли ўша пайтда “шок” ҳолатда бўлиб туҳмат қилган бўлсангиз, маъмурий жавобгарлик бўйича 15 суткалик қамоқ, кейинги орадан ўтган шунча пайтда нега тегишли органларга мурожаат қилиб туҳмат қилганингизни айтмагансиз”, - деб савол берди.
Маҳамаджон Қурбоновга нисбатан кўрсатма берган фуқаро буни тушуниб етмагани ва айнан у туҳмат қилаётганини таъкидлади.
Қизиқарли томони эса Маҳамаджон Қурбоновга кўрсатма берган фуқаро 15 суткалик қамоқ даврида баъзида хусусий машинада, баъзида ИИБга тегишли махсус автомашинада уни у танимайдиган кишилар “Панельнидан” Тошкент шаҳар ИИББ га олиб келишганини таъкидлади.
Аббос Ходжаевнинг адвокати “жабрланувчига” ўзи сиз нима учун 15 сутка қамалганингизни биласизми деган савол билан мурожаат қилганда, у билмадим “ГАИ”га бўйсунмаган эканман деди ва уни айнан Юнусобод туманидан олиб кетишгани ҳамда судга олиб келишганини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, уни ИИБ ходимлари олиб кетишган куни у ҳеч қандай қоида бузмагани ҳамда ЙҲХ ходимларини кўрмагани, қачон кимга буйсунмай қоида бузганини эслай олмаслигини ҳам таъкидлади.
Шу ўринда қолган адвокатлар ҳам тегишли саволлар билан жабрланувчи ва айбланувчига саволлар билан мурожаат қилишди.
Судда Аббосхон Ходжаевга ҳам сўз берилди. У эса ҳозирги вақтда эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олингани ва шу муддатни ўтаётган ҳозирги даврда “камера”да у билан бирга ўтирган  икки маҳбус ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси (қотиллик) билан айбланганлиги ҳақида нимагадир “шаъма” қилиб ўтди.
Шунингдек, Аббосхон Ходжаев кимгадир унинг муаммоси юзасидан ёрдам берганини инкор қилмади ва аксинча у ҳеч қандай моддий манфаатларсиз, бирор манфаатни кўзламагани ва инсонларга холис ёрдам бериш учун умрининг қолган вақтида ҳам ҳаракатга қилишга тайёр эканлигини билдирди.
У одил суд ҳайъатидан ушбу жиноий иш юзасидан адолатли қарор чиқарилишига умид билдириши ҳамда барча ҳолатларга ойдинлик киритиши тарафдори эканлигини таъкидлади.
Олмазор туман Жиноий ишлар бўйича суди судьяси Мирзиёд Обидов шу билан 27 март кунги суд мажлисини тугаганлигини билдирди ҳамда кейинги суд тергов ҳаракати 5 апрель кунига белгиланганини эълон қилди.
“UzNews.uz” ушбу иш доирасида ўрганишларни давом эттиради.
17216views0replies
0

Изоҳлар