Излаш
RUUZ

Жамият

Қизалоғини калтаклаган фуқаро озодликдан маҳрум этилди

Чилонзор тумани прокурори Мубинабону ва унинг вояга етмаган акасининг манфаатини кўзлаб судга даъво аризаси киритган эди ҳамда бунинг ортидан уларнинг отаси оталик ҳуқуқидан маҳрум этилганди. 

3916views0replies
0

Тўрт ёшли қизалоқни шафқатсизларга ураётган, таҳқирлаётган ота...
Бу сўзларни ўқишингиз билан шу воқеа акс этган видотасвир кўз олдингизга келди, тўғрими? Албатта, нафақат ижтимоий тармоқларни ларзага солган, балки минг-минглаб қалбларни ўртаган бу воқеани унутиб бўлармиди?
Фарзандини калтаклаётиб, буни видеога олган ота ўз қизчасига қарата шундай гапларни айтган:
“Икки йилдан бери сенларни ким боқяпти? Менга керакмисан сен? Керакмассан. Онангга керакмисан? Онанг қаерда? Икки йилдан бери келдими, сендан хабар олдими?..”
Жажжи Мубинабонунинг нажот излаб ялиниб-ёлвориши, шашқатор кўз кўзёшлари жавобсиз қолмадими? Албатта, йўқ.
Мазкур воқеадан кейин Чилонзор тумани прокурори Мубинабону ва унинг вояга етмаган акасининг манфаатини кўзлаб судга даъво аризаси киритди. Болага шафқатсиз муносабати боис Х.А Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа тумани суди томонидан оталик ҳуқуқидан маҳрум этилди.
Шу билан бирга, Х.А нинг ўз қизини қийнаб, таҳқирлагани ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, у эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган эди.
Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани судида мазкур жиноят ишига оид очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.
Судланувчи сўнгги сўзида қилмишидан қаттиқ пушаймон эканини, аслида фарзандларини яхши кўриши, ўша видеони икки йил давомида хорижда ишлаётган турмуш ўртоғини қайтариш мақсадида тасвирга туширганини айтди. Шундай қилсам, зора аёлим болаларига раҳми келиб қайтар, деган ниятда эдим, деди у.
Суд мажлисида иштирок этган судланувчининг қариндошлари сўзларига кўра, қизчанинг онаси у ҳали икки ёшга тўлмасдан уни отасига ташлаб, ўзи Туркия давлатига ишлашга кетган. Ота қизчаси ва ундан каттароқ бўлган ўғлига ўзи қараб келган. Аёлининг хорижда ёмон ишлар билан шуғулланганини билгач эркакнинг сабр косаси тўлган.
Лекин бу гапларнинг ҳеч бири болани уриш, қийнаш учун асос бўлолмайди. Миллий қонунчилигимизда болалар ҳуқуқлари кафолатлари ҳимояланган бўлиб, уларга нисбатан ғайриқонуний ҳаркатлар содир этиш, ожизлигидан фойдаланиб таҳқирлаш, улар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмайди. Бундай қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик чоралари кўзда тутилган.
ЎзАнинг хабарига кўра, айбланувчи Жиноят кодексининг 110-моддасида назарда тутилган яъни “Қийнаш” билан боғлиқ жиноятни вояга етмаган шахсга нисбатан содир этган, - дейди Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди судьяси Дилмурод Валиев. – Жазо тайинлашда барча ҳолатлар инобатга олинди. Судланувчининг аввал ножўя қилмишлар содир этмагани, яъни судланмагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлгани, аслида болалари тақдирига бефарқ эмаслиги кабилар жазони енгиллаштирувчи ҳолат, деб баҳоланди. Х.А олти ойга озодликдан маҳрум қилинди.
Хулоса ўрнида айтиб ўтиш керакки, онанинг оилани тарк этиб кетиши, рўзғор, болалар ташвишидан безган отанинг сабр косаси синиқлари қизалоқнинг бошига ёғилган, аслида. Эр ва хотиннинг бир-бирини тушунмаслиги, ўзаро меҳр-оқибат йўқлиги ана шундай парокандаликка сабаб бўлаётгани сир эмас. Суд материалларидан маълум бўлишича, юқоридаги ҳолатда ҳам эр ва хотин ўртасида доимий келишмовчиликлар бўлиб турган. Ачинарлиси, бундан болалар азият чекаётганидир.
3916views0replies
0

Изоҳлар