Излаш
RUUZ

Жамият

Бухородаги музей-қўриқхонанинг раҳбари “ўзига хон, ўзига бекми”? (Видео)

Музей, раҳбарнинг шахсий томорқаси эмас. Хоҳлаган ходимни ишлатиб, хоҳлаганини ҳақорат қилишга эса унинг умуман ҳаққи йўқ. Лекин, афсуски...

14495views0replies
0

UzNews.uz

Бухоро давлат бадиий – меъморчилик музей-қўриқхонаси собиқ ходимаси Ҳамроева Юлдуз Ибодуллаевна “UzNews.uz”га мурожаат қилиб, музейда айни вақтда ходимларга нисбатан музей раҳбарияти қўпол муносабатда бўлаётгани ва ходимларнинг ишдан бўшашлари учун мажбур қилинаётганини сўзлаб берди.
Жумладан, у музейнинг, 20 йилдан ортиқ вақт фаолият юритиб келган, икки йирик бўлим, яъни “Тангашунослик” ва “Археология” бўлимларининг тугатилиши ҳақида айтиб ўтди.
Юртимизда деярли ҳар йили топилаётган қадимий тангалар ва сопол буюмларни ҳозирда қайси бўлим ўрганаётгани ва жуда керакли бўлган бўлимларнинг тугатилиш сабабларини ўрганишга қилган барча ҳаракатлари самара бермади.
Ҳолатга ойдинлик киритиш учун Музей-қўриқхона раҳбари Абдурашид Зикриллаев билан боғланганимизда, у бўлимларнинг тугатилишига Маданият вазирлиги жавобгар, уларнинг буйруқлари билан тугатилган, Молия бошқармаси билан боғланинг деди.
Шунингдек, бизда бор бўлган, А. Зикриллаевнинг қўл остидаги ходимларга қилган қўпол муносабатини исботловчи аудиоёзув ҳақида сўраганимизда эса бу менга қаратилган туҳмат деди ва оғзаки ҳамда ёзма мурожаатларга жавоб бера олмаслиги, у кишининг олдига бориб суҳбатлашимиз кераклигини таъкидлади ҳамда суҳбатни якунлади.
Бухоро вилояти Маданият бошқармасига қилган мурожаатимизга эса жавоб берган ходима, айтган маълумотларимиздан мутлоқо бехабарлигини ва ҳаттоки Музей-қўриқхона "Фақат Тошкентга бўйсунишини” сўзлаб берди.
Маданият бошқармасининг айнан музейлар бўйича мутахассис ходимаси малакали ва истеъдодли ходимларнинг ишдан бўшатилганидан ҳам мутлоқо бехабар экан.
Хуллас, Бухородаги Маданият бошқармада “сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида иш бўлаётгандай кўринди, назаримда.
Фуқаронинг Маданият вазирлигига қилинган мурожаатлари ҳам самара бермаган. Чунки, Вазир ҳар ҳафтанинг жума куни қабул қилади, хуллас гоҳ Вазирнинг вақти бўлмаган ёки гоҳ мурожаатлар билан шуғулланувчи ходимлар бу ҳақда аниқ ва пухта иш бажаришмаган.
Шунингдек, хорижда айнан соҳа бўйича таълим олган ва олти тилда бемалол музейдаги экспонатлар ҳақида равон тушунтириб бера оладиган ходимнинг ишдан бўшашга мажбур қилингани, муҳитни батамом ёмон аҳволга келганлиги эса кишини таажубга солди.
Суҳбат чоғида Юлдуз Ҳамроева “Музей-қўриқхона директори Абдурашид Зикриллаев Президент виртуал қабулхонасига раҳбарнинг ҳаракатларидан норози бўлиб ариза ёзган ходимларни таъқиб остига олмоқда ва уларни ишдан бўшатиб юбориш билан қўрқитмоқда, афсуски мутасадди ташкилотлар томонидан шу пайтга қадар бундан салбий ҳолатга чора кўрилмаяпти” – деди.
Юлдуз Ҳамроева бизга айнан А. Зикриллаевнинг ўз ходимларига ўта қўпол муносабатда бўлгани, уларни турли сўзлар билан таҳқирлаб, ҳақорат қилгани муҳрланган аудио файлни ҳам тақдим этди.
“UzNews.uz” бу борада Маданият вазирлиги муносабатини ўрганади ва ҳолат бўйича журналистик суриштирувни давом эттиради.
14495views0replies
0

Изоҳлар