Излаш
RUUZ

Жамият

Бухородаги музей директори “айбловларни” рад этди

Аввалроқ, биз БУХОРОДАГИ МУЗЕЙ-ҚЎРИҚХОНАНИНГ РАҲБАРИ “ЎЗИГА ХОН, ЎЗИГА БЕКМИ”?  сарлавҳаси остида мақола эълон қилган эдик.

9599views0replies
0

bukhara-museum.uz

Ушбу мақоладан Бухоро давлат бадиий – меъморчилик музей-қўриқхонаси собиқ ходимаси Ҳамроева Юлдуз Ибодуллаевна “UzNews.uz”га мурожаат қилиб, музейда айни вақтда ходимларга нисбатан музей раҳбарияти қўпол муносабатда бўлаётгани ва ходимларнинг ишдан бўшашлари учун мажбур қилинаётгани ҳақида сўзлаб бергани ўрин олган эди.
Ушбу мақола юзасидан Бухоро давлат музей- қўриқхонасининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Ж.Халилов ҳамда директор А.Зикриллаев “UzNews.uz”га мурожаат қилиб иккинчи томонни эшитимиз кераклиги ва аслида ҳолат бошқачароқ эканлигини сўзлаб беришди.
Журналистик этикадан келиб чиққан ҳолда биз “суриштирув”ни холисона олиб боришни ўз олдимизга мақсад қилганмиз ва шу сабабли музей-қўриқхона раҳбариятининг бу борада фикрларини ўқувчиларга тақдим этишга қарор қилдик.
Бухоро давлат музей- қўриқхонасининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Ж.Халилов томонидан йўлланган мактубда Юлдуз Ҳамроева ва унинг ўғлининг исм-шарифи бирорта археологик ҳисоботлар ва тўпламларда учрамаслиги айтилган.
Шунингдек, мактубда Юлдуз Ҳамроева ҳақида тўпланган “махфий маълумотлар” келтириб ўтилган. (Таҳририят ушбу маълумотлар тасдиқланмагани ҳамда асослантирилмаганини ҳисобга олиб дастлабки мактубни тўлиқ шаклда бермасликка қарор қилди).
Шунингдек, биз Юлдуз Ҳамроева мурожаатида Музей-қўриқхона директори ёки бошқа ходимларнинг шахсий ҳаётига дахлдор маълумотларни тақдим этмаганини инобатга олиб, унинг ва яқинларининг шахсий ҳаётига оид маълумотларни ҳам эълон қилмасликка қарор қилдик.
Бу масала бўйича бизга мурожаат қилган директор А.Зикриллаевга эса қуйидаги саволларга жавоб берилса мақсадга мувофиқ бўлишини айтдик ва саволларни юбордик.
Саволлар!
1. Юлдуз Ҳамроева айтганидек, Музей раҳбарияти ходимларга қўпол муносабатда бўлганми, ходимларни ишдан бўшашларига мажбур қилганми?
2. Музейнинг, 20 йилдан ортиқ вақт фаолият юритиб келган, икки йирик бўлим, яъни “Тангашунослик” ва “Археология” бўлимларининг тугатилиши сабаблари нималардан иборат ва нимага асосан тугатилган?
3. Юртимизда деярли ҳар йили топилаётган қадимий тангалар ва сопол буюмларни ҳозирда қайси бўлим ўрганмоқда?
4. Шунингдек, бизда бор бўлган, А.Зикриллаевнинг қўл остидаги ходимларга қилган қўпол муносабатини исботловчи аудиоёзув ҳақида музей-қўриқхона директори нима дейди?
5. Шунингдек, хорижда айнан соҳа бўйича таълим олган ва олти тилда бемалол музейдаги экспонатлар ҳақида равон тушунтириб бера оладиган ходимнинг ишдан бўшашга мажбур қилингани, муҳитни батамом ёмон аҳволга келганлиги ростми? Германияда таҳсил олган ходим нега ишдан бўшаган ёки бўшатилган?
6. Суҳбат чоғида Юлдуз Ҳамроева “Музей-қўриқхона директори Абдурашид Зикриллаев Президент виртуал қабулхонасига раҳбарнинг ҳаракатларидан норози бўлиб ариза ёзган ходимларни таъқиб остига олмоқда ва уларни ишдан бўшатиб юбориш билан қўрқитмоқда дейилган, шу ростми?
Юқорида ўқиганингиздек, барча саволлар Юлдуз Ҳамроеванинг мурожаати асносида тузиб чиқилган бўлиб, бунга директор А.Зикриллаев қўйидагича жавоб йўллади.
- “Мен аудиозаписни эшитдим. Эътибор берган бўлсангиз Кенжаев иш вақтида жойида бўлмаган. 3 соатдан кейин келгач эса сабабини сўрадим. У биринчи ёлғон гапириб, алдагани учун овозимни баланд қилишга мажбур қилди. Энди билсам аудио запис қилган экан. Иш хонамдаги коғозларни ерга олиб ташлаб, мени қасддан асабийлаштириб сўкишгача олиб борди. Бу воқеага тайёргарлик кўриб келган. Чунки, унинг кўл телефонига кўп марта телефон қилинган эди. Чиқиб кетганидан сўнг онаси Ю. Ҳамроева иш телефонимга телефон қилиб, бўлган воқеани сўради ва менга ўғли ёшлик қилганини айтганди. Мен Кенжаевни ишдан бўшатганим йўқ, аксинча музей филиалига катта илмий ходим вазифасига ўтказдим, ҳозир шу лавозимда ишлаяпти”- деди, А. Зикриллаев.
Шунингдек, Музей-қўриқхона директори А. Зикриллаев “Археология ва тангашунослик бўлимлари менинг ташаббусим билан эмас, вазирликнинг буйруғи билан “Тарих” бўлимига бирлаштирилган. 6 та тилни биладиган ходим йўқ, илмий даражаси борлиги тўғрисида эса музейда ҳужжат йўқ. Порталга мурожаат қилганларга ҳеч қандай таҳдид бўлган йўқ, аксинча улар ишлаб юришибди, чора кўрмаганимдан улар ҳайрон бўлиб юрибди. Менинг уларга ўхшаб беҳуда ишларга вақтим йўқ. Улар буни яхши билади”, деб жавоб йўллади.
Шунингдек, Музей-қўриқхона тамғаси туширилган ҳамда А. Зикриллаевнинг имзоси қўйилган жавоб хатини ҳам эътиборингизга тақдим қиламиз.
Хулосани эса ўзингиз чиқаришингиз мумкин. Биз бу борада, ўзининг қўйи тизимидаги ҳолатга беэътибор бўлаётган Маданият вазирлиги мутасаддиларини эътиборлироқ бўлишга чақирамиз.
Ҳозирча эса оммага тақдим қилинган, “Музей-қўрқихонадаги ҳолат бўйича” Вазирлик “сукут” сақлашдан нарига ўтаётгани йўқ.
9599views0replies
0

Изоҳлар